COVID-19 билан касаллангандан сўнг нима истеъмол қилиш керак?

Тўғри овқатланиш организмнинг коронавирус инфекциясидан сўнг тикланишида ниҳоятда муҳимдир. Таомномага дон маҳсулотлари, дуккаклилар, мева-сабзавотлар, резаворлар, шунингдек, балиқ ва сут маҳсулотларини киритиш керак. Бу ҳақда «РИA Новости» агентлигига россиялик мутахассис Маргарита Провоторова маълум қилди.
Экспертнинг сўзларига кўра, одам оддий ҳаёт кечириш учун зарур бўлган барча микроэлементларни озиқ-овқатдан олиши даркор.
Провоторованинг таъкидлашича, таомномада кўп миқдорда қайта ишланмаган ёки яхлит дон бўлиши керак: жўхори уни, гречиха, гуруч, перловка, булгур. Бу донлар энергия, В витаминлари ва озиқ толаси ажойиб манбаи ҳисобланади.
Дуккаклилар осон ҳазм бўладиган ўсимлик оқсили, мис ва рух манбаи саналади. С витамини, бета-каротин, фолат, биофлавоноидлар ва толалар мева-сабзавот ҳамда резаворларда учрайди, уларни кунига беш порциягача истеъмол қилиш керак. Бир порция 80-100 грамм соф маҳсулот ёки битта ўртача катталикда мевани ташкил этади.
Шунингдек, таомномага балиқни, яхшиси, ёғлисини киритган маъқул. Бу керакли омега-3ни олиш имконини беради. Бундан ташқари, ёғ ва ёнғоқларни чиқариб ташламаслик керак. Қайта ишланган гўшт маҳсулотларидан эса воз кечган маъқул.
Кундалик таомномада ўртача ёғли сут маҳсулотлари бўлиши лозим: творог, кефир, оқ йогурт, пишлоқ.
Шу билан бирга, мутахассис COVID-19дан кейин реабилитация пайтида икра истеъмол қилишни тавсия этмайди. Чунки унинг таркибида кўп миқдорда туз бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас