Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кеннеди келган университет, 130 йиллик тараққиёт тарихи» – Германиядаги ватандош ҳикояси

«Кеннеди келган университет, 130 йиллик тараққиёт тарихи» – Германиядаги ватандош ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»нинг бу галги суҳбатдоши Германиядаги Freie Universität Berlin докторанти Агзамхон Ниязходжаев бўлди.

Ватандошимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини бакалавр, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида магистратурани тамомлаган.

Ҳамюртимиз Германияда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати сифатида илмий тадқиқот олиб бормоқда.

Энг севимли дарсим инглиз тили эди

Мен Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топганман. Ҳамза туманидаги (ҳозирги Яшнобод) 244-сонли ўрта мактабда ўқиганман. Мактаб даври турли мусобақалар ва тадбирларда фаол иштрок этар эдим. Энг севимли дарсим инглиз тили эди. Шунингдек болалик йилларимда карате спорт тури билан шуғулланганман ва 4 марта Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Мактабдан сўнг мен ўқишимни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейида давом эттирганман. У ерда чинакам билим ва ҳаётий сабоқлар олганман десам адашмаган бўламан.

Академик лицейни тугатаётган пайтим қайси олийгоҳга киришим масаласи кун тартибига чиқди. Менинг оилам қурувчилар оиласи бўлгани учун бобом шу касбни давом эттиршимни хоҳладилар ва менга Тошкент архитектура ва қурилиш институтига ўқишга топширшимни маслаҳат бердилар. Ўша пайт мен бу таклифни рад эта олмадим. Лекин у ерда фақатгина 1 йил ўқидим ва 2 курсдан янги очилган Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишимни кўчирдим.

Бунга сабаб қисқа қилиб айтганда, у ердаги ўқиш тизими ва сифати мени умуман қониқтирмади ва мен бу ерда ўзимга керакли бўлган илмларни олмадим. Ҳозир 4 йил роҳат олиб юргандан кўра, бошқа олийгоҳга ўтиб 4 йил билим олиб кейин қолган умримни роҳатда ўтказганим мен учун яхшироқ деб ўйладим ва у олийгоҳдан кетишга қарор қилдим. Бу қароримни оила азоларимга айтганимда улар буни қўллаб-қувватлашди. Аммо, ўша ўтган бир йил ичида мен у ерда кўплаб яхши инсонларни учратдим ва яхши дўстлар орттирдим.

Магистратура босқичини WIUT’да янги очилган «Амалий иқтисодиёт» йўналишида давом эттирдим. Дарсларга ишдан чиқиб кечки пайт борар эдим. Менинг учун иқтисодиёт йўналиши янги бўлгани учун оилам ва ишдан кўра илмга кўпроқ вақт ажратишга тўғри келди.

Жон Кеннеди ташриф буюрган университет

Ҳозир Берлиндаги Фрай университетида илмий тадқиқот олиб бормоқдаман. Университет дунёнинг TOP-100 университет рўйхатига киради ва бу ерда 25 мингдан зиёд талабалар 34 хилдан кўп йўналишда таҳсил оладилар. Олийгоҳ 1948 йил америкаликлар ёрдамида ташкил этилган. Бу ерга ҳатто АҚШнинг ўттиз бешинчи Президенти Жон Кеннеди ташриф буюриб университетнинг фахрий унвонини олган. Қолаверса, таълим муассасамиздан кўплаб Нобел мукофот совриндорлари ва таниқли сиёсат арбоблари етишиб чиққан.

Илмий тадқиқотимни Ўзбекистон иқтисодиётини ўрганиш учун ва тадқиқотим натижалари мамлакатимиз манфаати учун хизмат қилиш керак деган фикрда эдим ва айнан ушбу университетда менинг фикримни қўллаб қуватлайдиган илмий раҳбарни ва йўналишни топдим. Бир неча синовлар ва суҳбатлардан ўтганимдан кейин илмий раҳбарим мени университетга қабул қилинганим ҳақида хабар берди. Лекин, менинг илмий тадқиқотимни молиялаштириш масаласи ҳали ҳам муаммо бўлиб турган эди. Шунда мен иккиланмасдан «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан эълон қилинган стипендия танловида иштирок этдим ва ғолиб бўлдим.

Аниқ рақамлар, эконометрик моделлар йўқ

Илмий ишимга тўхталадиган бўлсам, у уч қисмдан иборат бўлиб тўлиқ Ўзбекистоннинг иқтисодий муаммоларини таҳлил қилиш ва бу муаммоларни ечиш учун таклифлар беришдан иборат. Энг асосий савол, нега биз ривожланаётган давлатлар рўйхатидамиз? Давлатимизнинг иқтисодий ривожланишида қандай камчиликлар бор ва буларнинг сабаблари нимада? Уларни қандай қилиб бартараф қилиш мумкин?

Бирор бир давлатнинг иқтисодий ривожланиш даражаси турли омил ва сабабларга боғлиқ. Булардан бири бу ўша давлатнинг ўтмиши ва тарихи. Ҳозирда кўп иқтисодчиларимиз Ўзбекистон ривожланишини таҳлил қилишганда ушбу омилни инботга олишмайди. Тассавур қилинг, агар инсонга отасидан меросга кўп бойлик қолса у қандай яшайди ва аксинча меросга қарз қолсачи у қандай яшайди? Яъни, Ўзбекистон мустақил бўлганида унинг иқтисодиёти қандай шароитда эди? Совет тузумидан Ўзбекистонга нима мерос бўлиб қолди? Ушбу масала бўйича тарихчилар иккига бўлинган. Кимдир улар цивилизация олиб кирган деса, бошқалар аксинча совет тимизи бизни барбод қилган дейишади. Лекин шу кунгача ҳали ҳеч ким аниқ рақамлар, эконометрик моделлар билан ушбу йўналишда илмий ишлар олиб бормаган. Шуларни инобатга олиб мен илмий ишимнинг биринчи босқичида Ўрта Осиё Хонликларини Чор Россиясига мустамлака бўлган илк йилларидаги иқтисодий ривожланиш жараёнини эконометрик моделларга қуйиб таҳлил қилдим. Ҳозирда илмий ишимни бир нечта профессор-олимларга фикр-мулоҳазаларини олиш учун юборганман.

Бундай сиёсат ҳатто, АҚШда ҳам йўқ

Фикримча, Ўзбекистон ва Германия иқтисодиётларини солиштириш тўғри иш бўлмайди. Чунки Германия бу ривожланган давлат Ўзбекистон эса ривожланаётган давлат. Албатта, ривожланган давлатларда иқтисодий-ижтимоий муаммолар ривожланаётган давлатларга қараганда кам бўлади. Германиянинг энг кучли иқтисодий томонлари шахсан мен учун бу давлатнинг аҳоли орасида ижтимоий тенгликни ушлаб туриши ва қўллаб қувватлаши бўлади. Бундай сиёсат ҳаттоки АҚШда ҳам йўқ. Ўзбекистонга келсак, меҳнаткаш халқимиз иқтисодиётимизнинг энг кучли асосларидан бири деб ўйлайман. Инсон капитали бу иқтисодий ривожланишнинг асосий устуни ва у ҳақида жуда кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган ва олиб борилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, иқтисодиёт соҳасини танламоқчи бўлганларга кичик тавсия бермоқчиман. Ҳозирги кунда иқтисодиёт турлари жуда ҳам кўп. Мисол учун, сиёсий иқтисодиёт, энергетика иқтисодиёти, табиий ресурслар иқтисодиёти ва ҳоказо. Шунинг учун қайси йўналишда илмий иш олиб бормоқчисиз, қайси йўналиш сиз учун қизиқ? Шундан келиб чиқиб йўналишни танлаб олиш керак. Албатта, иқтисодиёт соҳасида илмий ишлар олиб бориш учун математика фанини жуда яхши ўзлаштириб олишни маслаҳат бераман.

Ўзларида вақт ва ирода топа олишмайди

Хорижга кетиш, авваламбор инсонни «қулайлик зонаси»дан чиқишига олиб келади. Чунки чет элда яшаш бу янги ҳаёт бошлаш дегани. Ҳамма жойнинг ўзига яраша қонун-қоидалари ва қадриятлари бор. Улар ҳар доим ҳам бизнинг дунё қарашимизга тўғри келавермайди.

Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, Германиянинг ижобий тарафлари кўп. Мен учун шу ерда яшаётган аҳолининг қонун- қоидаларга бўйсуниши, табиатни муҳофаза қилишда ҳаттоки давлатдан ҳам кўпроқ қайғуриши, бошқа бир инсоннинг фикрини ҳурмат қилиши яхши таассурот қолдирган. Салбий тарафлари эса, бу бизнинг маданиятимиз, қадриятларимизнинг акси ривожланиб кетгани. Мисол учун, бу ерда оила қадриятлари деярли қолмаган. Ота-оналарни ҳурмат қилиш, улар ҳақида қайғуриш, хабар олиш учун кўп ёшлар ўзларида вақт ва ирода топа олишмайди.

Халқимизга хизмат қилиш менинг олий мақсадим

Германияда мен турли турли миллат вакилларига мансуб, дунёқараши ҳар хил бўлган инсонлар билан кўп мулоқотда бўламан. Ўзимга хулоса қилдимки, ТОП-100 рўйхатига кирган университетларда ўқишингиз, бу сизни илм-маърифатли, маданиятли, қилиб қўймас экан. Шунинг учун мен аввало Имом Бухорийнинг «Ал-адаб Ал-Муфрад» китобини ўқишни тавсия қилган бўлар эдим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу китобни «Одоблар хазинаси» деб номланган китобларида ўзбек тилида шарҳлаганлар.

Биласизми, инсонларнинг энг яхшиси бу бошқа бир инсонларга фойдаси тегадигани деб, ҳисоблайман. Мана шу фикрим, ишончим мен учун ҳаёт миссиямдир. Шу маънода, докторантура босқичини тугатиб, халқимизга хизмат қилиш менинг олий мақсадим.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг