Қийноқ оқибатида келиб чиққан ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Жиноят кодексининг 235-моддасини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш бўйича тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси билан 235-моддада назарда тутилган жиноятнинг оғирлаштирувчи ҳолатлар доирасини қийноққа солиш натижасида одам ўлими келиб чиққанлиги учун алоҳида қисмда жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, бундай ёндашув келажакда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик таъминланади.
Таҳлилий маълумотларга кўра, амалиётда қийноқ оқибатида одам ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кузатилган. Мисол тариқасида, 2020 йил 30 май куни Андижон вилояти ИИБ 6 нафар ходимлари томонидан, шунингдек, 2023 йил 4 июнь куни Бўка тумани ИИБнинг 2 нафар ходимлари томонидан содир этилган қийноқ оқибатида гумон қилинувчилар вафот этган. Уларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 235-моддаси билан бир қаторда, 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан қўшимча малакаланган.
Жиноят кодесига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ эса, 235-модда 3 ва 4-қисм билан тўлдириляпти.
Яъни, унга кўра:
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter