Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талабалар ўз жонига қасд қиляпти: Бухородаги янги университетда нима гап?..

Талабалар ўз жонига қасд қиляпти: Бухородаги янги университетда нима гап?..

Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтининг Бухоро давлат техника университети мақомини олганига кўп бўлмаган. Жорий йил 24 январдаги ПҚ-22-сонли Президент қарорига мувофиқ, бирлашган икки олийгоҳ талабалари ҳозирги кунда университетда ўқишларини давом эттириб келмоқда. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, битирувчиларга белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.

Шунингдек, юқоридаги қарорга мувофиқ, бошқарув кадрлар лавозимларини олий таълим ташкилотларида юқори натижалар кўрсатган, узоқ йиллик иш тажрибасига эга, хорижий тилларни биладиган, нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларида таҳсил олган ёки малака оширган истиқболли мутахассислар, устувор равишда, илмий даражага эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўриляпти.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги янги университет ректори вазифасига Бухоро муҳандислик-технология институти проректори Собир Саидовни вақтинча тайинлаган. Шунга қарамасдан, бугунги кунда икки собиқ олийгоҳ ректорлари  – С.Сиддиқова ва Ш.Имомовлар ҳали-ҳануз ўз амалида. Бу ҳолат эса мақоми университетга ўзгарган олийгоҳда раҳбарлик учун зимдан «кураш» кетаётгани ҳақидаги гапларни болалатяпти. Муҳокамаларда университет ташкил этилганига уч ойдан ошаётганига қарамай, аниқ бир ректорнинг тайинланмагани, ички келишмовчиликлар талабалару ишчи-ходимларни ҳам ташвишга солаётгани «ичкари»даги маънавий муҳитга ўз таъсирини ўтказиб, унинг издан чиқишига сабаб бўлаётган айтиляпти…

Буларни кузатиб, беихтиёр Иван Криловнинг «Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа» масалини ёдга оласиз. Масалдан олинадиган хулоса шундаки, иштирокчиларнинг турли йўналишларда ҳаракат қилиши ўша ишни ҳеч қачон олдинга силжитмайди. Аравани биргаликда бир томонга тортиш эса муваффақиятга сабаб бўлади.

Кейинги бир неча ой ичида Бухоро давлат Техника университети (Бухоро муҳандислик-технология институти) талабалари ўртасида содир бўлаётган нохуш ҳодисалар кўпчиликни қайғуга солмоқда. Талабалар ўртасидаги ҳудкушлик бунда таҳсил олаётган бошқа талабаларни ҳам, университет жамоасини ҳам ваҳимага солаётгани бор гап.

2024 йилнинг декабрь ойи бошида институт ётоқхонасида содир бўлган аянчли ҳолат орти ҳали совимай туриб, куни кеча яна икки талабанинг кетма-кет ўз жонига қасд қилгани сабаблари «ёпиқ»лигича қолмоқда. Шахсини очиқлашни истамаган университет ходимининг сўзига кўра, ўз жонига қасд қилаётган талабаларнинг барчаси Навоий вилоятидан.

«Бу бизни ҳам ўйлантириб, ташвишга солмоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойида сирка кислотаси ичиб, ўз жонига қасд қилган қиз ҳам асли навоийлик эди. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда. Бирор бир фикр ёки муносабат билдиришга ожизман. Фақат қайғудамиз, холос!» - дейди у.

Жорий йилнинг 27 апрель куни ҳам Бухоро давлат техника университети ётоқхонасида нохуш воқеа содир бўлди. Унга кўра, кимёвий озиқ-овқат факультетининг талабаси Ш.А. (эркак) ўз жонига қасд қилган. Маълум қилинишича, у университетнинг янги ётоқхонаси биноси 4-қаватида ўзини осган. Навоийлик талаба.

Ушбу нохуш воқеанинг кейинги куни, яъни 28 апрелда Д.Ф. исмли 1-курс талабаси (эркак) ҳам ўз жонига қасд қилган. Талабанинг жасади университет ётоқхонасилдан осилган ҳолатда топилган. Бу талабанинг ҳам айнан Навойи вилоятидан экани кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Университет масъулининг сўзига кўра, айни пайтда мазкур таълим муассасасида 18 мингдан ортиқ талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Психологлар томонидан талабалар ўртасидаги психологик стрессни бартараф этиш ва руҳий ҳолатларини яхшилаш учун индивидуал ва гуруҳли суҳбатлар олиб борилмоқда, тавсиялар берилмоқда.

«Шунча чора-тадбирларни амалга ошириб келсак-да, ҳар кун ҳар соатидан хабардор бўлишга ҳаракат қилаётган бўлсак ҳам, талабаларнинг ўзларини бундай тутишаётгани, ҳатто, ўзимизни ҳам хавотирга солиб қўймоқда. Нафақат, талабалар, ўзимиз ҳам ваҳимада эканлигимиз рост», - дейди суҳбатдош.

Университетдаги бундай кўнгилсиз ва нохуш ҳолатлар одамлар орасида ҳам муҳокамага мавзусига айланиб, фарзандлари айнан шу муассасада таҳсил олаётган ота-оналарни ҳам ташвишлантириб қўйган.

Маълум бўлишича, ушбу ҳудуд бир пайтлар катта қабристон бўлган ва 1977 йилда қабристон бузилиб, ўрнида ўқув корпуси тикланган.

«Неварам шу университетда ўқийди, болам. Ҳозир хабар олгани келдим. Хавотирим ошди-да. Э-э, бу манзил аввал катта қабристон эди. Болалигимиз шу қабристонда қўй боқиб, ўт юлиб ўтган. Отамиз «Бу ерларда ножоиз ишлар қилманглар, йўқса, бошинг, лабинг, кўзинг қийшиқ бўлиб қолади... », дея уқтирганлари учунми, ёмондан тийилиб ўсганмиз. Тез-тез хатми Қуръонлар ўқиб, тиловатлар қилиб туриш керак. Оғир жой, оғир...», - дейди 68 ёшли Бухоро шаҳрилик отахон.

Кейинги суҳбатдош эса бугунги кунда ёшларини қийин вазиятлар ва турли синовларга дош бера олмасликда, чидамсизликда айблайди.

«Осонгина ўлиш – бу тўғри йўл» деб англашмоқда. Бу – ожизлик. Бу – ўзи билан бирга, ота-онасини ҳам гўрга кўмиш. Ёшларнинг кўпчилиги ўз умрини интернетга, ижтимоий тармоқларга «сотиб» бўлди. Ҳар қандай вазиятдаям, мен ёшларнинг бундай хатти-ҳаракатини ҳечам оқламайман», - дейди у.

Айни пайтда янги университетдаги ҳудкушликлар юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Ўз навбатида, Президентнинг юқоридаги қарори ижросини  самарали ташкил қилишга масъул этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.Шарипов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов белгиланган. Янги ташкил этилган университет раҳбариятини тайинлаш борасидаги масала тез кунларда ўзининг барқарор ечимини топади, деб умид қиламиз.

Йирик таълим муассасаси ўзаро мансаб талашишлар фонида маънавий бўшлиқ ичида қолиб кетмаслиги керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг