Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳон банки Ўзбекистон электр энергетикаси учун имтиёзли кредит ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистон электр энергетикаси учун имтиёзли кредит ажратади

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши қайта тикланувчи энергия манбаларини электр энергиясини тақсимлаш тармоқларига интеграциялаш ва мамлакатнинг устувор ҳудудларида электр энергияси таъминоти ишончлилигини оширишга қаратилган дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистонга 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳам мазкур дастурни амалга ошириш учун ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда 50 миллион доллар ажратади.

Ҳамкорликда молиялаштирилган янги дастур доирасида 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар келгуси беш йил ичида муҳим тақсимловчи электр тармоқлари модернизацияси учун сарфланиши керак. Бу устувор ҳудудлар, жумладан, Қорақалпоғистон ва Сурхондарё вилоятларини ишончли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг асосий фаолияти қуйидагилардан иборат:

  • 6000 км паст кучланишли электр узатиш линияларини қуриш ва модернизация қилиш;
  • умумий қуввати 250 мегавольт-ампер бўлган 1200 та тақсимловчи трансформаторни алмаштириш ва ўрнатиш;
  • ҲЭТ тармоқларида тижорат электр йўқотишларини камайтиришга ёрдам берадиган 150 мингта «ақлли» ҳисоблагичларни улаш;
  • тақсимловчи тармоқларни автоматлаштириш ва рақамлаштиришни таъминлаш учун 4000 та маълумотлар концентраторини ўрнатиш.

Жаҳон банки ахборотида айтилишича, Ўзбекистон энергетика тизими жиддий муаммоларга дуч келмоқда. 2024 йилга келиб, электр энергиясини тақсимлашда техник йўқотишлар тахминан 13 фоизни ташкил қилади. Бунга эскирган ва ортиқча юкланган инфратузилма сабаб қилиб кўрсатилган. Тақсимлаш тармоғи объектларининг 50 фоиздан ортиғи 30 йилдан ортиқ вақт давомида ишлайди, бу уларнинг стандарт хизмат муддатидан сезиларли даражада ошади ва тез-тез авариялар ва электр энергиясининг узилишига олиб келади.

«Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариш ҳажмини 25 гигаваттга (ГВт) оширишни режалаштирмоқда. Бироқ, тақсимлаш тармоқларини зудлик билан модернизация қилмасдан туриб, қайта тикланадиган энергия етказиб берувчиларни улаш имконсиз бўлиб қолади», – дейилади ахборотда.

2029 йилга келиб дастур қуйидаги натижаларни бериши кутилмоқда:

  • ҲЭТ хизматлари сифати билан мижозларнинг 90 фоиз қониқиш даражасига эришиш;
  • Кичик ва ўрта корхоналар, шунингдек, уй хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариладиган энергияни 50 мегаваттгача қабул қилиш учун тақсимлаш тармоқларининг қувватини ошириш;
  • Иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига 450 минг тонна карбонат ангидридгача камайтириш;
  • ҲЭТда техник ва раҳбар лавозимлардаги аёллар улушини 9 фоиздан (2025 йилда) 14 фоизгача ошириш.

«Жаҳон банки томонидан ажратилаётган молиялаштириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача тақсимлаш инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш давлат дастурини амалга оширишга хизмат қилади. Ҳукумат дастури бўйича зарур бўлган жами инвестициялар қарийб 3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Умид қиламизки, мамлакатнинг бошқа халқаро ҳамкорлари ва хусусий инвесторлар биздан ўрнак олади ва ҲЭТнинг энергетика секторини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг