Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ТOP-50таликдаги университет, 6G тармоғи ва мусофирлик ҳисси — Хитойдаги ватандош ҳикояси

ТOP-50таликдаги университет, 6G тармоғи ва мусофирлик ҳисси — Хитойдаги ватандош ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги қаҳрамони Хитойдаги Шанхай Жиатонг университетида илмий тадқиқот олиб бораётган ватандошимиз Саркор Қурбонов бўлди.

Ҳамюртимиз Навоий вилоятида туғилган. Навоий давлат кончилик институтининг бакалавр, Хитойдаги Шенци фан ва технологилар университетининг магистратура босқичини тамомлаган.

Бобом — ютуқларимнинг асосий сабабчиси

Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарой қишлоғида зиёлилар оиласида туғилганман. Дастлаб 7 синфгача маҳалламиздаги Алишер Навоий номидаги 15-сонли мактабда ва кейин Навоий шаҳридаги 11-сонли мактабда ўқиганман. Болалик йилларим қишлоғимизда, аниқроғи, катта оила даврасида асосан бобом ва бувим тарбиясида ўтган.

Бобом физика фани ўқитувчиси бўлганлар ва айнан шу жиҳат аниқ фанларга қизиқишим болаликдан бошланишига сабаб бўлган. Бобом жуда тартибли ва илмли инсон эдилар ҳамда бизни ҳам шу тартибга ёшлигимиздан ўргатганлар. Уларни бугунги кундаги ютуқларимнинг асосий сабабчиларидан бири, деб биламан.

Ҳаётимнинг асосий бурилиш нуқтаси Навоий шаҳридаги 11-мактабга таълим олишга келганимдан кейин бошланган, бунда амакимнинг хизматлари бор.

Мақсадим – соҳавий ва дунёвий билимларимни кенгайтириштириш бўлган

Бакалавр босқичида ўқиш учун Навоий давлат кончилик институтини танлашимга сабаб — биринчи ўринда дадам шу олийгоҳда ўқиганлари ҳамда энергетика соҳасида республика бўйича яхши таълим бера оладиган институтлардан бири, деб ўйлаганлигим. Институтдаги таълимнинг минус ва плюс томонларига тўхталадиган бўлсам, плюс томонлари кўпроқ, бироқ минус томонлари ҳам етарлича. Касбга ўргатиш, соҳани ислоҳ қилиш, дунёқарашнинг ўсиши ва шу кабиларни плюс томонларига мисол десам, муҳандислик соҳасига оид амалиёт қилишга етарли шароит яратилмаганлиги, талабаларнинг таълим олишидан кўра, уларнинг ташқи кўриниши ва кийимига (формасига) кўпроқ эътибор қаратилишини минуслари, деб айтишим мумкин. Очиғини айтганда, олий таълимга киришдан кўра, уни битириш осонроқ бўлиши олийгоҳлардаги энг катта салбий жиҳатларидан бири, деб ҳисоблайман.

Бакалаврдан кейин магистратура босқичида таълимни давом эттиришга қарор қилганман. Шу ниятда, инглиз тилидан билимимни ошириш ва IELTS сертификати олиш учун ҳаракат қила бошлаганман. Асосий мақсад айни бир давлатда таълим олиш эмас, чет элда соҳавий ва дунёвий билимларимни кенгайтириштириш бўлган.

4-босқич бўлганимда Хитойнинг иккита университетига ҳужжат топширганман ва уларнинг иккаласига ҳам қабул қилингандим. Танлаган соҳам бўйича Шенци фан ва технологиялар университети юқори ўринларда бўлганлиги учун шу даргоҳни танлаганман. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли ўқишни онлайн тугатишимга тўғри келган.

Университет 100 йилдан ортиқ тарихга эга

Ҳозирги кунда таълим олаётган Шанхай Жиатонг университети ТOP-50 университетларидан бири бўлганлиги учун унга кириш осон кечмаган. Асосий қийинчилик университетдаги профессордан розилик хати олиш жарёни бўлган. Сабаби, сизнинг илмий ишингиз профессорнинг илмий тадқиқот ишига тўғри келиши, шунингдек, профессорга нима учун айнан сизни танлаши кераклигини кўрсатиб бериш керак.

Ушбу университетни танлаганимга асосий сабаб — университет дунё рейтингида ахборот-коммуникация соҳасида юқори ўринларда туриши, ўзим олдин ўқиган давлатда бўлгани ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларнинг янада ривожланиб бораётганлиги бўлган.

Университетнинг тўлиқ грантини ютганман, университетда илмий изланишларни амалга ошириш учун барча шароитлар мавжуд, таълим билан боғлиқ барча харажатлар қоплаб берилади. Ушбу университет 100 йилдан ортиқ тарихга эга, Хитойнинг бир қанча йирик бизнес ва сиёсий вакиллари шу ерда ўқишган.

Хорижда таълим нафақат синовлар, балки ютуқлар туфайли ҳам дунёқаришимни тубдан ўзгартирган. Ўзга юртга келган заҳоти мусофирликнинг қандайлигини ҳис қилганман, кўплаб қийинчиликлар бўлган, лекин бир нарсага ишончим комил — йўқотиш бўлмаган. Бошқа давлатлардан дўстлар орттирдим, соҳавий билимларимни мустаҳкамладим, Хитой тажбирасини ўргандим ва яна бошқа кўплаб натижаларга эришдим.

Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамиятга эга

Илмий ишим коммуникация тармоғида ахборотларни хавфсиз узатиш билан боғлиқ. Илмий раҳбарим профессор Янг Хуэ Лин. Соҳа бўйича кўплаб шогирдлар чиқарган.

Барчамизга маълумки, ҳозир ахборот асрида яшаяпмиз ҳамда ахборотларни хавфсиз ва сифатли узатиш доим асосий вазифалардан бири бўлиб келган. Хитой ушбу соҳада жаҳондаги етакчи давлатлар сирасига киради, ахборотлар тезкор ва хавфсиз узатиш юзасидан улкан тажрибаси бор. Бугунги кунда олиб бораётган ишим Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамиятга эга, хусусан давлат бошқарувида ахборотларни хавфсиз узатиш мамлакатимизда ҳамиша долзарб бўлиб келган.

6G тармоғини синовдан ўтказмоқда

Хитой бугунги кунда 6G тармоғини синовдан ўтказмоқда, бу ахборот узатиш тизимида улкан ютуқ десам, муболаға бўлмаса керак. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олиб, келгусида ушбу тизимни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича ишлар олиб борилиши шубҳасиз.     

Яна бир эътиборли жиҳат, Хитойда бизга маълум браузерлар ишламайди. Хусусан, «Google». Хитой ўзи учун барча йўналишларда алоҳида интернет серверларини яратган, бу албатта ажабланарли, яъни дунёга боғланиб қолмаган, бошқа тарафдан Хитойга ташриф буюрувчиларга бир мунча қийинчиликлар туғдиради.

Бу соҳам бўйича бир мисол. Агар Хитой маданияти ва аҳолисининг турмуш тарзига ҳамда иқтисодиётига тўхталадиган бўлсам, у ўз қадриятларини узоқ йиллар давомида сақлаб қолган ҳамда узоқ йиллик тарихга эга давлатлардан бири. Иқтисодий жиҳатдан бугунги кунда юқори ўринларда туриши ҳеч кимга сир эмас, Хитойда барча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, талабнинг юқорилиги эса ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатнинг кучлилиги, шу ўлароқ сифатнинг юқорилигини кўрсатади.

Фурсатдан фойдаланиб, Хитойга таълим олиш учун келмоқчи бўлганларга хитой тили ва маданияти билан танишиш, мустақил қарор қабул қилишга ўзини тайёрлашни тавсия қилардим.

Китоб мутолаасига вақт ажратаман

Ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритсам-да, китоб мутолаасига вақт ажратишга ҳар доим ҳаракат қиламан. Ўзим ўқиб, бошқаларга ҳам тавсия бера оладиганларим сирасига, дастлаб ўзбек адабиётидан Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китобини айтишим мумкин. Жаҳон адабиётидан Роберт Игорнинг «The Ride of a Lifetime» китобини ҳаётий синовларни келажак учун пойдевор, деб белгилаш ва улардан доим тўғри хулоса чиқаришга ундайдиган китоб бўлганлиги учун тавсия қиламан.

Шунингдек, Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи инсон ўз-ўзини ривожлантириши учун зарур бўлган китоб, деб биламан.

Нурилло Тўхтасинов тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг