Хорижда Ўзбекистонга оид 9 мингдан ортиқ бойликлар мавжуд – Маданий мерос агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова томонидан ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикасининг моддий бойликларини ноқонуний олиб чиқиш, олиб кириш ва уларга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказишни олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Брифингда маълум қилинишича, ўтган давр мобайнида бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шу билан бирга, хорижда сақланаётган маданий бойликларни қайтариш соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Халқаро жиноий полиция ташкилоти (ИНТЕРПОЛ), Бутунжаҳон божхона ташкилоти (WCО), Халқаро музейлар кенгаши (ICOM) ва Хусусий ҳуқуқни унификация қилиш бўйича халқаро институт (UNIDROIT) имкониятларидан ва мавжуд халқаро механизмлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини яратиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Ҳозирги кунга қадар Маданий мерос агентлиги томонидан хорижда сақланаётган Ўзбекистонга оид 9 мингдан ортиқ маданий бойликлар аниқланган. Улардан 2341 таси археология ва этнографияга оид ашёлар, 3969 та қўлёзма, 969 та турли даврларга оид тангалар, 986 та текстил маҳсулотлари, 487 та мусиқий мерос ва 208 та миниатюра асарлари ҳисобланади.
2022 йилда хорижий давлатлардаги Ўзбекистонга тегишли бўлган маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини олиб келиш, уларнинг тўлиқ маълумотлар базаси – реестрини яратиш чораларини белгилаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилган. Мамлакатимиз ҳудудида яшаб ўтган буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий меросига оид 86 та қўлёзманинг электрон нусхаси хорижий давлатлардан олинди. Жорий йилда чет элларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид маданий бойликларни аниқлаш, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни акс эттирувчи жами 260 та маданий ашёга оид маълумотлар аниқланди ва уларнинг илмий тавсифи амалга оширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги билан ҳамкорликда республика ҳудудидан ҳар хил даврларда 457 та архив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бошқа давлатларга олиб чиқиб кетилгани аниқланган.
Маданий мерос агентлиги томонидан музей ва архивларда сақланаётган маданий бойликларни иденфикация қилиш, рақамлаштириш, электрон ҳисобини юритиш ва уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
2022 йил давомида 4050 дан ортиқ маданий бойликларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги ва божхона органлари ўртасида маданий бойликларни Ўзбекистонга олиб кириш ёки олиб чиқиш ҳуқуқини бирувчи сертификат тўғрисидаги маълумотларни реал вақт кесимида электрон алмашинув амалиётини йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Интерпол Миллий маркази бюроси ва божхона органлари ўртасида маданий бойликларни ўғирлаш ҳолатлари юзасидан электрон маълумот алмашинувини жорий этиш, шу билан бирга, божхона органлари томонидан маданий бойликларни халқаро қидируви бўйича Интерпол ахборот базаси «Works of art»дан фойдаланиш имкониятларини яратиш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter