Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллиардларни лол қилган китоблар

Миллиардларни лол қилган китоблар

Китобдан яхшироқ дўст йўқ.

Фото: «telegraf.com.ua»

Китоб нурдир. У зимистон қалбларни ёруғ қилади. Китоб илмлар хазинасидир. У билимимизни юксалтиради. Ақлимизни чархлайди. Китоб маънавий эҳтиёжларимизни қондиради. Китобдан яхшироқ дўст йўқ. Бугун дунё бўйича нафақат энг кўп мутолаа қилинган, балки ўз ўқувчиларининг маънавий оламини бойитган, қалбига зиё олиб кирган энг сара бадиий асарларга тўхталамиз.

  1. Фёдор Достоевский – «Жиноят ва жазо» 

Рус ёзувчисининг ушбу романи 1886 йилда Россияда чоп этилгач, унинг номи тез орада бутун Европага танилди. Кўҳна қитъада «Жиноят ва жазо»ни мутолаа қилишни истаганлар шу қадар кўпайиб кетдики, баъзилар асарнинг таржима қилинишини ҳам кутмай, рус тилини ўрганишга бел боғлашди. Бугунга келиб «Жиноят ва жазо» 100 дан ортиқ тилга таржима қилинган ва қайта-қайта нашр этилган. Ҳисоб-китобларга кўра, Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»сини 3 миллиарддан кўпроқ одам севиб мутолаа қилган. Қизиғи, кўпгина қамоқхоналарда маҳбуслар ёнида «Жиноят ва жазо»ни олиб юриши аниқланган.

  1. Уилям Шекспир – «Ҳамлет»

1599—1601 йилларда ёзилган ушбу трагедия Шекспирнинг шоҳ асарларидан бири саналади. Тўғри, унинг қўлёзмаси ўқувчилар томонидан аввалига у қадар кўп ўқилмагандир, бироқ унинг театрда саҳналаштирилиши «Ҳамлет» мутолаасини янада кучайтирди. «Ҳамлет» ҳам худди «Жиноят ва жазо» сингари кўп тилларга таржима қилинган. Аммо у дунёнинг барча давлатлари театрларида саҳналаштирилганига шубҳа йўқ. Шу боис ҳам «Ҳамлет» ўқувчилар энг севиб ўқийдиган асарлар рўйхатида доимо олдинги ўринларда туради.

  1. Александр Дюма – «Граф Монте Кристо»

Дюма 1827 йилда танишган дўсти Жозеф Мери билан учрашиш учун Марселга келган эди. Дюма дўсти Мери туфайли Марсел билан қаттиқ боғланиб қолади. 1834 йилда у Франция жанубига саёҳат қилади. Марсел эса бу сафарнинг сўнгги нуқтаси эди. У сафарининг ниҳоясида Иф қалъасини кўриш учун кемада саёҳат қилади. Ўшанда 1834 йилнинг 10 декабр санаси эди.

Эҳтимол, бу йирик асар ғояси ҳам ана шу паллада дунёга келгандир? Аммо шуниси аниқки, у Дантес ҳақидаги йирик асарни ёзишга бел боғлаганида воқеа жойи сифатида ўзи яхши билган ва кўрган мана шу портни танлайди. Адибнинг тасаввур доираси шу қадар кенг эдики, унинг асаридаги воқеалар ҳаётдагидан кўра ҳаётийроқ, ҳақиқатнинг ўзидан кўра ҳаққонийроқ чиққан. Иф қалъасининг бунчалик шуҳрат қозонишида Дюманинг асари катта ўрин тутган десак, янглишмаган бўламиз.

  1. Эрнест Хемингуэй – «Чол ва денгиз»

Хемингуэй асарлари ўзининг жозибаси билан ҳар бир ўқувчининг қалбига кириб боради. У том маънода китобхонни асир этади. Ёзувчига Нобел мукофотини олиб берган ушбу асар миллионлаб хонадонларнинг китоб жавонида сақланади. Ҳар бир китобхон ҳар гал қўлига ушбу асарни олиши билан унинг ичига қандай кириб кетганини билмай қолади. Ҳа, Эрнест Хемингуэйнинг маҳорати ҳам шунда. Ҳатто футболчиларни ҳам илҳомлантирган. «Манчестер Юнайтед» клуби ҳамда Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Эрик Кантонадан «Гол уриш учун нимадан илҳомланасиз?» деб сўрашганида «Хемингуэйнинг асарларидан» деб жавоб берган. 

  1. Жек Лондон – «Оқ тиш» 

Жек Лондон доимгидай ўз қаҳрамонларини курашга, ҳаётга, яшашга интилтирганидай «Оқ тиш»да ҳам бу анъанасига содиқ қолган. «Тун билан бирга қўшилиб, атрофга даҳшат берувчи ҳодисалар ҳам бошланди. Уйқусизликдан Генрининг оёқда туришига ҳам мажоли қолмаганди. Ҳарчанд уринмасин уйқу уни маҳв эта бошлаганди... Уйқудан турганида ўзидан ярим қадам нарида даҳшатли қуртни кўрди...». Бу асар ўз вақтида бутун Америкада қўлма-қўл бўлиб кетган. «Оқ тиш» 100 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Унинг ўқувчилари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

  1. Лев Толстой – «Анна Каренина»

Рўйхатдан яна бир буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг романи ўрин олган. Ушбу роман ҳам чоп этилган заҳоти нафақат ёзувчига шараф олиб келди, балки ўқувчилари сонини ҳам кундан-кунга орттириб юборди. Ўша пайтларда Европадаги киборларнинг обрўси хонадонида «Анна Каренина» борлиги билан ўлчанадиган бўлиб қолганди. Бугун ҳам Толстойнинг ушбу шоҳ асари қадри тобора юксалиб бормоқда. Европада ҳам, Америкада ҳам, Осиёда ҳам. Ёзувчи соф муҳаббатнинг қадри ҳамма нарсадан устунлигини зўр маҳорат билан қаламга олган. «Анна Каренина»ни ўқимаган, ундан баҳра олмаган китобхон бўлмаса керак, дейишади руслар. Шу боис ҳам ушбу асар жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Маълумотларга кўра, «Анна Каренина»ни ўқиганлар сони бир миллиарддан ошади.

  1. Волфганг Гёте «Ёш Вертернинг изтироблари»

Гёте ҳали 25 ёшга тўлмай туриб ёзган бу асари ҳақиқий классикага айланишини кутмаган бўлса керак. Ушбу асар чоп этилгач, танқидчилар Гётега шундай таъриф беришган: «Адабиётга романтик қаҳрамонни армуғон этган адиб». «Ёш Вертернинг изтироблари» ҳам китоб ҳолида ўқувчилар қўлига тушиши билан энг севимли асарлар қаторида тилга олина бошлаган. Бугунгача ушбу асарни ўқиганлар сони бир миллиардга етган.

  1. Рашод Нури Гунтекин – «Чолиқуши»

«Чолиқуши» илк бор 1922 йилда Туркиянинг «Vakit» газетасида парчалар ҳолида чоп этилган. Асар ўқувчиларни шу қадар ўзига боғлаб олгандики, газетанинг кейинги сони чиқишини интиқлик билан кутадиган бўлиб қолишганди. Шундан кейин ўша йилнинг ўзида китоб ҳолида босмадан чиқди. 1939 йилга қадар «Чолиқуши» беш бор нашр этилди. Шунда ҳам «Чолиқуши» танқислиги кузатилгач, Рашод Нури Гунтекин асарни ўз ҳисобидан яна нашр эттиради. Асар инглиз, немис, француз, рус, ўзбек, озарбойжон тилларига таржима қилинган. Унинг ўқувчилари сони ҳам бир миллиардга етади.

Дилмурод Парпиев тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг