Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Интернетда шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботи: муаммо ва ечим

 Интернетда шафқатсизлик ва зўравонлик тарғиботи: муаммо ва ечим

Бугун етти ёшдан етмиш ёшгача барчанинг қўлида телефон. У нафақат мулоқот воситаси, балки виртуал дунёга энг яқин йўлга айланди. Рақамли технологиялар ривожланиши инсониятнинг шахсий ҳудуди чегараларини бузиб юборди. Қайси маконда, қандай муҳитда бўлишидан қатъий назар, унинг руҳиятида кечаётган эврилишларни аниқлаш имконсиз бўлиб бормоқда.

Бугун болаларнинг тарбиясига, дунёқараши ва фикрлари шаклланишига реал муҳитдан кўра, виртуал муҳит кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Онлайн платформалар орқали ахборот алмашинуви, шу билан бирга, таълим, тадбиркорлик ва ижтимоий мулоқот самарали йўлга қўйилган. Аммо шундай имкониятлар фонида, интернет орқали шафқатсизлик, зўравонлик, ахлоқсизлик каби салбий иллатлар ҳам кенг тарқалмоқда. Бу ҳолат нафақат шахсий, балки умумжамият даражасида жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда, хусусан, YouTube, TikTok, Instagram ва Telegram каби платформаларда баъзи блогерлар ёки гуруҳлар томонидан зўравонлик, шафқатсиз муносабатлар, ҳатто жиноятларнинг тафсилотларини тарғиб қилиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Масалан, оиладаги зўравонлик, кўча жанжаллари, йўл-транспорт ҳодисалари ёки «батл»лар номидаги жасорат кўрсатишга қаратилган видеолар айрим ёшлар томонидан қизиқиш билан кузатилмоқда. Бундай контентлар ёшларнинг нафақат руҳий, балки ахлоқий қарашларига ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шунингдек, вояга етмаганлар, аёллар, ҳатто болаларга нисбатан зўравонликни акс эттирувчи фотосурат ва видеолар интернет тармоғида борган сари кўпайиб бормоқда. Ушбу тармоқларнинг алгоритмидан келиб чиқилса, билмасдан бир-икки марта босилган ёки кўрилган лавҳалар ортидан кейингилари келавериши ҳали онги тўлиқ шаклланиб улгурмаган болалар ва ўсминлар руҳиятига қандай таъсир қилаётганини тасаввур қилиш унчалик ҳам қийин эмас.

Айрим ҳолларда оммавий ахборот воситалари ҳам бу каби материаллар тафсилотлари ёритиш орқали уларнинг оммалашувига ҳисса қўшмоқда. Масалан, «Тошкентда эркак кишига 24 марта пичоқ уриб, ўлдирган» деган хабар кенг муҳокама қилинган ҳолда тарқатилди. Ёки юраги бўшлар кўрмасин – Тошкентда 24 ёшли йигит ўгай акаси ва келинойисини ўлдирди. Акасининг танасини бўлакларга бўлиб каналга ташлаб юборди каби тафсилотларнинг ёритилишини ҳам оқлаб бўлмайди. Шунингдек, «самосуд»лар, ўзаро турли жанжалли воқеаларни телефонига видеога олиб, турли гуруҳлар ва тармоқларда тарқаратётганлар ҳам ўзлари билиб-билмай шафқатсизликни тарғиб қилаёгани ачинарли.

Албатта ҳуқуқ-тартибот органлари ўзаро жанжал ва жиноий ҳаракатлар бўйича ҳолатни ўрганиб, тегишли ҳуқуқий баҳо бермоқда. Лекин уни тарқатаётганлар-чи? Кейинги вақтларда йўл-транспорт ҳодисалари ёки ёнғинлар чиққанда одамларнинг ёрдамга эмас, ушбу ҳолатни видеога олиб тарқатишга зўр бериши одатий ҳолга айланаётгани жамиятнинг орғиқли нуқталаридан бўлиб қолмоқда.

Интернетдаги зўравонлик ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, биринчи навбатда, ёшларнинг руҳий барқарорлигига хавф солади. Ёшлар, айниқса, ўсмирлар, ўзларига идеал образларни айнан ижтимоий тармоқлар орқали излашади. Агар уларга зўравон блогерлар ёки тартибсиз ҳаёт тарзидаги шахслар намуна сифатида тақдим этилса, бу уларнинг маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Бундай муаммоларга қарши курашишда қонун устуворлигини таъминлаш жуда муҳим. Ўзбекистонда интернетда ахлоқсизлик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган бўлса-да, амалиётда бу нормаларни татбиқ қилишда муайян муаммолар мавжуд. Шунинг учун ҳам мавжуд қонунчиликни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, жумладан, зўравон контентларни аниқлаш ва блоклаш механизмларини кучайтириш зарур.

Фарзандларимизнинг маънан комил, ахлоқан баркамол шахс бўлиб етишишида давлат органлари, таълим муассасалари, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорликда иш олиб боришлари зарур. Таълим тизимида ахборот маданияти, рақамли хавфсизлик ва ахлоқий тарбия бўйича дарслар жорий этилиши давр талаби бўлиб бормоқда. Шу билан бирга, интернет фаолиятини мониторинг қилувчи махсус идоралар самарали ишлаши, ёшлар учун соғлом контентлар яратилишига алоҳида эътибор қаратиш керак.

Интернет – бу чексиз имкониятлар манбаи, лекин ундан фойдаланиш маданияти ва масъулияти ҳам шунча муҳим. Шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материалларнинг тарқалиши нафақат ёшлар, балки бутун жамиятнинг маънавий ҳолатига жиддий хавф солмоқда. Ушбу муаммони ҳал қилишда қонунчиликни такомиллаштириш, давлат ва жамиятнинг ҳамжиҳатлиги, оила ва таълим муассасаларининг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу билан бирга, давлатнинг бу борадаги масъулиятини ошириш, масъул тузилмаларнинг фаолиятини такомиллаштириш зарур.

Жасур ҲУСАНОВ,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг