Текширувларда жами 200 мингдан ортиқ болада ичак гельминтози аниқланди – Санэпидқўмита
Республикада 2024 йилда қарийб 7 миллион болалар текширилиб, 200 мингдан ортиқ ичак гельминтози билан касалланганлар аниқланди. Улар даво курслари билан қамраб олинган.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
Қайд этилишича, гельминтозлар билан зарарланганларнинг 90 фоизини мактабгача ва мактаб ўқувчилари (1 дан 4 гача бўлган бошланғич синфлар)ташкил этди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган барча болалар давлат ва халқаро ташкилотлар ҳомийлиги асосида турлар бўйича ичак гельминтларига қарши даволанади.
Маълумот учун, гельминтозлар - гижжа қуртлари келтириб чиқарадиган паразитар касалликлар гуруҳи бўлиб, асосан мулоқот, озиқ-овқат ва сув орқали юқади. Инсон организмида яшаб, унинг соғлиғига жиддий зарар етказади. Жумладан организмнинг иммун тизимини туширади, камқонликни келтириб чиқаради, терида турли аллергик тошмалар пайдо бўлади, марказий асаб тизимига таъсир қилади, ақлий жиҳатдан орқада қолиш каби ҳолатлар кузатилади.
Гижжалар юқмаслиги учун болаларга шахсий ва жамоавий гигиена қоидаларини ўрганиш лозим:
- овқатланишдан олдин, ҳожатхонага боргандан кейин, ташқаридан келганда, ҳайвонларни парваришлаш ва тупроқ билан боғлиқ фаолиятни амалга оширгандан кейин қўлни совун билан ювиш;
- фақат яхши ювилган кўкатлар, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш;
- фақат яхши пиширилган ва қовурилган ҳайвон маҳсулотларни (гўшт, балиқ ва улардан тайёрланган маҳсулотлар) истеъмол қилиш;
- хом сувни, айниқса очиқ сув ҳавзаларидан ичмаслик;
- яйловлар ва ҳайвонларни суғориш жойлари яқинида жойлашган ифлосланган чучук сув ҳавзаларида чўмилишдан бош тортиш;
- хоналарда ювиш ва дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда намли тозалаш ишларини мунтазам амалга ошириш;
- чойшаб ва ички кийимлар озодалигига риоя қилиш, уларни иссиқ дазмол билан дазмоллаш, ўзингизнинг алоҳида тўшагида ухлаш, бошқа одамларнинг шахсий гигиена воситаларидан фойдаланмаслик;
- сув жўмраклари, эшик тутқичлари, ҳожатхоналар, горшокларни дезинфексияловчи эритма билан тозалаш ёки устига қайноқ сув қуйиш;
- уй ҳайвонларини тўғри сақлаш қоидаларига риоя қилиш, парваришлаш, уларни гельментларга қарши ўз вақтида даволаш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter