Нега ёмғирлар камайиб кетди ёхуд нега қор ёғмаяпти?
Кутманг, сарлавҳадаги саволга жавоб беролмаймиз, чунки ўзимиз ҳам бунинг аниқ жавобини билмаймиз. Бу ҳозирги кунда жуда кўпчиликни ўйлантираётган масала.
Юртимизда тўрт фасл алмашинуви одатда сезиларсиз кечади. Лекин бу йил кузда ёмғир деярли бўлмаганидек, қишда ҳам қор ёғмаяпти. Биз одатда қорга фақат завқ улашувчи, болалар қувнаб ўйновчи табиат ҳодисаси сифатида қараймиз. Лекин ҳаётимизда унинг аҳамияти шунчалар каттаки...
Миллий фольклоримизда, эътибор бергандирсиз, бир тўда аёллар «сус хотин» деб мавсум қўшиқларини айтишади. Кўпчилигимиз бу сўзларда, ҳаракатларда нима маъно яширинганини тушунмаймиз. Аслида уларнинг ҳаммаси халқнинг қандайдир дарди, қувончи, оҳу-ноласини акс эттиради. Одамлар қору-ёмғир сўрагани, баҳор келганида қувониб маросимлар ўтказгани, ҳатто шамолни чақириб ҳуштак чалганлари бизга ҳозир эриш туюлади.
Биз қанча замонавийлашганимиз сари табиатдан шунча узоқлашиб бормоқдамиз. Ҳолбуки ҳар бир нафасимиз, ҳар бир онимиз табиат неъматларисиз кечмаслигини ўйламаймиз ҳам. Заминдаги ҳар бир тирик жон аслида табиатнинг бир бўлаги, зарраси.
Ўтган асрда «Фан-техника тараққиёти табиатни енгди, энди инсон табиатга бўйсунмайди, уни истаганча жиловлай олади» деган ақида пайдо бўлган ва бу улуғ ютуқ сифатида дарсликларига киритилиб, мактабларда ўқитилганди. Биздаги эътиборсизлик ўша пайтлардан қолган бўлса ажабмас. Албатта, биз итоатгўй, сўрагувчи халқмиз. Ҳар сафар дастурхон устида, йиғинларда юртимизга тинчлик, фарзандларимизга соғлиқ сўраймиз. Фаровонликни тилаб дуолар қиламиз. Лекин осмондан тушган ҳар бир томчи сув ҳам бебаҳо неъмат. Мўл-кўлчилик, ҳосилларимиздаги барака, жониворлардаги кўпайиш — ҳамма-ҳаммаси шу неъматга бевосита боғлиқ. Демак, дуоларимизда, тилакларимизда ҳар қанча ёмғир сўрасак, қор тиласак арзийди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter