XV Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
«Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон Президенти номига мурожаатнома қабул қилдилар.
Киноижодкорлар ўз мурожаатида Президент Шавкат Мирзиёевга меҳмондўстлик ва Фестивалда яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирдилар ва бундан кейин ҳам соҳа ривожи йўлида ғайрат билан хизмат қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Киноижодкорлар Тошкент кинофестивалининг географияси йил сайин кенгайиб бораётганини таъкидлаб ўтдилар:
– 1958 йилдан бошланган Тошкент халқаро кинофестивали Сизнинг ташаббусингиз билан 2021 йилда қайта тикланди. Биринчи кинофестивалда Осиё ва Африка давлатлари иштирок этишган, кейинчалик улар қаторига Лотин Америкаси киноижодкорлари ҳам қўшилган. Бугун эса янги форматда қайта тикланган кинофестивалга «Тинчлик, тараққиёт ва маърифат» шиори остида дунёнинг 51 давлатидан 300 дан ортиқ киноижодкорлар йиғилди.
Барча киноижодкорлар Тошкент кинофестивали доирасида ўтказилган ва ўнлаб хорижий киноижодкорлар иштирок этган ўзига хос кенг ҳамда пухта ўйланган таълим дастурини алоҳида таъкидлаб ўтди:
– XV Тошкент кинофестивалида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларининг ёш авлоди учун мўлжалланган таълим дастурлари ва ижодий учрашувларга алоҳида эътибор қаратилди. 51 мамлакатнинг таниқли киноижодкорлари 6 минг нафар кино санъати ихлосмандлари учун 50 дан ортиқ маҳорат дарсларини ўтказди.
Мурожаат муаллифлари Янги Ўзбекистонда индустриал инфратузилманинг жадал ва кучли ривожланаётгани ҳақида гапириб ўтишди:
– Алишер Навоий номидаги Киночилар уйи, Кино тарихи музейи, қайта тикланган «Ўзбекфилм» киноконцернининг юқори технологияли павильонларида бўлдик, техник жиҳозлар ва 3D-студиялар, Тошкент шаҳридаги DSP проекцияли замонавий кинотеатрлар ва бошқа кўплаб янгиликлар билан танишдик. Ихтисослашган таълим муассасаларининг очилишини миллий кино келажаги учун муҳим ҳисса сифатида қабул қилиш мумкин.
Мурожаатнома якунида XV Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Янги Ўзбекистон кино санъатини ривожлантиришда ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдириб ўтди:
— Биз кино ривожига профессионал ҳиссамиз билан ёрдам беришга тайёрмиз. Бу нафақат кино саноатини яна-да ривожлантиришга, балки янги авлод таълим ва тарбиясига ҳам хизмат қилади. XV Тошкент халқаро кинофестивалининг барча иштирокчилари номидан меҳмондўстлик ва яратилган шарт-шароитлар учун самимий миннатдорлик билдиришга, мустаҳкам соғлик ва Янги Ўзбекистон фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда улкан муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.
Мурожаат остида юзлаб машҳур кино намояндалари ўз имзоларини қолдиришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter