Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кармин моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаромми? Мусулмонлар идораси Фатво маркази жавоб берди

Кармин моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаромми? Мусулмонлар идораси Фатво маркази жавоб берди

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаром экани ҳақида хабар тарқалди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази кармин (E120) моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаром ёки ҳаром эмаслигига аниқлик киритди.

Қайд этилишича, кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади. Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш  қатъий ман қилинган. Лекин, ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган:

«Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида «Истиҳола» яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади».

Бу масалада ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур алломаси Камол ибн Ҳумом  раҳматуллоҳи алайҳ «Фатҳул-Қодийр» китобларида бундай деганлар:

«Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади». 

Кармин моддаси ҳақида Фатволар ва тадқиқотлар бўйича Европа Кенгаши ўзининг 19-сонли фатвосида қуйидагича қарор қилган: «Carmine E120 моддаси гарчи келиб чиқиши ҳайвонлардан бўлса ҳам, кимёвий ишловдан ўтади, натижада ўз тузилишини ўзгартиради ҳамда асл хусусиятларини йўқотади».

Демак, юқоридагилардан кармин — E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз экани маълум бўлмоқда. Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлсада, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор.

Хулоса қилиб айтганда, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб баъзи бир одамлар кармин моддаси қўшилган маҳсулотни истеъмол қилса, тақво ва эҳтиёт йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак.

Қолаверса, бирор масалага оид ҳукмни баён қилишда уни пухта ўрганмасдан муайян бир маҳсулотни «шаръан ҳаром» деб фатво бериш ва мусулмонларни саросимага солиш шариатимиз кўрсатмаларига зид ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Эслатиб ўтамиз, кеча You Tube платформасида истеъмолга яроқсиз ва муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларига қарши курашиб келаётган ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров кармин моддаси қўшилган маҳсулотлар ҳаром эканлигини айтгани учун 15 суткага қамалган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг