Кинолар ва қайчилар
Халқимизнинг севимли филмлари жуда кўп. Уларни ҳар сафар томоша қилганимизда ўша давр руҳини ҳис қиламиз, қайсидир воқеалар ёдимизга тушади, бир сўз билан айтганда, ҳақиқий қўмсаш туйғуси кўнглимизни тўлқинлантиради.
Аммо назаримда қизиқарли, халқона филмларни мафкура тиғи остидан ўтказиб олиш ҳар доим ҳам ўзини оқламайди.
Қизил ўтмишнинг «шонли» киноасарларини бутунлай тўхтатишни-ку тушунса бўлар, аммо «Чинор остидаги дуэл», «Кўзларим йўлингда», «Суюнчи» каби филмларнинг ҳам у ер-бу ерига қайчи теккани жуда ғалати бўлган. Ахир бу филмларни ҳамма кўриб ёдлаб бўлган-ку, энди қирқиш на даркор?
Масалан, «Суюнчи»нинг охирида Абдулла маҳалла чолларига бувисининг ҳамманинг ишига аралашаверишидан шикоят қилади. Шунда Холмат бува «Ўша қишлоқдошларинг қулоқлар Анзиратнинг ота-онасини ўлдириб кетишганида, Анзират ёш боши билан қишлоққа бош бўлганини билишадими?! Айт, бу қишлоқда ким унга бегона экан? Кўрсатасан ўша бегоналарни!» деб койийди.
Лекин Холмат буванинг айнан мана шу гапи кесиб ташланган. Аслида Анзират бувининг қишлоқда ўзини бундай тутиши сабаби очиб берилган гап шу ерда. Қисқартирилган, тамом!
«Чинор остидаги дуэл»нинг ўзбекчасида Ботир Зокиров ҳақидаги суҳбатлар кесиб ташланган (негалиги қизиқ), русча вариантида эса тўла-тўкис сақланган.
Ёки «Кўзларим йўлингда» филми яқинда «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилди. Ундаги Мелис Абзалов яратган ака Бенсион «Бизни майда миллат деб камситишади» деган сўзлар билан ўз элатининг дардини айтишга ҳаракат қилади. Шу жойига ҳам қайчи теккан – кесиб ташланган. Аслида филм иттифоқ даврида олинган, юзлаб миллат ва элатлар яшаган пайтда ким камситиши кўрсатилмаган бўлса-да, бу эпизоддан ҳам яхши бир киноасарга мос тушмайдиган иллат топилган кўринади. Не ажабки, айнан шу филмда Теша Мўминов айнан ўзига хос йўғон овоз билан «Пулга бир жойингни артасан» деган жойи гарчи жуда қўпол бўлса-да, қолдирилган. Ўша машъум уйдан чиқиб, Теша ака айтган жойини кўрсатиб кетган хоним лавҳаси ҳам кесиб ташланмагани жуда ҳайратланарли.
Қизиқ, қайчи эгалари асбобларини қандай жиҳатларга кўра ишлатишаркин?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter