Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қирол шер»нинг қайтиши ёки бир плагиат тарихидан

«Қирол шер»нинг қайтиши ёки бир плагиат тарихидан

Симба (кино) ва Симба (мультфильм).

«Дисней» студияси «Қирол шер»нинг кино талқинини суратга олишини эълон қилгач, ремейкларни хушламайдиганлар қай аҳволга тушганини тасаввур қилиш қийинмас. Аммо 1994 йилги афсонавий «Қирол шер» мультфильмининг ўзи ҳам плагиат эканини ҳаммаям билавермаса керак.

Расман «Қирол шер»да муаллифлик ҳуқуқлари қонуний ва ҳаммаси рисоладагидек. Мультфильмда бўлғуси қирол — шервачча Симба ўз уруғи шаънини тиклаб, бой берилган ҳокимиятни қайтариб олгани ҳақида ҳикоя қилинади. Воқеалар жараёни шундайки, гўё Шекспир драмаларига тушиб қолгандек бўласиз — «Қирол шер» муаллифлари ҳам «Ҳамлет»дан илҳомланишганини очиқ айтишганди.

Мультфильм шунчалик зўр чиқдики (прокатдан 968 миллион доллар ишлаш — 1994 йил учун фавқулодда ҳодиса), ҳатто уни «кўриши керак бўлмаган» одамлар ҳам кўришди. Булар «Жунглилар императори» (инглизчага ўгирилганда «Оқ шер Кимба»!) япон анимесининг фанатлари эди.

«Оқ шер Кимба» (1965) ва «Қирол шер» (1994).

Ўхшашлик фақат Кимба ва Симбада бўлса қўл силтаб кетилаверарди. Аммо фанатлар сюжетдаги жуда кўп ўхшашликларни топишди, ҳатто айрим саҳна деталларини «Дисней» шундоққина японлардан кўчириб олган. Улғайган Симбага овоз берган актёр Мэтью Бродерик ўзини «Кимба»нинг американча ремейкида қатнашишга ёллашган деб ўйлаган экан. Чунки у ҳам бунгача япон анимеси билан яхши таниш эди.

Кўчирмакашлик юзага қалқигач барча режиссёрлар ва сценарийнавислар бир овоздан: «Биз ҳеч қачон япон мультфильмини кўрмаганмиз, уни биринчи эшитишимиз», — деб оёқ тираб олишди.

Интернетни қидирсангиз «Қирол шер» ва «Оқ шер Кимба»нинг нечоғлиқ ўхшашлиги ҳақидаги саноқсиз роликларни топасиз.

Ҳозир эса 2019 йилда чиқажак «Қирол шер» киноси ҳамманинг оғзида: «Чорак аср олдинги мультфильмдан ўзишармикин ё бузишармикин булар».

Хуллас, кутамиз Қирол шерни!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг