Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қолган ишга қор ёғдирманг!

Қолган ишга қор ёғдирманг!

Ёки дангасаликдан халос бўлишнинг самарали йўллари ҳақида

«Бугунги ишни эртага қолдирма», «Қолган ишга қор ёғар»... каби мақолларни деярли ҳаммамиз биламиз. Нима мақсадда айтилганидан ҳам хабардормиз. Аммо «Буни кейинроқ бажарарман», «Эртага қилсам-чи? Ё индинга қолдираймикан?..» деган гапларни ҳам кўп ишлатамиз? Хўш, бу нимадан далолат? Албатта, оддий дангасаликдан.

Биз сизни бахтли қилмоқчимиз – дангасаликдан қутулишга ёрдам берадиган сирни топдик, демоқда мутахассислар. Бироқ, уларнинг айтишича, бу йўналишдаги дастлабки қадамлар осон бўлмайди ва натижа узоқ вақт давомида аниқланади. Демак, бугун дангасаликка қарши курашнинг энг самарали усулларини таҳлил қиламиз. Аввало, келинг, дангасалик нима эканлигини, қандай пайдо бўлишини ва унга қарши доим курашиш зарурлигини билиб олайлик. Тайёрмисиз? Унда ҳозироқ бошлаймиз.

Дангасалик нима?

Одатда, «дангасалик» тушунчаси инсонда муҳим ва долзарб вазифаларни бажариш учун мотивация етишмаслигини англатади. Ҳозирда ёки яқин келажакда қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклигини яхши англаган ҳолда, одам бу ишдан астойдил қочади ёки уни бошқа нарса билан алмаштиради. Ҳатто келгуси вазифаларни бажариш муқаррарлигини англаб турган ҳолда ҳам у аҳамиятсиз ишларга ва ноўрин (масалан, сериаллар томоша қилиш ёки ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш каби) ўйин-кулгига вақт ажратишда давом этади. Бир сўз билан айтганда, дангасалик – ҳозирги вақтда зарур бўлган фаол ҳаракатлардан қочиш, психиканинг ўзига хос мудофаа реакцияси, танлов эркинлиги учун онг ости истаги. Унинг ёрдамида ўзимизни бизга маъносиз ва мажбурий туюладиган ҳаракатлардан «ҳимоя қиламиз».

Дангасаликдан халос бўлиш қийин, чунки бизнинг онгимиз ақл-идрок билан эмас, балки бирламчи инстинктлар ва ҳиссиётлар билан бошқарилади. Ва биз баъзи ҳаракатларни мажбурий деб билишимиз биланоқ (масалан, «Мен пулга муҳтож бўлганим учун буни қилишим керак»), биз бу ихтиёрий фаолият эмаслигига ўзимизни ишонтирамиз. Ва онг ости ғамхўрлик автоматик равишда бизни дангасалик орқали ҳимоя қилишга интилади.

Марҳамат, етти усулдан фойдаланинг

Умуман олганда, дангасаликка қарши курашнинг барча усуллари анча универсал бўлиб, муаммоларни енгишимизда кўпчилигимизга мос келади. Бироқ ҳар бир инсон алоҳида шахс ва баъзи усуллар айримларда бошқаларга қараганда самаралироқ бўлиши мумкин. Дангасалик билан курашишнинг энг мақбул усулини аниқлаб олишингиз учун қуйидаги тавсияларни ўзингизда синаб кўришингиз керак.

  1. Эрта уйғонинг

Кўпчилик учун бу мураккаб синовдек кўринади. Аммо бу фойдали одатни амалга ошириш унча қийин эмас. Эрта ётишга ва будилникни маълум бир вақтга тўғрилаб қўйишга уриниб кўринг. Тонгда эса будилник қўнғироғи чалиниши билан дарҳол ўрнингиздан туринг ва ҳаракатни бошланг, эрталабки юмушларингизни бажаришга киришинг. Уйқу камида 7-8 соат бўлиши учун эрта ётишга одатланинг. Шунда уйғонишингиз осон бўлади.

Хўш, бу дангасаликдан қутулишга қандай ёрдам беради? Аввало, эрта тонгдан режалаштирилган вазифаларингизни бажаришга улгурасиз. Куннинг биринчи ярмида баъзи вазифалар бажарилганда, қолганини куннинг охиригача амалга ошириш барча юмуш кечқурунга қолдирилганидан кўра осонроқ бўлади. Бундан ташқари, эрта уйғониш иш жадвалини меъёрлаштиришга ёрдам беради, сиз етарлича уйқуга тўя бошлайсиз ва жисмонан янада кучга тўласиз.

  1. Илҳомланишни ўрганинг

Яхши мотивация дангасаликдан буткул қутулишга ёрдам беради. Тезкор натижа учун эса Ицхак Пинтосевич томонидан таклиф этилган ажойиб услуб бор. Уни амалда қўллашни ҳозироқ бошлашингиз ва натижани 5 дақиқада олишингиз мумкин. Бу услуб контрастга (қарама-қаршиликка) асосланган. Қулай тарзда ўтиринг, кўзингизни юминг ва чалғимасликка ҳаракат қилинг.

Даставвал энг ёмон сценарийни тасаввур қилинг. Агар ишни охирига етказмасангиз, бунинг оқибатлари қандай бўлади? Барча тафсилотларни, шу жумладан, ҳис-туйғуларни бир-бир таҳлил қилишга урининг. Шундан сўнг дарҳол ижобий томонга ўтинг – вазифани муваффақиятли якунлаш билан бошдан кечирадиган қувончни ҳис этинг. Бундай фикрлаш усулининг 2-3 дақиқаси кучли мотивацияни таъминлайди ва деярли ҳар қандай одамга дангасаликдан халос бўлишга ёрдам беради!

  1. Кайфиятингизни бошқаринг

Яхши кайфият – самарали иш учун ажойиб драйвер. Афсуски, бу асосан ташқи шароитларга боғлиқ. Ҳамма ҳам уни мустақил назорат қила олмайди. Бироқ буни ўрганиш мумкин ва керак. Яхши кайфиятни келтириб чиқарадиган бир қанча омиллар мавжуд.

Биринчидан, ҳаётдаги барча қийинчиликларга бебаҳо тажриба сифатида қаранг. Ҳар қандай вазиятда ижобий томонларни топишга ўрганинг. Аста-секин бу одатга айланади ва кайфиятингизга салбий таъсир кўрсатмайди.

Иккинчидан, иш жойингизни ҳар доим тоза сақлашга ҳаракат қилинг. Нарсаларингиз қилаётган ишингиздан чалғитмаслиги учун уларни тартибга келтиринг. Амалга оширган ишларингиз учун ўзингизни рағбатлантиринг. Севимли мусиқангизни тингланг. Ижобий ва ҳаракатчан одамлар билан кўпроқ мулоқот қилинг. Улкан режаларингизни дўстларингиз билан баҳам кўришга уялманг.

  1. Ишларингизни режалаштиринг

Режали иш – шахсий самарадорликни оширишнинг муҳим механизми ҳисобланади. Айнан қандай вазифаларни ҳал қилиш кераклигини билиш орқали дангасаликдан қутулиш анча осонроқ. Вақтнинг ҳар бир лаҳзасида бугун, эртага ва кейинги бир неча кун ҳамда ҳафта ичида нима қилишни режалаштираётганингиздан хабардор бўлиб туришингиз керак. Ва ҳар доим олдингизда максимал вақт сарфлай оладиган устувор вазифа бўлсин.

Режалаштириш имкониятларини бепарво қолдирманг. Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳар бир одам ушбу оддий одатга амал қилиш орқали ўз маҳсулдорлигини ошириши мумкин. Фақат кейинги ҳафта учун устувор вазифалар рўйхатини тузинг ва уни кўринарли жойга қўйинг. Аста-секин, сиз бундай рўйхатларни юритишда ўз ёндашувингизни ишлаб чиқасиз.

  1. Ижтимоий тармоқлардан воз кечинг

Ижтимоий тармоқларга чалғиган кўп одамлар буни доим «шунчаки беш дақиқа йўқотиш» деб ўйлашади. Аммо бир неча кун давомида Facebook ва вақт ўғирлайдиган бошқа ижтимоий тармоқлардан бутунлай воз кечишга ҳаракат қилинг, шунда самарадорликни кескин оширишга эришасиз. Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларсиз фойдали нарсаларга эътибор қаратиш анча осон экан. Фақат иш вақтида уларни бутунлай рад этинг.

  1. Жонингизни койитинг

Бу дангасаликдан тезроқ қутилишга ва муаммоларни самарали ечишга, барча заиф томонлар ва қўрқувларни енгишга имкон берадиган ўз-ўзини рағбатлантиришнинг кучли усули. Моҳиятан жуда оддий: ўз олдингизга ниҳоятда қийин, лекин бажарилиши мумкин бўлган вазифа қўйинг. Яъни, «имконсиз» ишни бажаришга қарор қилишингиз керак. Вазифани уддаласангиз, ҳаётингиз қандай ўзгариши ҳақида доим ўйлаб кўринг. Энг муҳими, топшириқни белгиланган муддатгача бажаришга вақтингиз қолмаса ҳам, таслим бўлманг.

  1. Одатий юмушларни мароқ билан бажаринг

Қизиқарли ишларни бир неча марта самаралироқ, деярли чарчамасдан бажариш мумкин. Бу қоида ҳар қандай ёшда қўл келади. Масалан, кичкина болалар учун таълим дастурлари ўйин шаклида берилади. Катталар эса одатдаги ишни қандай қизиқарли қилишни ўйлаб топсалар бўлади. Фақат ўз тасаввурингиздан фойдаланинг. Мисол учун, сиз тозалаш ва бошқа муҳим уй ишларини, айтайлик, шижоат бахш этувчи мусиқа остида бажаришингиз мумкин.

Хулоса

Кўриб турганингиздек, дангасаликдан халос бўлишнинг кўплаб самарали усуллари мавжуд. Шу билан бирга, одатларни тубдан ўзгартириш ёки ёқимсиз нарсалар қилишнинг ҳожати йўқ. Фақат ишга бўлган муносабатингизни бошқаришни ўрганинг. Кичик лойиҳаларни якунлашдаги ёқимли ҳис-туйғуга эргашинг ва тез орада сиз ўзингизни нимага интилаётганини аниқ биладиган муваффақиятли, меҳнатсевар одамдек ҳис қиласиз.

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг