Малайзия томони Ўзбекистонда талабалар учун ётоқхоналар қуришга қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоевнинг «MARA Corporation Sdn Bhd» (Малайзия) корпорацияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Рафи бин Шаҳзада билан бўлиб ўтган учрашувида томонлар Ўзбекистонда қўшма ўқув дастурларини шакллантириш, келажакда қўшма факультет очиш ва Малайзиянинг технологиялар соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бирининг филиалини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, кўчмас мулк соҳасига, хусусан талабалар учун турар-жойлар барпо этишга инвестиция киритиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.
Малайзия вакили Ўзбекистон томони таклифларини ўрганиш учун корпорация ва унинг таркибига кирувчи компаниялар раҳбарларидан иборат Бошқарув қўмитасини ташкил этишга ва корпорация вакилларини Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.
«Ушбу Бошқарув қўмитаси ўзаро ҳамкорликда тегишли экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳаларида амалга оширилиши мумкин бўлган ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини ҳамда бу борадаги ҳуқуқий базага оид таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишли шартномаларни тайёрлашга масъул ҳисобланади», – деди Муҳаммад Рафи бин Шаҳзада.
Учрашув якунида мазкур Бошқарув қўмитасига ҳар иккала томондан тегишли олий ўқув юртлари ва ташкилотлар вакилларини киритиш ҳамда ўзаро амалий саъй-ҳаракатларни бошлаш тўғрисида келишилди.
«MARA» корпорацияси Малайзия Ҳудудий ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги қошида Халқ ишончи кенгаши (Majlis Amanah Rakyat – MARA) агентлигининг активлари, тижорий тузилмалари, кўчмас мулк ва инвестицияларини марказлашган ҳолда бошқариш мақсадида 2014 йилда ташкил этилган. Корпорация Малайзияда таълим, молия, кўчмас мулк, логистика ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритувчи 23 та компанияни ўз ичига олган. 2023 йилда корпорация умумий даромадининг 72 фоизи таълим соҳасига тўғри келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter