Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Киев қишлоғида туғилган ва қашшоқликда ўлган машҳур актёр

Киев қишлоғида туғилган ва қашшоқликда ўлган машҳур актёр

«Афоня» филмидан.

Унинг экранда пайдо бўлиши кўпларнинг юзида табассум уйғотган, кайфиятни кўтарган. Беғубор чеҳраси, бир қарашда, совуқ ва кўримсиз юзи, синчиклаб боққанда эса ғамга ботган кўзлари мухлисларга шавқ-завқ улашган. Унинг иштирокидаги кўплаб фильмлар ўзбек тилига таржима қилинган. «Афоня», «Кузги марафон», «Келди-ю кетди», «Табор кўкка интилади» шулар жумласидан.

Борислав Брондуков миллионлаб мухлисларга кулги улашган бўлса-да, ўзининг ҳаёти силлиқ кечмади, умри ниҳоясида у қашшоқликда яшади.

 Нимжон, хаста бола

Борислав Брондуков 1938 йилнинг 1 мартида Киевдан унча узоқ бўлмаган Городишено қишлоғида дунёга келган. У ўта нимжон ва хаста ҳолда туғилганди. Отаси рус, онаси польяк миллатига мансуб эди.

Болек илк таълимни уйда олди. Сўнг умумтаълим мактабида ўқиди. Кейин пойтахтдаги кончилик билим юртига қатнаб, заводда ҳам ишлай бошлади. Шу билан бирга у халқ театрида чиқиш қиларди. Бундай чиқишларини кўриб қолган театр институти ректори Наколай Заднепровский Бориславга театр институтига ҳужжат топшириши кераклигини айтди. 23 ёшли Брондуков Киев театр институтининг кинофакультетига ўқишга кирди. У Киев киностудияси актёри сифатида ишлаб, аста-секин танила бошлади.

Брондуков кинодаги дастлабки ролини 1962 йили «Тошдаги гул»да ижро этди. Аммо бу роль унга довруқ келтирмади. Шундан сўнг «Хатарли гастроллар», «Вий», «Елканлар бўлганида» каби фильмларда кичик ролларни ўйнади. Кўзга кўринган роли эса «Келди-ю кетди» фильми бўлди.

Борислав Брондуков ролнинг катта-кичиклигига қарамаган. Режиссёрлар унга асосий ролларни раво кўрмай, иқтидоридан фойдаланишга ҳаракат қилишарди. «Кузги марафон», «Гараж», «Афоня», «Келди-ю кетди», «Табор кўкка интилади»... Брондуков уларда майда ролларни ижро этган бўлса-да, томошабин меҳрини қозонди.

Маълум вақт ўтиб, Брондуков бош ролларни ҳам ижро этадиган бўлди. У «Сизни гражданка Никанорова кутмоқда», «Таҳликали сентябрь ойи» саргузашт фильмида ўзига хос ролни талқин этди. Василий Ливанов ва Виталий Соломинлар ўйнаган Шерлок Холмс ҳақидаги телесериалда эса анчайин салмоқли – полиция нозири Лейстрейд ролини талқин этди.

Брондуков яратган қаҳрамонлар унинг ўзидаги фаолликдан фарқ қилиб, унча-мунчага пинагини бузмайдиган, лоқайд, тутуруқсиз одамлар эди. Аҳмоқона ишларга қўл урадиган бундай кимсалар бемаъни валдирашлар билан кун ўтказса-да, ҳар ҳолда ёвуз эмас, нафрат уйғотмайди, аксинча қандайдир кулгига сабабчи бўлади, холос. Брондуков кенг тарқалган бундай феъл-атворни яхшилаб ўрганган, ўз ижроси орқали ишонарли тарзда очиб берган эди.

«Мени бу қариядан қутқар...»

Ўтган асрнинг 60-йиллари бошида Борислав Брондуков Ленинград политехника институтида ўқийдиган қизга уйланди. Аммо уларнинг турмуши узоққа чўзилмади. Тўйдан сўнг келиннинг руҳий касаллиги аён бўлди.

Брондуков иккинчи рафиқаси – театр институтида таҳсил оладиган Екатерина билан 1969 йилда танишди. Ўшанда актёрнинг ёши 31 да, Екатерина эса 18 ёшда эди.

– Дугонам билан актёр Иван Миколайчукни аэропортга кузатиб қўймоқчи эдик, – деб хотирлайди Екатерина Петровна. – Миколайчук Брондуков билан бирга келган экан. Уни танимасдим. Ҳатто, жомадонларни кўтариб олгани боис, ҳаммол деб ўйлабман. Дугонам Миколайчук билан гаплашаётганида мен ўриндиқда ўтиргандим, Боря мен тарафга сурилиб, ҳазиллаша бошлади. «Маст-аласт, қари бу одам ўзини тутолмас ҳам экан», – деб жаҳлим чиқди. Дугонамдан ёрдам сўрадим, «Люда, мени бу қариядан қутқар», дедим. Люда лабини бурди: «Сен биласанми, бу ким? Жуда истеъдодли актёр. У сени театр институтига тайёрлайди». Эртаси куни Боря билан учрашиб, репетицияни бошладик... Мен биринчи курсни тугатмаёқ унга турмушга чиқдим... Брондуков жуда ғамхўр эди. У рўзғорни бекаму кўст қилишга интиларди. Ёдимда, мени биринчи бор уйига таклифга қилганида сосиска ва картошка қовурган, салат тайёрлаганди. Орадан вақт ўтиб, қиз болани бундай зиёфат билан сийлаш мумкин эмаслигини англаб етдими, мени ресторанларга етаклай бошлади...

Борислав ва Екатерина Брондуковлар икки ўғил – Богдан ва Константинни вояга етказишди.

Оила аъзолари билан. 

«Тўхта!.. Сен кимсан?»

70-йилларда Брондуков турли-туман жанрдаги 30 га яқин фильмда роль ижро этди. У яратган қаҳрамонлар халққа шу қадар яқин эдики, сўзлари экрандан ҳаётга кўчаверди. Дейлик, «Афоня! Пулдан чўз!» ибораси роса машҳур бўлиб кетди.

Дарвоқе, режиссёр Георгий Данелиянинг «Афоня» фильмида аслида Брондуков бош ролни ўйнаши керак бўлган. Даставвал фильмни Леонид Осидка ишлашга киришиб, бош қаҳрамон Боршчёв ролига Боряни тасдиқлади. Аммо тез орада «Афоня»ни Георгий Данелия ишлаши керак, дейилди. Брондуковни яқиндан билган сценарийнавис Бородянский режиссёрдан уни ҳеч бўлмаса кичик ролга олишини илтимос қилди. Георгий Данелия Брондуковга ароқхўр Федуляни топширишини айтди. Федуля фильмда бор-йўғи битта иборани айтиши керак эди. Аммо киносиновдан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Брондуков Данелияни қизиқтириб қўйди. Унинг қаҳрамонини кун давомида муҳокама қилдилар, натижада бир нечта саҳналар пайдо бўлди. Федуляни эски уст-бош билан таъминлаш учун киностудия кийимхонасини ағдариб чиқишса-да, ҳеч нима топилмади. Брондуков режиссёр Данелиянинг эски свитерини кийиб суратга тушди.

Ўшанда қизиқ бўлган. «Афоня»ни меҳмонхона ресторанларидан бирида суратга олишаётганида Брондуков чекиш учун ташқарига чиқди. Чекиб бўлгач, ичкарига қайтиб кира олмади. Қўриқчилар уни бетайин дайди, ароқхўр деб ўйлашганди. Ижодий жамоанинг аралашувидан сўнггина Брондуков ичкарига кирди.

Гайдай уни кеч пайқаган эди. 

Хотинига ёқмаган роль

Кўпчилик, Брондуков «ҳаётда ҳам шунақа ёқавайрон юради», деб ўйлаган. Хотини Екатерина Петровнанинг айтишига кўра, бундай эмас. Брондуков тартиб-интизомли бўлган, жамоат жойида ҳам, уйда ҳам ўзини тута олган. Уни бунга 1973 йили актёр Евгений Леонов ўргатган. «Боря, унутма, ҳатто ароқхўрни ҳам ҳушёр артист ўйнаши керак», – деган эди Леонов. Брондуков бу маслаҳатни бир умр эслаб қолди. Тўғри, у баъзан дўстлари даврасида яхшигина ичиб, уйга ширакайф ҳолда келарди. Бироқ эрталаб арчилган бодрингдай бўлиб уйғонарди.

«Афоня»даги Федуля роли ижросидан сўнг режиссёрлар Брондуковга худди ароқхўрга ташлангандек ёпирилишди. Бу унинг рафиқасини жиғибийрон қилди. Эрнинг бундай «обрўйи» қайси аёлга ёқсин? «Дадиллик учун юз грамм» фильми премьерасидан чиққан Екатерина ўз ролига юз фоиз киришган Брондуковдан шунчалик дарғазаб бўлдики, унга ўдағайлаб берди: «Менга қара, агар бундан кейин яна шундай ролларни ўйнасанг, яхшилик кутма!»

Брондуков иккинчи, учинчи даражали ролларни ўйнашни давом эттирди: «Биз жазданмиз» (Колбасьев), «Спортлото-82» (турбаза директори), «Ҳаёт учун хавфли» (Переделкин). У ўзини зиғирча аямас, доимий равишда роль ижроси билан банд бўларди. Москва-Киев-Одесса-Санкт-Петербург, кейин яна Москва... Уйга камдан-кам келар, деярли дам олмасди.

Нон ва гўштга пул йўқ

1984 йил. Актёр Брондуков биринчи инсультни бошдан ўтказди. Тўрт ой даволанди. Сўнг ишга отланди. Кетма-кет тўққиз йил суратга тушди. 1993 йилда иккинчи инсульт юз берди! Хотини Екатерина Петровна ишини ташлаб, эрининг ёнида бўлди. Пул йўқ, шу боис у тикув машинасидан фойдаланди: эстрада артистлари учун концерт либослари тикиб бера бошлади.

Брондуков ўзида куч топиб, ўрнидан турди, ҳатто киномайдонига йўл олди. Бироқ бу пайтда собиқ иттифоқда кино деярли суратга олинмаётганди. Ана шунда Брондуков ўз оиласидан бошқа ҳеч кимга керак эмаслигини англаб етди. Яқинлари уни қашшоқлик ва нокераклик туйғуси адо қилганига ишончлари комил эди.

90-йилларда актёр Борислав Брондуков муҳтожлик ва эътиборсизликда ҳаёт кечирди – нон, гўшт олишга пул йўқ. Қолаверса, унинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмасди. Шундай кунлардан бирида кенжа ўғил уйга кириб келганида, Брондуков йиғлаб юборди. «Ейишга ҳеч нимамиз йўқ», – деди у.

Кейин бозорга отланди. У ерда Брондуковни таниш қассоблардан бири кўриб қолиб, тўрвани тўлдириб суяк солиб берди. Итига деб ўйлади-да! Брондуков уйга келгач, бу суяклардан шўрва қайнатиб, ўзлари ичишди.

Актёр охирги бор экранда 1997 йили «Хиппиниада ёхуд қитъа муҳаббати» фильми билан кўринди. Ана шундан сўнг актёрлик фаолиятига узил-кесил нуқта қўйган учинчи инсульт рўй берди. Боз устига бош миясида шиш пайдо бўлди. Шишни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашди. Аммо бир йил ўтиб, Брондуковда тутқаноқ бошланди. Бир талай касалликларни бошдан ўтказган актёр тилдан қолди, у ҳаракатлана олмасди.

Брондуковни хотини овқатлантирарди. У эрининг кўз ёшларини артар, у ёки бу ёнбошига ағдариб ётқизар, чўмилтирар, мулойим сўзлар билан овутарди. Брондуков эса фақат кўзёши тўкар, кимга бўлмасин, термилиб қарарди. Йиғлагани эски ҳамкасбларидан кимдир хабар олишга келганида юз берарди. «Афоня» ёки «Шерлок Холмс саргузаштлари»ни телевизорда кўрганида ҳам тинимсиз кўз ёши тўкарди. Унинг хасталиги ҳақида ёнида туриб гаплашганларида-ку, сира ўзини тутиб туролмасди... Борислав Николаевич бошқаларнинг нималар ҳақида сўзлашаётганини эшитар, бироқ унинг нималарни ўйлаётганини ҳеч ким била олмасди. Теварак дунё ва Брондуковни фақат унинг кўзлари боғлаб турар эди.

Сўнгги лаҳзалар

Касал ва соқов эрига ғамхўрлик қилган Екатерина Петровна шундай хотирлайди:

– Биз ёлғиз эдик. Шифокорлар биздан хабар олишмас – чунки узоқда яшардик. Фақат қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашарди. Киностудия директори икки марта хабар олди. Бир куни эса аллақандай талончилар пайдо бўлишди, бироқ бизни тунашмади, балки аҳволимизни кўриб, пул ташлаб кетишди.

Бошқа куни Брондуковларнинг уйида телефон жиринглади. Харьковдан, телевидениедан қўнғироқ қилишаётганди. «Артистимиз ҳақида лавҳа суратга олмоқчи эдик», – дейишди. «Қандай лавҳа? – дея аччиқланди Брондуковнинг аёли. – Ахир эрим қимирлай олмайди, тилдан қолган». ТВчилар уй бекасини кўндиришди. Уйга келишди. Ана шунда кутилмаган воқеа юз берди: камерага кўзи тушган Борислав Николаевич каравотдан тушди, оёққа туриб, қадам ташламоқчи бўлди. Кейин эса ожизлигидан хўрлиги келиб, йиғлаб юборди. Харьковликлар ҳам йиғлашди...

Актёр умрининг сўнгги пайтлари. 

Бу кўрсатув НТВ орқали намойиш этилди. Телефон қўнғироқлари бошланди: Тошкент, Харьков, Донецк, Киев, Москва, Петербург, Нью-Йорк, Қуддусдан... Улар дарғазаб эдилар: нима сабабдан Брондуковнинг оғир аҳволи ҳақида матбуот шу пайтгача сукут сақлади? Тепадагилар-чи, нега жим? Қандай ёрдам беришлари мумкинлиги билан қизиқишди. Ёрдам кўрсатилди ҳам, сўзда эмас, амалда!

Актёр Борислав Брондуков 2004 йилнинг 10 мартида ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда тонгги соат беш эди.

Екатерина Петровнанинг эсдаликларидан:

– У кўзларини очиб, бизга бир-бир қаради. Оғзи аввал бир томонга, сўнг иккинчи тарафга қийшайди. Нафас олиши тўхтади, кейин давом этди, яна тўхтади... Ўлими олдидан кўзларини маҳкам қисди. Юзи қизарди, кейин тўқ қизил рангга кирди, бироз ўтиб кўм-кўк тусга айланди. Шундан сўнг Бронечка оқарди... Бўшашди, юзидаги ажинлар тортилиб, текисланди. Унинг даҳани очиқ эди. Мен зудлик билан жағини боғладим. Унинг юзи хотиржам тортди. Ва... ҳаммаси тугади!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг