Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2027 йилгача туғуруқ ўринлари сони 4 мингтадан кўпроққа оширилади

2027 йилгача туғуруқ ўринлари сони 4 мингтадан кўпроққа оширилади

2023–2027 йилларда туғуруқ ўринлари сони жами 4 321 тага оширилади. Бу борада Пезидентнинг ПҚ–296-сонли тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг 14 ҳудудий филиали ташкил этилади.

 Бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида «тиббиёт бригадалари»:

  • ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳомиладор аёлларни аниқлайди, уларни ҳисобга олиш ва даврий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этади;
  • ҳомиладор аёллар ҳолатини доимий мониторинг қилиб боради;
  • туғуруқдан кейинги даврда она ва боланинг даврий патронажини олиб боради.

Марказнинг ҳудудий филиаллари:

  • хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди;
  • ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди;
  • Республика перинатал маркази эса эрта туғуруқ хавфи бўлган ҳомиладорларга, шунингдек, муддати етмасдан (22-28 ҳафталик) туғилган чақалоқларга барча турдаги тиббий хизматлар кўрсатади.

 Марказ:

  • ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болалар скрининги бўйича ихтисослаштирилган ҳамда юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётларини жорий этади;
  • акушерлик-гинекология, тиббий-генетик маслаҳат, соғлом оилани режалаштириш, молекуляр-генетик текширув, пластик ва эстетик гинекология, ёрдамчи репродуктив технологиялар хизматларини ташкил этади.

2023 йил 1 октябрдан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида мутахассисларни жорий этилаётган янги тизим бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

2024 йил 1 октябрдан ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.

Қарор билан шунингдек, Оналар ва болалар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга кўра, ҳомиладор аёллар уй варақасини рақамлаштириш ва амалиётга жорий этиш назарда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг