Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугундан ерни кучли магнит бўронлари қоплайди: қандай ҳимояланамиз?

Бугундан ерни кучли магнит бўронлари қоплайди: қандай ҳимояланамиз?

Бир муддат аввал «xabar.uz» июль ойида бир нечта магнит бўронлари кузатилиши ҳақида ёзган эди. Унга кўра, бугундан бошлаб Ер сайёрасида ўн тўрт кунлик магнит бўронлари кузатилиши мумкин.

Магнит бўронлари кунларида одамлар ўзини лоҳас сезиши, уйқу бузилишини ва бош оғриғини ҳис қилишлари мумкин. Сурункали касалликларга чалинган одамларда ҳуруж кузатилиши мумкин. Магнит бўронлари кексалар, сурункали касалликларга чалинганлар ва кичик ёшли болаларга энг кўп таъсир қилади.

Хўш, магнит бўрони ўзи нима? Унинг салбий таъсиридан қандай ҳимояланиш лозим?

Ернинг магнит майдони таъсири одатда инсонларга сезилмайди. Бироқ баъзан ушбу майдонда айрим одамлар ҳис этиши мумкин бўлган тебранишлар кузатилади. Бунинг асосий сабабчиси қуёшдир.

Яъни одатда унинг фаоллиги кузатилганда сайёрамизни магнит бўронлари қоплайди. Бу эса сурункали хасталикларга чалинган инсонлар саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Айниқса, юрак-қон томир, асаб тизими касалликлари, қандли диабет ва бронхиал астма билан оғриётган беморлар бу ўзгаришларни кўпроқ ҳис этади.

Хусусан, артериал гипертония хасталиги бор одамларда қон босими кўтарилиб, аксинча гипотензив беморларнинг қон босими пасаяди. Қандли диабет билан оғриётган кишиларнинг қонида қанд миқдори ортади.

Қолаверса, тананинг стрессларга чидамлилиги пасаяди. Оқибатда асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор инсонларда гормонлар ишлаб чиқарилиши кучайиб, асабийлик, ҳолсизлик, реакция сусайиши ёки кучайиши белгилари юзага келади.

Шунингдек, магнит бўронлари пайти баъзи одамларда ёруғлик ва баланд товушларга оғриқли реакция, уйқусизлик ёки аксинча уйқучанлик пайдо бўлади. Шу сабабли магнит бўронининг салбий таъсирларидан инсонлар ўзларини ҳимоялаши лозим.

Бунинг учун, аввало, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш зарур. Яъни ҳазми оғир таомлардан тийилиш, енгил егуликлар, хусусан, қайнатилган овқатлар, хўл мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кунлик таомномада туз миқдорини камайтириш керак. Чунки у қон босимини оширади. Шу билан бирга, жисмоний меҳнатни чеклаш, ақлий зўриқишлардан тийилиш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, шу кунлари спиртли ва энергетик ичимликлардан мутлақо воз кечган маъқул. Тез-тез илиқ душ қабул қилиш ҳам магнит бўронининг салбий таъсирини енгишга ёрдам беради.

Сурункали касалликларга чалинганлар ўзлари билан керакли дори-дармонларни олиб юришлари, ҳар бир препаратни шифокор назоратида қабул қилишлари ва қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.

Саволларга олий тоифали шифокор Раъно Носирова
жавоб берди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг