Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш бўйича халқаро конференция ташкил этилди

Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш бўйича халқаро конференция ташкил этилди

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан миллий кино санъати ҳафталиги доирасида «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш бўйича халқаро конференция ташкил этилди. Унда бир қатор хорижлик экспертлар, халқаро фестиваллар ташкилотчилари, киномутахассислар иштирок этишди. Мутахассисларнинг аксарияти бундай фестиваль ўтказилишини қўллаб-қувватлаб, барча масалаларда ёрдамга тайёрликларини маълум қилишди. Хусусан, кинопродюсерлар федерациялари халқаро ассоциацияси директори (FIAPF) Бенон Гинисти фестиваль номини омадли танланганини билдирди:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқаро Тошкент кинофестивалини тиклаш бўйича ташаббуси ажойиб иш бўлибди. Камдан-кам мамлакатларда давлат раҳбарлари кино санъатига бундай эътибор қаратиб, фестиваллар ташкил этилишини қўллаб-қувватлашади. Айниқса, фестивалнинг номи унга ўзига хослик бағишлаши мумкин. «Ипак йўли дурдонаси» номини олган фестиваль албатта Шарқнинг энг чеккасидан тортиб, Европагача бўлган мамлакатларни ўз ичида қамраб олади. Ўрта Осиё минтақасига ва албатта, ёшларга асосий эътибор қаратилиши лозим, деб ўйлайман. Чунки бу минтақа киномаҳсулотлари Европанинг эътиборидан четта қолаётган эди. Фестиваль қайсидир маънода биз билмаган фильмларни бизга таништириши билан ҳам қадрли бўла олади.

Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу фестиваль авлодлар ўртасида 30 йиллар муқаддам бузилган кўприкни тиклайди. Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан, Тошкент фестивалининг тикланиши бу – жасорат, – дея фикрини якунлади Гинисти.

ФИПРЕССИ Халқаро кинотанқидчилар федерацияси бош котиби Клаус Эдер эса 1970-80 йиллар ўтказилган «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари» Тошкент Халқаро фестивалида шахсан иштирок этганини эслади:

– Ўша даврда бу фестиваль орқали яхши фильмлар тақдирланган. Агар у яна қайтадан ўтказила бошласа, Дунё фестиваллари орасида нуфузли ўринга эга бўлиши мумкин. Шу ўринда мазкур фестиваль давомида дунё севиб томоша қилган ўзбек фильмлари мумтоз намуналарининг ретроспектив намойишларини ўтказишни таклиф қиламан. Шунингдек, ёш режиссёрлар учун дастурда алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Сўнгра, сўзга чиққан Япониянинг Ўзбекистон элчиси ўринбосари Суда Ацуши «Ипак йўли дурдонаси» фестивалида Японияни эсдан чиқармаслик зарурлигини билдирди:

– Ипак йўлининг шарқий чекка нуқтаси Япония. Ўз ўрнида Япония ҳам энг шарқий мамлакат сифатида бу фестивалда иштирок этади. Ўзбекистон Президенти мазкур фестивални ўтказиш борасидаги фикрлари мени қувонтирди. Ўйлайманки, бу ташаббус кино санъати ривожи учун пойдевор бўла олади. Шунингдек, биз бу лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – дея билдирган фикри қарсаклар билан кутиб олинди.

Шунингдек, эронлик кинотанқидчи ва режиссёр Али Ризо Шохрухи янги фестиваль халқаро майдонда ном қозониш учун қулай имкониятга эга эканлигига эътибор қаратди:

«Мазкур фестиваль кино соҳасидаги янгича силжиш ва ўсиш бўла олади. Шунингдек, фестивални профессионал ташкил қилиш лозим. Биз халқаро экспертлар ташкилотчиларни албатта қўллаб-қувватлаймиз. Ҳозирда жаҳон фестиваллари консервация бўлмоқда, кўп мамлакатларда уларни молиялаштириш тўхтаган, аммо Тошкент халқаро кинофестивали бу бўшлиқни тўлдиради».

Қирғизистонлик кинотанқидчи ва МДҲ мамлакатлари ёшлар киноси «Умут» форуми дастурий директори Гулбар Толомушова «Ипак йўли дурдонаси» фестивали Ўрта Осиё минтақаси фильмларини дунёга танитишга ёрдам беришига умид билдирди:

Марказий Осиёдаги айрим фестиваллар ташкилотчиси сифатида бу хабардан фақат хурсанд бўлдим. Фестиваллар қанча кўпайса, шунча яхши. Биз бунга рақобат, дея эмас, Ўрта Осиё фильмларини дунёга танитиш имконияти, дея қараймиз ва қўлимиздан келган барча ёрдам ва ҳамкорликка тайёрмиз, – дея сўзини якунлади.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўлими бошлиғи Альпарслан Акынжи ўзбекистонлик киноижодкорларни Туркия киноиндустрияси вакиллари билан тажриба алмашиш, ўзаро алоқаларни ўрнатиш мақсадида ўзбек ва турк кинематографлари форумига таклиф қилди.

Айрим экспертлар бутун дунёда пандемия бўлаётган таҳликали даврда, Тошкентга оммани йиғиш хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлашди. Бироқ сўнгги йиллар Тошкентда аҳвол анча яхшилангани, кинофестивални юқори савияда ўтказиш мумкинлигини сўзлашди. Хорижий ва маҳаллий киноэкспертлар фестивални ўтказиш жараёни, кутилаётган мақсадли режалар, янги лойиҳалар бўйича муҳокамалар ўртага ташланди. Фестивални ўтказиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар тингланди.

Шунингдек, Чингиз Айтматовнинг Германия фонди асосчиси, киношунос Светлана Слапке, эстониялик кинопродюсер Артур Вебер, UNIFRANCEнинг Осиё, Шарқий Европа мамлакатлари кинематографияси департаменти раҳбари, кино танқидчи Жоэль Шапрон, Бристоль университети профессори германиялик Биргит Боймерслар сўзга чиқишди. Ўзбекистон томондан эса “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова, Республика кинофонди раҳбари Элжон Аббасов, кинопродюсер, драматург Анвар Иргашев, режиссёр Қамара Камалова каби киноижодкор ва мутахассислар нутқ идрок этишди.

Хусусан Фирдавс Абдухолиқов тадбирдан сўнг қуйидаги фикрларни билдирди:

– Аввало анжуман иштирокчиларини янги халқаро фестивални қўллаб-қувватлашаётгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Конференция юқори даражада ўтди. Айтиш жоизки, ушбу фестивалнинг ташкил қилиниши Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Тошкент халқаро кинофестивалининг дунё кинофестиваллари қаторидан жой олиши ўзбек киноижодкорлари учун ҳам қувончли хабар албатта. Эндидан уларнинг ҳам меҳнатлари дунё халқлари эътиборида бўлади, улар томонидан эътироф қилинади. Янги фестиваль бўйича халқаро киножамоатчилиги фикри ва тавсиялари бизга қизиқ. Фестивалнинг номи ҳам экспертларга ёқиб тушиб, омадли танланганини қайд этишди. Чунки бу ном фестивалнинг форматини ҳам аниқ белгилаб бермоқда. Яна баъзи экспертларимиз ташкиллаштирилаётган янги фестиваль Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджига катта ижобий туртки бўлишига ишонишмоқда. Бошқа бир экспертларнинг фестивалда ёш ижодкорлар учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш каби фикрлари Президентимиз томонидан эълон қилинган 2021 йил номига ҳам мос. Фурсатдан фойдаланиб халқаро киножамоатчилиги, экспертлар билан ҳамкорликда ёш киноижодкорларни қўллаш мақсадида уларнинг таклиф ва фикрларидан келиб чиқиб, ёшлар учун омадли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Халқаро конференция давомида Халқаро экспертлар томонидан мазкур фестивални ўтказиш бўйича тажриба алмашиш, амалий жараёнларни юқори савияда ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. Энг асосийси, мазкур фестивални Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамидан сўнг, сентябрь ойи якунида ўтказиш таклифи берилди.

Унда фестивалнинг дастурини тузиш, ўтказиш саналари, ижодий кунларини белгилаш, шунингдек, бадиий жиҳатдан пухта ва қизиқарли фильмларни тақдирлаш, фестиваль доирасида анжуманлар ўтказиш каби қатор масалалар ўртага ташланди.

Фестиваль доирасида форумлар, маҳорат дарслари, брифинглар, премьера ва дебатлар ташкил этилиши, халқаро экспертлар ва ижодкорлар жалб қилиниши таклифлари берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг