Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Антиқа гаров (ҳажвия)

Антиқа гаров (ҳажвия)

Мустаҳкам оила сири нимада, деган саволга, «эр хотинининг қилаётган ишларини кўрмаслиги-ю, хотин эрининг қилмишларини эшитмаслигида», деган экан бир ақлли одам. Бу гапни икки қўлимни баланд кўтариб тасдиқлаган ҳолда «ва зинҳор базинҳор гаров ўйнамасликда», деган бўлардим. «Нима-нима? Гаров қаёқда-ю, оила қаёқда?» – дегандай бўлдингизми? Бу саволингизга шахсан ўзим бошдан ўтказган мана бу воқеани эшитганингиздан кейин жавоб топасиз, азизларим.

Ҳаммаси оддийгина гаровдан бошланди. Бир корхонада ишлайдиган дўстим Пешинбой билан тўтиқуш ҳақидаги мультфильмни кўриб, аввалига бошқаларнинг гапини айнан такрорлайдиган тўтиқушнинг устидан мазза қилиб кулдик. Кейин «Тўтиқуш бўлиб яшашдан осони борми, ким нима деса шуни такрорлайсан, бош қотириб ўтирмайсан», деб унга ҳавас ҳам қилдик. «Балки шунинг учун ҳам уч юз йил яшар», деб хулосаям чиқардик.

Суҳбатимиз қизигандан-қизиб:

– Кел, биз ҳам тўтиқуш бўлиб яшаб кўрамиз. Кимки тўтиқушликни бузиб, бошқаларнинг гапини такрорламай, одамга ўхшаб жавоб қайтарса, битта катта зиёфат қилиб беради, – деган гаров билан якун топди.

Қўл ташлашиб, ўйин бошланганини тасдиқлашдик.

Эртасига эрталаб хонамизга кирган котиба қизнинг:

– Хўжайин кечаги топшириқлари бажарилган-бажарилмагани билан қизиқяптилар, – деган саволи жавобсиз қолди.

Пешинбой менга кўз қирини ташлаб, индамай ишини давом эттирди.

Қизнинг энсаси қотиб:

– Нима бало, гарангмисиз? – деди.

Пешинбой «миқ» этмай, яна менга кўз қирини ташлади. Мен унга кўз қисиб, ҳавода қўлларимни зиёфат еяётгандек қилиб кўрсатдим.

Шу пайт қизнинг:

– Нега индамайсиз, Пешинбой ака? Ҳа-ми, йўқми? – деган саволига жавобан дўстим:

– Нега индамайсиз, Пешинбой ака? Ҳа-ми, йўқми? – деб жавоб қайтарса бўладими!

Қиз важоҳат билан елкасини қисганча:

– Ё, тавба, жинни бўлдингизми, нима бало? – деди.

Пешинбой эса:

– Ё, тавба, жинни бўлдингизми, нима бало? – деб унинг гапини сўзма-сўз қайтарди.

Қизнинг:

– Э, боринг-ей, ҳазилингиз қурсин! – деган гапига жавобан эса:

– Э, боринг-ей, ҳазилингиз қурсин! – деган жавоб янгради.

 Қизнинг қай аҳволга тушганини ўзингиз тасаввур қилаверинг! У югурганча хонадан йиғлаб чиқиб кетди. Орадан бир дақиқаям ўтмай, ҳузуримизга нақ бошлиқнинг ўзи ташриф буюрди. У салом-аликни насия қилиб, Пешинбойга қарата:

– Менга қаранг, нега иш пайтида майнавозчилик қиляпсиз? – деган саволига

– Менга қаранг, нега иш пайтида майнавозчилик қиляпсиз? – деган жавобни эшитиб қотиб қолди.

– Ҳазилни бас қилинг!

– Ҳазилни бас қилинг!

– Ҳей бола, адабингни бериб қўяман!

– Ҳей бола, адабингни бериб қўяман!

– Ҳозироқ кўзимга кўринма, йўқол!

– Ҳозироқ кўзимга кўринма, йўқол!

Бу даҳанаки жанг яхшилик билан тугамаслигига ишончим комил эди, шундай бўлди ҳам. Бошлиқ ўша куниёқ мажлис чақириб, Пешинбойнинг паттасини қўлига тутқазди. Ҳужжатларини кўтарганча индамай чиқиб кетаётган Пешинбойга бошлиқ алам билан:

– Ҳали ёнимга тиз чўкиб, ялиниб келасан! – деди.

– Ҳали ёнимга тиз чўкиб, ялиниб келасан! – деди Пешинбой ҳам бўш келмай.

«Шундай оғир вазиятдаям гаровда ютқазмадинг. Ярамас, маҳкам экансан», дедим мен ичимда.

Кечқурун уйда хотиним билан телевизор кўриб ўтирсак, телефон жиринглаб қолди. Гўшакдан Пешинбойнинг овози эшитилди.

– Қалайсан? – деди.

Мен ҳам:

– Қалайсан? – дедим сўзма-сўз такрорлаб.

У:

– Жоним, мен сени севаман, – деди.

Мен ҳам:

– Жоним, мен сени севаман, – дейишга мажбур бўлдим.

Гапларимизни ҳайрат билан тинглаб турган хотинимнинг қулоғи «динг» бўлди. Гўшакдан энди:

– Хотинимни ўлгудай ёмон кўраман! – деган овоз эшитилди.

– Хотинимни ўлгудай ёмон кўраман! – дедим мен ҳам овозим титраётганини сездирмай. Аммо рангим ўчгани ўзимгаям билинди. Хотинимнинг ранги кўкариб кетганини кўриб, оғзим қийшайишига сал қолди. Аммо зиёфат қилиб беришим кераклигини эслаб, тезда ўзимни қўлга олдим. Гўшакдан келаётган овоз эса энди қулоғимга:

– Барибир ундан ажрашиб, сенга уйланаман! – деб кирди

Мен ҳам ноилож:

– Барибир ундан ажрашиб, сенга уйланаман! – дея такрорладим.

Камига Пешинбойнинг алам ва нафрат билан айтган:

– Жоним, севгилим, азизам... – деган сўзлариниям такрорлашга тўғри келди. Телефондаги севги изҳори тугамасидан ҳам аввал, хотинимнинг сабри тугади. Шу билан бирга оилавий ҳаётимиз ҳам...

Шу онда гўшакдан:

– Қалайсан? – деган хитоб янгради.

Мен ҳам пинагимни бузмай:

– Қалайсан? – дедим-у, тамом бўлдим.

Хотиннинг қаҳри ёмон бўларкан... У мени нафақат уйдан ҳайдади, балки ишимдан ҳам ҳайдатмагунича тинчимади. Лекин кўчада қолиб кетганимиз йўқ. Шу кунларда дўстим иккаламиз бир қурилишда ишлаяпмиз.

Замбилда шағал, қум ташиш учун:

– Қани, кўтар! – дейди Пешинбой менга.

– Қани, кўтар! – дейман мен унга.

– Баттар бўл! – дейди у

– Баттар бўл! – дейман мен.

Хуллас, ҳозирча иккаламиз ҳам гаровда ютқазганимизча йўқ!

Туҳфа Назарова таржимаси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг