Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Замон тинч, лекин кўчада юриш жуда хавфли

Замон тинч, лекин кўчада юриш жуда хавфли

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, деб дуо қилади катталаримиз. Тинч замонда ҳеч нимадан қўрқмай, бемалол, эмин-эркин юрасан, биров мушугингни пишт демайди, болаларинг кўчада ўйнаб юради, мактаб-боғчага бориб-келади...

Стоп! Тинч замонда аслида юқоридаги ҳолат бўлиши керак. Аммо Наманганнинг Косонсойидаги автоҳалокат жамоатчиликни оёққа турғазди. Машина тагида мажақланган ўша бола ҳам шу тинч замонда мактабга қатнарди. Ота-онаси ҳеч нимадан хавотир олмай, болам катта бўлиб қолди-ку, деб ўз ишлари билан андармон юрарди...

Ахир улар билмаган-да, 14 ёшли ўғлини машина минган бошқа 14 ёшли бола (ростданам бола у) ўлдириб кетишини. Ахир улар билмаган, 14 ёшли болага шалоғи чиққан машина бошқарувини бериб қўядиган оталар борлигини. Ахир улар билмаган, одам уриб кетсаям сувдан қуруқ чиқадиган олғирлар мавжудлигинию ҳатто автоматлаштирилган тизим ҳам инсон омили олдида ожиз қолишини...

Муаммонинг илдизи яна таълим ва тарбияга, кейин эса ички ишлар тизимига бориб тақалади. Ҳар иккала соҳа ҳам коррупция ботқоғига ботган. Ўқитувчи ўқитаман деса, ўқувчи шантаж қилади, ўқимаган ўқувчи эса одамларни «ўлдиради». Ички ишлар тизимида оддий киракаш филдек жаримага тортилади, «Малибу» минган каттаконлар пашшадек жаримани тўламасдан, танишларини ишга солади.

Мактаблар олдида тезликни ошириш тақиқланишини ҳаммамиз биламиз, аммо деярли ҳеч ким амал қилмайди. Ҳатто пиёдалар ўтиш йўлагида тезликни пасайтириб, кейин тўхтайдиган ҳайдовчилар йўқ ҳисоби. Катта одамлар, болаларни-ку қўйинг, йўлдан ҳайиқиб, қўрқиб, юрагини ҳовучлаб ўтади. Бошқа бирор чет давлатида асло бундаймас!

Нега шунақа? Чунки жазо енгил, ҳайдовчи зар ё зўр билан бемалол қутулиб кетишига кўзи етади ёхуд ички йўлларда кузатув камералари ё ЙПХ ходимлари йўқлигини жуда яхши билади. Тошкент марказий кўчаларидаки даҳшатли авариялар бўляптими, демак, назорат деярли ўрнатилмаган вилоят марказлари, ички йўллари, қишлоқлардаги (Косонсойдаги ҳолат) ҳодисалардан ким қўрқади?! Қишлоқдагилар қоидани бузса, уларни ким жазолайди, қоида бузганини ким билиб ўтирибди? Демак...

Буларнинг бари занжир: нега улар қоидани бузиб юришни ёқтиради? Чунки маданият ва тарбия йўқ. Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олган, имтиҳондан пул бериб ўтган. Буларга исботинг борми, деб ўзингизни овутмай қўя қолинг. Танишингиздан сўранг-чи, «права»ни қандай олган экан: ўз кучи биланми ёки зар ё зўри биланми? Демак, ўқимасдан туриб, бир парча ҳужжатга қийналмай эришган экан, бошқа қоидалар унга «гитара».

Кўряпсизми, бир-бирига боғланган ҳаммаси? Оилада қулоқсиз, мактабда безори, кўчада «кўча», «права»ни сотиб олган, ота-онасини ўйламайди. Нима қилиш керак унда? Рости, билмайман! Нимадир қилиш учун жуда кеч қолдик, деб ўйлайман. Бутун бошли тизимни бошқатдан қуриш керакдир балки, ҳайронман.

Чет элда, масалан, Европа Иттифоқи маркази Белгияда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо ва жарималарни қаранг:

  • Аҳоли яшайдиган ва мактаб ҳудудларида 30 км/с чеклов бор, агар тезлик:
    - 10 км/с оширилса, 53 евро (тахминан 636 минг сўм);
    - 11 км/с.дан бошлаб 53 евро ва ошган ҳар бир километрига 11 евродан қўшилади, 8 кундан 5 йилгача машина ҳайдаш ҳуқуқидан айрилади ёки 4 минг евро (тахминан 50 млн. сўм) жарима тўлайди.
  • Қизил чироқда ўтиш учун жарима 174 евродан бошланади ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади.
  • Сариқ чироқда ўтиш учун жарима 116 евродан бошланади (мана бунисини қаранг!).
  • Узлуксиз узун чизиқни босиш: 174 евродан бошланади.
  • Тўхташ қоидасини бузиш: 58 евродан.
  • Йўл бермаслик: 116 евродан бошланади, 8 кундан 5 йилгача машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш.
  • Хавфсизлик камарини тақмасдан ҳайдаш: 116 евродан.
  • Телефонда гаплашиш: 116 евродан.
  • Спиртли ичимлик таъсирида машина ҳайдаш: 179 евро жарима ёки 3 соатга машина ҳайдамаслик жазосидан бошланади. Энг юқори жарима 1200 евро, прокурор аралашса, 16 минг еврогача жарима ёки 8 кундан 5 йилгача машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш.
  • Наркотик таъсирида ҳайдаш: 15 сутка қамоқ, прокурор аралашса, 40 минг еврогача жарима ёки 3 ойдан 5 йилгача машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш.

Ана шунақа гаплар. Белгияда бир ҳафта юриб келган одам сифатида айтаманки, у ерда инсон қадри бор. Ҳукумат ё давлат даражасида эмас, ҳайдовчи ва пиёда ўртасида. Биров сигнал чалмайди, тезроқ ўтмайсанми, деб бўкирмайди, маданият билан ўзаро ҳурматни сақлашади. 

Биз ҳам қачондир шу даражага етамиз, албатта. Аммо бунинг учун энди камида битта авлод алмашиши керак бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг