Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Ўзбекистон — Туркия — Бельгия. Учаласини нима боғлайдию нима ажратади?

Ўзбекистон — Туркия — Бельгия. Учаласини нима боғлайдию нима ажратади?

Брюссель марказидаги Шуман кўчаси

Фото: «Xabar.uz»

Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси сентябрь ойида танлов эълон қилганди. Ушбу танлов давлат ташкилотларида ахборот очиқлиги мавзусига бағишланган бўлиб, омадимни синаб, ҳужжат топширгандим. Олдин ҳам ёзганимдек, танловни ЕИ делегацияси ўтказган ва ҳаққоний бўлишига умид боғлаганман. Чунки бу ерда “Олтин қалам” ёки “Энг яхши журналист” каби “местний” танловлардаги “ўйинлар”дан безиб кетгандим.

Хуллас, омадим келиб, ғолиб чиқдим. Совға Европага бир ҳафталик саёҳат эди. Яқиндагина ушбу саёҳатдан қайтиб келдим. Таассуротлар яхши. Қуйида бирма-бир тўхталаман.

Аэропорт — остона

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ярим кеча бўлишига қарамай, одамлар билан гавжум. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳамма танқид қилаверганиданми, анча “тортилиб” қолгандек. Тағин билмадим. Терминалларда умра сафарига отланган ҳожи оналару оталаримиз юзларидан нур ёғилиб ўтиришибди. Рейсимиз улар билан битта экани бир томондан кўнгилни хотиржам ҳам қилди.

Айтганча, мен Истанбул (Туркия) орқали Брюссел(Бельгия)га учиб кетишим керак. Чипталарни олгач, самолётга олиб чиқадиган терминалга юрдим. Ўша терминалга ўтишдан олдин “жиддий” бир ташкилот паспортга тамға босиши керак экан. Уларни таниб олишим қийин бўлмади (эслатиб кетай, бу менинг хорижга илк сафарим эди). Соат кечаси бирдан ошгани учунми, бир қовоғи осилган ходим оғзини катта очиб эснаб, мени кутиб олди. Салом бермади, ўзим бу ишни қилдим. Во ажабки, алик ҳам олмади. Қовоқларини баттар осилтириб, лом-мим демай, паспортимни қайтарди. Иш шунчалик осон ва тез битдими, деб ўйладиму, бир муддат савол назари билан тикилиб қолдим. У эса парвои фалак, эснашда давом этарди. Охири сўрадим: “Нима гап, ака? Бўлдими?” Садо йўқ, жавоб йўқ, нигоҳ ҳам йўқ, фақат эснаш бор. Ахийри ёнимдаги шеригим вазиятга ойдинлик киритди: “Паспортнинг ғилофини олинг”.

Айтганидек қилиб, яна узатдим. Ходим қабул қилди. Обдон титкилади, худди бир нима чиқадигандек. Кейин менга қараб турди-да, муҳр босди. Паспортни узатди. Салом бермас экансан, ҳеч бўлмаса алик ол. Ёки каллангни ликиллатиб қўй. Шунақа ўйлар билан ходимни тарк этдим. Кетаётганимда яна бир қараб қўйдим: у кейинги йўловчини эснаб кутиб олаётган эди...

Дунёдаги энг катта аэропортлардан бири

“Turkish airlines” самолётларию унинг хизматчиларига гап йўқ. Учувчилари анча тажрибали экан, чунки учиш ва қўнишда бу жуда билинди. Овқатлари мазали. Қарийб 5 соатлик парвозда зиғирча ҳадикни сезмадим. Бортга чиқишда стюардессалар кулиб кутиб олиб, кулиб кузатишди. Салом-хайр қилишди.

Отатурк халқаро аэропорти — дунёдаги энг катта аэропортларидан бири. Бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан йўловчилар келиб, транзит орқали дунёнинг турли бурчакларига йўл олади. Ёки яна қанчадир қисми қадим Туркияни кўришга ошиқади. Қисқа қилиб айтганда, ушбу аэропорт Европа ва Осиё-Африка қитъаларини боғловчи хабга айланган.

Аэропорт ходимлари ширинсухан, салом-алиги жойида, хайрли парвоз ҳам тилашди. Шеригимдан “суратга олиш мумкинми?”, дея фотоаппаратимга ишора қилиб сўраганимда “Албатта, истаганингизни расмга олинг”, дея жавоб берди. Мен эса шу саволни берганимдан ичимда уялиб кетдим.

Шу тариқа “Turkish airlines”да Бельгияга йўл олдим.

Европа иттифоқи маркази

Брюссель халқаро аэропорти бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Мамлакатга киришда муҳр қўядиган аэропорт ходими табассум билан саломлашди, кейин мақсадимни сўради, охирида тамғани босиб, омад ҳам тилади (Ўзбекистонга кириш ҳақида қуйида тўхталамиз).

Брюссель — қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар. Бу ерни Европа иттифоқи маркази дейишади. Чунки ЕИнинг деярли барча институтлари шу шаҳар марказида жойлашган: ЕИ кенгаши, Еврокомиссия, Европарламент, Берламонт, ЕИ ташқи фаолият хизмати ва бошқалар. Бир ҳафталик сафарим давомида бу ерда БМТ инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан ЕИ конференцияси бўлиб ўтди. Бундан ташқари, ЕИ ва Ўзбекистон, ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашлари ҳам ўтказилди.

Беғубор шаҳар

Рост. Бу баландпарвоз гап эмас, Брюссель ҳақиқатан ҳам ғуборсиз, чангсиз маскан экан. Денгизга яқин бўлгани учунми, ҳавоси жуда тоза, ёқимли, ҳамиша шабада эсиб туради. Кўчаларида бирор гард йўқ. Масалан, оёғимга янги сотиб олган спорт пойабзалим 7 кун мобайнида бирор марта чанг бўлмади.

Аҳолига ҳурмат

Бу ерда барча нарса одамлар учун ишлаб чиқилган, яратилган, ўрнатилган, жорий этилган, йўлга қўйилган. Метросини олайлик. У ерда бирорта формали одам кўринмайди. Тартиб посбониям, жетон сотувчи метро ходимиям. Жетонни ўзингиз автоматдан харид қиласиз, ортиқчасига қайтим ҳам беради у машина. Ёки кунлик ва ойлик йўл чипталари олиш мумкин, у метрога ҳам, автобусу трамвайга ҳам ўтади бемалол.

Яна бир қулайлик шуки, исталган бинога киринг, албатта, вай-фай бор. Вай-фай ҳам унақа ўлимтик эмас, учворади. Парол-марол керакмас. Пароли бўлса, қаергадир эълонча қилиб осиб қўйишган. Одамлар қийналиб юришмасин дейишган-да. 

Пиёдаларга ҳурмат

Яна бир ўзига хос жиҳат: катта йўлларда автомобиль ҳайдовчилари пиёдалар ҳурматини жойига қўяди. Светофор бор жойда-ку майли, лекин ушбу уччироқ йўқ ерларда ҳайдовчилар йўлдан ўтаётган ҳар бир йўловчини сабр билан кутади. Ҳа, сабр ва ҳурмат билан. Гарчи йўлдан бир вақтда юзлаб одам ўтса ҳам. Бирор марта машина сигналини эшитмадим ёки “тезроқ юрмайсанми!”, “катта холангни уйидамисан?”, “ухлаб қолдингми” деган “ширин сўзлар” умуман қулоғимга чалинмади.

Энг қизиғи, пиёдалар, велосипедчилар, енгил машиналар ва жамоат транспортлари учун алоҳида йўллар қилинган. Пиёдалар велойўлакда юриши мумкинмас, шу билан у велосипедчига ҳурмат кўрсатиб, ҳар икки томонни ҳалокатдан асрайди. Енгил автомобиллар эса автобус йўлига тушиб олмайди, хоҳ у ер бўш бўлсин, хоҳ турнақатор “пробка” бўлсин, ўнг томондаги автобус йўлини БАНД ҚИЛМАЙДИ!

Ўзбекистон — Ватаним маним

Худди шу йўл ва худди шу таассурот орқали Ўзбекистонга қайтдик. Истанбулда фақат бир нохуш ҳолат бўлди холос. Яъни тирикчилик кўйида юрган ўзбек аёллари сумкаларини самолётга олиб чиқиб бериш учун дуч келган одамга ялинмоқда. Нега ўзлари олиб ўтмайди? Билмаганлар учун эслатиб кетаман, бир одам самолётга қўлида фақат 2 тагача сумкани олиб чиқиши мумкин, қолгани юкхонада кетиши керак. Юкхонада ҳам меъёрдан ортиқча вазн учун пул тўлайди. Бизнинг савдогар аёлларимиз эса одамларга сарғаяди.

Тўғри, уларга ёрдам берадиганлар топилади, чунки ҳаммаси ҳам ёлғончи ёки фирибгар эмас-да. Ичида ҳар замонда шундайлари чиқиб қолади ва юки орасида бирор шубҳали нарса билан қўлга тушгач, ўзини олиб қочади. Яхшилик қилиш мақсадида юкни олиб ўтган инсон эса сўроққа олиб кетилади. Хўш, ўша аёлларни юртма-юрт савдо қилишга, ҳар сафар йиғлагудек бўлиб сарғайишга нима мажбур қилган экан? Савол риторик бўлмоқда. Улар тирикчилик учун ўзга юртда бундай ҳолатга тушиши адолатданмикан?

Самолётдан тушгач, Ўзбекистон ҳудудига киришимизда яна ўша “жиддий” ходимларга дуч келамиз. Бир марта оғзим куймаганми, эснаб турган бир ходимнинг олдига келдим-да, олдига паспортни қўйдим. Ғилофини чиқариб, албатта. Салом бермадим, уям индамади. Одатдагидек варақлаб, муҳрни босди-да, чап қўли билан эснаган оғзини ёпди ва ўнг қўлида менга ҳужжатимни узатди. Фарқини кўряпсизми? Энди хориждан келаётган туристлар ҳолини билиб қўяверинг. На салом бор, на алик, на гапиради, на мақсадини сўрайди. На хуш келибсиз дейди, на хайрли парвоз тилайди. Майли, гапирмасин, ҳеч бўлмаса, кулса бўлади-ку, меҳмон келяпти юртга. Йўқ, булар фақат эснаркан. Шундан кейин бир марта келган сайёҳ Ўзбекистонга яна қайта ташриф буюришига кимдир кафолат берадими?

Хуллас...

Аввало, одамлар ўз онгини ислоҳ қилиши, ўзаро ҳурматни ўрганиши керак, бунинг учун эса етарлича шароит лозим. Пулга кўп нарса боғлиқ, баландпарвоз гаплар билан қоринни тўйғазиб, оилани боқиб бўлмайди. Ойликларни кескин ошириш, турмушни яхшилаш, халққа қулайликлар яратиш керак.

Албатта, бу бўйича ҳаракатлар бошланган. Илтимос, бошланмасидан тугатиб қўймайлик. Сайёҳлар яна қачон Ўзбекистонга бораман деб кетсин.

Бу учала давлатни нима боғлашию нима ажратиши ҳақида ҳукм чиқаришни ўзингизга қолдираман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг