Шарқ ва Ғарб ўртасидаги стратегик кўприк: Ўзбекистон ҳамда Венгрияни боғлаб турган ришталар

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Будапештга борди.
Ташриф доирасида Будапешт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, Венгриянинг расмийлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Кун тартибидан мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Бу давлатимиз раҳбарининг сўнгги 5 йил ичида Венгрияга учинчи ташрифи бўлиб, ушбу мамлакат билан дўстона муносабатларнинг стратегик аҳамият касб этишидан дарак беради.
Европа юрагидаги туркий илдизлар
Венгерларнинг аждодлари қадимда Осиёда яшаган. Венгриянинг давлат тили ҳисобланган можар тили урал тиллари оиласига мансуб ҳисобланади.
Ушбу мамлакат Авар хоқонлиги ва бошқа кўчманчи халқлар меросини сақлаб қолган. Авар хоқонлиги Паннония (ҳозирги Венгрия, Югославия ва Австрия ҳудудининг бир қисми)даги аварларнинг давлат бирлашмаси (VI—VIII асрлар) бўлган.
Ғарбий турк хоқонлигининг асосини ташкил этган аварлар Ўрта Осиёдан Каспий бўйининг ғарбидаги даштларга, сўнгра шимолий Қора денгиз бўйлари, Дунай бўйи ва Болқон ярим оролига кириб борганлар. Авар хоқонлигини йирик саркарда Боёнхон бошқарган. Ўша вақтда мамлакат яшил рангли байроққа эга бўлган, байроқ ўртасида орқага қараб ўқ-ёй отаётган киши отда чопиб кетаётган ҳолатда тасвирланган. Маҳмуд Кошғарий бу ҳолатни Искандарнинг Туронни босиб олаётган давридаги туркий қавмларга нисбат берган.
Венгриянинг биринчи қироли Иштван (970-1038-йиллар) даврида мамлакат Европа билан интеграциялашган, бир пайтнинг ўзида ўз миллий хусусиятларини ҳам сақлаб қолган.
Бугунги Венгрия – Европанинг юрагида жойлашган, тарихий ўзлигини эҳтиётлаб, янги геосиёсий вазиятда стратегик позицияни эгаллаётган давлат ҳисобланади.
Венгрия
- Ҳудуди — 93 минг км²
- Аҳолиси — 9,6 млн киши
- Пойтахти — Будапешт (1,8 млн. аҳоли)
- ЯИМ (2024) — 229 млрд. Доллар
- ЯИМ киши бошига — 25,7 минг доллар
Сиёсий ва иқтисодий шериклик
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлса-да, сўнгги йилларда бу алоқалар янгича суръат олди. Айниқса, 2021 ва 2022 йилларда ўзаро расмий ташрифлар, Будапешт ва Тошкентда ўтказилган Бизнес форумлар, Стратегик шериклик тўғрисидаги декларациялар – барчаси икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
2024 йилдаги икки томонлама савдо айланмаси 78,1 млн долларни ташкил қилди. Фармацевтика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва таълим соҳаларидаги инвестициявий лойиҳалар икки мамлакат муносабатларининг кўламини бойитмоқда. Ангрен эркин иқтисодий ҳудудида венгер компаниялари учун ажратилган махсус саноат ҳудуди бунга яққол мисол бўла олади.
Аҳамиятли лойиҳалар:
- Ангрен эркин иқтисодий ҳудудида венгер компаниялари учун саноат зонаси (50 га) ташкил этилди (2024 йил).
- 16 та корхона (7 қўшма, 9 хорижий) Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.
- Қайта тикланадиган энергетика соҳасида 2024–2026 йиллар учун ҳамкорлик дастури имзоланган.
Венгрия – Европа, аммо Шарққа яқин
Будапештнинг ташқи сиёсати «Шарққа яқинлик» стратегияси билан ажралиб туради. Виктор Орбан ҳукумати ХХI аср реалликларини теран англаб, Европа Иттифоқи билан мулоқотни сақлаган ҳолда, Туркия, Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамламоқда. Венгрия 2018 йилда Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олган илк Европа давлати бўлди. 2019 йилда Будапештда ташкилотнинг Европа ваколатхонаси очилди.
Ўзбекистон эса туркий давлатлар ўртасида интеграция жараёнларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида Венгрия билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.
Таълим, фан ва маданият
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги алоқалар нафақат сиёсатчилар ва дипломатлар доирасида, балки халқлар ўртасида ҳам ривожланмоқда. 2018 йилдан буён ҳар йили 170 нафаргача ўзбекистонлик ёшларга Венгрия университетларида ўқиш учун давлат стипендиялари ажратиб келинмоқда. Илмий ҳамкорлик, стартап лойиҳалар, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилиши ва ўзбек киноси кунлари – булар барчаси маданий мулоқотнинг ёрқин мисолларидир.
Ҳамкорликнинг янги босқичи
Президент Мирзиёевнинг навбатдаги расмий ташрифи ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганини англатади. Энди асосий масала мавжуд имкониятларни амалий лойиҳаларга айлантиришга қаратилади.
Транспорт ва логистика, озиқ-овқат хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергетика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш – бу йўналишлар икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий кун тартибига айланмоқда.
Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги муносабатлар бугун тарихий илдизлар, геосиёсий манфаатлар ва янги глобал муҳитдаги прагматик ёндашув асосида шаклланмоқда. Бу икки мамлакат ўз ўтмиши, маданияти ва мақсадлари билан фарқ қилса-да, уларни умумий стратегик манфаатлар бирлаштирмоқда. Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк сингари, Тошкент-Будапешт ҳамкорлиги нафақат икки халқ манфаати, балки кенг минтақавий барқарорлик учун хизмат қилмоқда.
Лутфулло Турсунов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter