Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Петиция ва «Менинг фикрим». Бир йил ичида икки хил манзара

Петиция ва «Менинг фикрим». Бир йил ичида икки хил манзара

Фото: «Xabar.uz»

Ёдингизда бўлса, ўтган йили Боровский коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов фожиаси юзасидан пойтахтлик Ирина Зайдман воқеа айбдорларини жазолаш талаби битилган петиция ташкил қилиб, Бобур номидаги истироҳат боғида жамоатчилик мурожаатини имзолаш учун бир неча юз кишини тўплаганди. Ирина Зайдман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу «рухсат этилмаган оммавий тадбир»ни ташкил этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг икки моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 15 кунлик қамоқ ва қарийб 7,5 миллион сўмлик жарима билан жазоланган. Шунга ўхшаш ҳолатда петиция уюштирган тошкентлик Мария Леглер ҳам жавобгарликка тортилганди.

Орадан ҳали бир йил ҳам ўтмади. Агар улар шу ишни бир неча ой илгари эмас, бугун уюштиришганида балки бу тарзда жавобгарликка тортилмасликлари мумкин эди. Чунки энди оммавий мурожаат йўллашнинг аниқ механизми бор. Бу — «Менинг фикрим» портали. «Менинг фикрим» орқали петиция уюштириш юқоридаги ҳолатдан бироз фарқланади, албатта. Биринчидан, порталда оммавий мурожаат йўллаш учун одамларни қайсидир майдонда тўплаш шарт эмас. Иккинчидан, петиция беришнинг аниқ тартиблари бор. Асосан шуларни ҳисобга олмаса, бошқа жиддий тафовут йўқ. Аксинча, онлайн шаклда овоз тўплаш осонроқ ҳам. Қолаверса, белгиланган миқдорда овоз тўплаган петицияни Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари кўриб чиқади.

«Менинг фикрим» портали ишга туширилганига 20 май куни роппа-роса 1 ой тўлди.

Қисқа муддатда портал оммавийлашишга ҳам улгурди. Шу йилнинг 15 майида порталга интернет фойдаланувчиларининг кунлик ташрифи 18 мингдан ошди. Бунга порталда овозга қўйилган айрим петициялар ҳақида интернетда хабарлар берилгани ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилина бошлагани сабаб бўлди.

Аммо ҳанузгача аҳоли ўртасида «Менинг фикрим» порталининг механизми, амалдаги қоидалар, петиция яратиш ва унинг оммавий овоз беришга чиқиши каби жараёнлар ҳақидаги тушунчалари тўлиқ шаклланмаган.

Шу каби масалаларга аниқлик киритиш мақсадида «Менинг фикрим» портали лойиҳаси координатори Дилшод Мирзаев ҳамда портал бош дастурчиси Исмоилхон Исоқов билан суҳбатлашдик.

«Менинг фикрим» портали лойиҳаси координатори Дилшод Мирзаев (ўнгда) ҳамда портал бош дастурчиси Исмоилхон Исоқов (чапда). Фото: «Xabar.uz»

Мутахассислар портал ҳақида, унинг ишлаш тартиби, эълон қилинган петициялар тўғрисида маълумот беришди. Шунингдек, порталнинг бир ойлик кўрсаткичи, нима сабабдан бир қатор мурожаатлар рад этилаётгани, петицияларнинг овоз тўплаш жараёнига қўйилиши каби масалаларга ойдинлик киритдилар.

Президент ташаббуси

2017 йил 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев республикамиз тарихида илк бор Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаатнома тақдим этганди. У 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистонни 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланди.

Ўша куни жуда кўп масалалар ҳақида очиқдан-очиқ сўзланди. Жумладан, мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун интернет тармоғида «Менинг фикрим» деб номланган махсус портал ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Биз ҳаммамиз англаб етишимиз керак: қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши лозим.

Шавкат Мирзиёев

Масала нечоғлик долзарб эканлигини «Менинг фикрим» порталини яратиш «2017 — 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»га киритилганидан ҳам билса бўлади.

Мазкур порталнинг яратилиши натижасида аҳолининг бевосита қонун ижодкорлигида, давлатни бошқаришда ва жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган иштирок этиши таъминланади.

Илғор хорижий тажриба ўрганилди

«Менинг фикрим» порталини яратиш мақсадида Олий Мажлис палаталари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг масъул мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Дастлаб мазкур порталнинг асосий вазифалари ва қандай модуллардан ташкил топиши, фойдаланувчилар учун қандай қулайликлар яратилиши лозимлиги келишиб олинди.

Ишчи гуруҳ илғор хорижий тажрибаларни ўрганди. Жумладан, Англия (change.org), Украина (petition.president.gov.ua), Германия (epetitionen.bundestag.de) ва Россияда (roi.ru) амалга оширилган лойиҳалар, яратилган веб-ресурсларнинг имкониятлари атрофлича ўрганиб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг ва Сенат кенгашининг 2018 йил 2 апрелдаги қўшма қарори билан «Mening fikrim» портали орқали электрон жамоавий мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Uzinfocom» ягона интегратори томонидан мазкур низом талабларига тўла мос келадиган http://meningfikrim.uz портали ишлаб чиқилиб, белгиланган вақтда, яъни жорий йилнинг 20 апрель куни ишга туширилди. Маълумот сифатида айтиб ўтиш мумкинки, мазкур порталга https://petition.gov.uz домени орқали кириш мумкин.

Мурожаатни кимлар юбориши мумкин?

Мурожаат юборилган кунда ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон фуқароси электрон жамоавий мурожаат ташаббускори бўлиши мумкин.

Мурожаатни бериш ва кўриб чиқиш тартиби

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати, маҳаллий кенгашларга мурожаат қилиш учун фуқаро id.gov.uz сайти(идентификациялашнинг ягона тизими)дан авторизациядан ўтади ва мурожаат матнини «Mening fikrim» порталига йўллайди.

Жамоавий мурожаат «Mening fikrim» порталида оммага ҳавола этилиши учун камида беш нафар шахс қўллаб-қувватлаши лозим. Бу нимага керак деб ўйлашингиз мумкин. Бу ўртага ташланаётган муаммо нафақат сизни, балки бошқаларни ҳам ўйлантираётганини, сизнинг фикрдошларингиз борлигини кўрсатиш учун керак.

Шу ўринда алоҳида эслатма:

«Mening fikrim» порталига киритилган онлайн мурожаатларни қўллаб-қувватлаш учун «кабинет»га кирган ҳолда «қўллаш» бўлимига ўтиш ва маъқул келган мавзуларни қўллаш лозим.

Скрин: meningfikrim.uz 

Мурожаат зарур миқдордаги шахслар томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, модератор (Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти) томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш юзасидан экспертизага қабул қилинади.

Экспертиза қанча вақт давом этади?

Модератор ўн беш кун ичида мурожаатни экспертизадан ўтказади, агар унинг ижобий хулосаси олинса, мурожаат 1 иш куни ичида порталда эълон қилинади.

Ижобий хулоса олинмаса нима бўлади?

Мурожаатни «Mening fikrim» порталида эълон қилиш рад этилганда, мурожаат ташаббускори кейинги кундан кечиктирилмаган ҳолда рад этиш сабаблари тушунтирилган хабарномани олади.

Овоз бериш жараёни қандай бўлади?

Мурожаат «Mening fikrim» порталида эълон қилинган сана уни қўллаб-қувватлаш юзасидан овозларни тўплаш бошланган сана деб ҳисобланади.

Мурожаат бўйича овоз бериш мурожаат матни эълон қилинган пайтдан бошланади ҳамда тўқсон кун мобайнида ўтказилади.

Қанча овоз тўпланса мурожаат кўриб чиқилади?

  • Олий Мажлис палаталари — 10000 та овоз;
  • Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари — 5000 та овоз;
  • халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари — 1000 та овоз тўплаган мурожаатларни кўриб чиқади.
  • Кўтарилган масала моҳиятидан келиб чиқиб, модератор қайси давлат органи ушбу масалани кўриб чиқишини белгилайди.
  • Етарлича овоз тўплай олмаган мурожаатлар порталнинг архивига жойлаштирилади.
  • Зарур миқдордаги овозларни тўплаган мурожаат модератор томонидан кейинги кундан кечиктирмай ваколатли давлат органларига юборилади.

Жамоавий мурожаат бўйича қарор қачон ва қаерда эълон қилинади?

Ваколатли давлат органлари 60 кун ичида мурожаатни кўриб чиқиб қарор чиқаришлари шарт. Бунда мурожаатнинг ташаббускори ваколатли орган томонидан ташкил қилинган мурожаатни кўриб чиқиш йиғилишларига таклиф этилиши мумкин.

Ваколатли орган қабул қилган қарор «Mening fikrim» порталида эълон қилинади.

5 кун + 15 кун + 90 кун + 60 кун = 170 кун

Юқоридаги схемадан кўриниб турибдики, ўртага ташланган мурожаат 170 кундан кам бўлмаган муддатда кўриб чиқилади ва тегишли қарор эълон қилинади.

Бир ой ичида қанча мурожаат тушди?

Портал ишга тушганидан сўнг жамоатчилик томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Буни статистикадан ҳам кўриш мумкин.

21 май куни соат 17.00 ҳолатида. 

21 май куни соат 17.00 гача жами 380 та жамоавий мурожаат келиб тушган (кунига ўртача 11 тадан), 222 таси экспертиза жараёнида, 36 таси қўллаб-қувватлаш жараёнида ҳамда 16 таси овоз бериш жараёнида, 106 таси рад этилган.

Нима сабабдан аксарият мурожаатлар рад этилмоқда?

Портал фойдаланувчилари петиция йўллашдан аввал «Mening fikrim» портали орқали электрон жамоавий мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом билан яхшилаб танишиб чиқишлари тавсия этилади. Ушбу низомда қандай мурожаатлар кўриб чиқилмаслиги ҳақида батафсил баён этилган.

Қолаверса, айрим фойдаланувчилар жамоавий мурожаатлар билан амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан таклифларни адаштириб юбораётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Таклиф жўнатиб, «нега менинг мурожаатим овоз беришга қўйилмаяпти?» деб шикоят қилувчилар ҳам бор. Улар эътиборга олишлари керакки, билдирилган таклифни модератор ва экспертлар кўриб чиқишади, агар таклиф ўринли ва долзарб бўлса, ҳатто муаллиф Олий Мажлисга учрашувга таклиф этилиши мумкин. Лекин бу таклиф жамоавий мурожаат сифатида овоз тўплашга қўйилмайди.

Бу икки функция бир-биридан фарқ қилади.

«Mening fikrim» порталида эълон қилинган оммабоп жамоавий мурожаатлар

  • хусусий транспортларни тонировка қилишга рухсат бериш — 8132 та овоз (ушбу мурожаат бир ҳафта ичида шунча овоз тўплай олди, яна 2000 га яқин овоз йиғса, Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқиладиган биринчи петиция бўлади);
  • Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни олий даражадаги мукофот — «Ўзбекистон қаҳрамони» унвони билан тақдирлаш ҳақида — 4895 та;
  • светофор чироқларига вақтни тескари ҳисоблаш тизимини ўрнатиш — 3095 та;
  • мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозим — 2186 та.

 Мобиль илова ва «Telegram»-бот

Мобиль алоқа воситаларидан фойдаланувчилар сони юртимизда кўпчиликни ташкил этиши инобатга олиниб, яқин келажакда «Mening fikrim» порталининг «Telegram» ижтимоий тармоғидаги боти ва мобиль иловасини яратиш режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг