Жиззахда мактаб директорлари йўқ одам учун 200 миллион сўм ойлик ёзгани аниқланди
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори аслида мактабда ишламайдиган 3 нафар инсонга 77 миллион сўм маош ёзгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш вазирлиги маълум қилди.
Маълум бўлишича, 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори В.М.О. ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда аслида мактабда ишламаган турмуш ўртоғи О.А.га овоз бериш оператори сифатида 2019-2023 йил 1 майга қадар 47,3 млн сўм, шунингдек, омборчи вазифасига ишга қабул қилинган фуқаро Н.Э.га 2022-2023 йил 1 майга қадар 6,9 млн сўм, 2014 йилда ишдан бўшаган Д.Ҳ.га эса 2016 йилга қадар 22.9 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, жами 77,1 млн сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари, Зафаробод туманидаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида директор вазифасида ишлаб келаётган V.M.О. ўғли Р.Д. билан жиноий тил бириктириб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш мақсадида ўз раҳбарлигидаги мактаб ходимлари Н.Ю. ва И.Т.нинг хабардорлигисиз уларни бир вақтнинг ўзида ўғли раҳбарлигидаги мактабда ишлаганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, 2017-2022 йиллар давомида ушбу икки ходимга мажбурий ушланмалардан ташқари жами 69,8 млн сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ноқонуний тўлаб, умумий ҳисобда 146,9 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар жорий йилнинг апрель ойида Бош прокуратурага юборилган эди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлими томонидан 16.06.2023 йилда Пахтакор туманидаги 14-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а», «б», «г» бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter