Ўзбекистон ва Малайзия жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2023 йил 8 июн) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Қайд этилишича, жиноятчиликка қарши курашиш ҳар бир давлат олдидаги қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айрим жиноят ишлари бўйича тергов ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш бошқа давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилиш заруратини юзага келтирмоқда. Ратификация қилиш таклиф этилаётган мазкур шартнома ҳам айнан шу мақсадга қаратилган.
Шартномада жиной таъқиб этиш, жиноят ишини тергов қилиш, ишни судда кўриш, шахсни жавобгарликка тортиш, шунингдек, жиноий даромадлар ва жиноят қуролларини аниқлаш, олиб қўйиш, мусодара қилиш, жиноий қилмиш оқибатида етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш каби процессуал ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш белгиланмоқда.
Шунингдек, ушбу Шартнома экстрадиция қилиш мақсадида шахсни ушлаб туриш ёки қамоққа олиш, озодликдан маҳрум қилинган шахсни жазони ўташ учун ўтказиш, жиноят иши юритувини ўтказиш, бир тараф чиқарган суд ҳукмини бошқа тараф томонидан ижро қилиш масалаларига татбиқ этилмайди.
Мазкур Шартноманинг имзоланиши икки давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари томонидан жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриш давомида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга, жиноятчиликка қарши курашишда бирдамлик ва ҳамкорликни оширишга, бу орқали ҳар икки давлатда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter