Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Ҳамон оғриқли мавзу

Ҳамон оғриқли мавзу

Ҳайит олдидан бир кунга Тошкентга бориб қайтадиган бўлдим.

Такси Самарқанддан йўлга чиққанда кун энди ёришаётган эди. 

...Ёнимдаги аёл қирқ ёшлар атрофида, юз-қўлларида жазирама қуёш таъсири яққол сезилади. Бир қарашда ўқитувчимикан, дейсиз. Томорқасида ҳам иши бўлсамикан? «Эртага арафа, сиз ҳам бугун қайтасизми?» гапга соламан уни. «Ҳа, бугун ўғлимнинг ҳужжатларини махсус лицейга топшираману, қайтаман. Имтиҳонлари бошланганда дадаси билан бирга боради, икки-уч кун қолиши керак-да» самимият билан гапиради аёл. У бир неча кун аввал ҳам Тошкентга бориб келганини айтади. Илмий иши масаласида. Тошкентдаги ботаника боғида экилган ва ўзи Паст Дарғомда, фермер хўжалиги ҳудудида ҳам парвариш қилаётган тоғ райҳонини қиёсий таҳлил қилиш учун. Илмий объектнинг таққоси учун, қоғоз-қаламини кўтариб вақт-вақти билан Тошкентга бориб қайтаркан.

Тоғ райҳони.

Хуллас, ҳамроҳим Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети докторанти бўлиб чиқди. Таянч докторант Хуршида Бобоева! Тоғ райҳони тадқиқоти билан боғлиқ саргузаштларни шундай ҳикоя қилади: «Тоғдан олиб тушиб икки йил экдим, ўхшамади, учинчи йилда ниҳоят унди. Ҳовлимизда ҳам экканмиз, фермер хўжалигида 6 сотих ерда тоғ райҳони етиштирилаяпти. У аввало доривор ўсимлик сифатида қадрли. Уч йил деганда маданийлаштиришга эришдим. Ҳозир ўзига хослигини ўрганиб бораяпман. Бу ўзи бирйўла хонаки райҳон, кийикўти ва ялпизнинг ҳидини берадиган майда гулли ўсимлик». Шу жойида телефони жиринглаб қолди. Эри, аёли қандай бораётганини сўрайди. Хуршида жавоб беради-ю, кейин қайси нарса қаерда экани, усти ёпиб қўйилган нонуштани, боғчага юборишдан олдин Одинахоннинг пайпоғини албатта кийгизиш кераклигини, ўғиллар мактабга кечикмаслиги учун эртароқ уйғотиш лозимлигини, яна нималарнидир уқтиради. Ўз навбатида, эр ҳам алланарсаларни сўрайди шекилли, жавоблар: «тортмада», «ишга кетишингиздан олдин... » .

Аёл оиласи ҳақида гапираётганда ўзи ҳам яйраётганини ҳис қиласиз. Беш нафар фарзанди бор экан. Кичиги ҳали саккиз ойлик. Боғчага борадиган қизалоғи тўрт ака-ука орасида ўзгача эркаланади... «Болалар мактабга чиқмасидан аммаси келади. Қайнонам ҳам. Ҳаммамиз битта қишлоқдамиз. Авваллари қайнонамнинг ўзлари келиб бош-қош бўлиб турардилар, ҳозир бироз қаридиларми, шунақа пайтларда аммажонни ҳам чақирамиз. Дадамиз ҳам ўз ишларига кетишлари керак». Орада бироз сукут чўккан пайтда аёлнинг кўзлари юмилиб бораверади. «Опа, соат 2 да уйғонган эдим» дейди хижолат бўлиб. 

«Аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги, уларни медиада ёритиш» деган тадбирга отланганману, у ерда ҳали Хуршида кабилар ҳақида ёзганда, аёлнинг ўзинигина эмас, балки атрофидагилари қиёфасини кўрсатиш ҳам муҳим деб айтилиши хаёлимга келмайди. Бу ҳақда Ақидахоним гапиради: «Аёллармиз, «зўравонлик мавзусида камроқ ёзинглар, қизларимиз эрга теггиси келмайди», деб ёзишаяпти. 17, 18 ёшли қизлар «Сукут сақлама»ни ўқиркан. Уларнинг тасаввурида барча эркаклар зўравон деган тушунча шаклланаяпти. Бу нотўғри фикр, албатта. Бизларда барибир оилавий қадриятлар, оила институти деган нарса бор.

 

Медиадагиларга илтимос қилган бўлардим, муваффақиятли хотин-қизларимиз ҳақида кўпроқ ёзишсин. Ёзганда ҳам оилада ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам улар муваффақият йўлини топиши, нимагадир эришиши ортида турган эркаклар тимсолини ҳам очиб берсинлар. Аёлнинг қайсидир даражага етиши осон эмас. Уй-рўзғори ишларидан чалғишга тўғри келган кунларида отаси, эри, акаси, укаси, ўғли уни тушунгани, уйида жанжал чиқмагани учун ҳам аёл қандайдир қадамини ташлай олган ҳоллар кам эмас. Дейлик, ўзи миниб юрган ҳаминқадар уловини сотиб, қизининг таълимига пул тиккан оталар, аёлининг тадбирида кўргазма ускуналарини тайёрлаб берадиган эрлар, бошқа қандайдир усулда опаси-синглисини қўллаётган акалар, укаларни биламиз...»

Жамият иккига бўлиниб кетиши керак эмас, дейди амалиётчи. Аёллар ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, феминизм дегани бу эркакларга қарши чиқиш эмаслигини тушунмайдиганлар кам эмаслиги давра суҳбатида алоҳида таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатон Хеник «Шахсан мен феминизм, феминист деган сўзларни қандай тушунаман? Бу, аёлларнинг ҳуқуқи эркаклар ҳуқуқи билан баравар бўлиши керак дегани, улардан кўп бўлиши ёки кам бўлиши керак дегани эмас. Мисол учун Америка Қўшма Штатларида ҳамон аёллар ва эркаклар оладиган маошда фарқ бор. Гарчи улар бир хил ишни қилишса ҳам, аёллар маоши камроқ тўланадиган жойлар кузатилади» деди.

Ўзбекитонда феминизм билан боғлиқ оғриқли нуқталар бошқа жиҳатларда кўринади.

«Давра суҳбати»ларида иштирокчилар қайсидир жиҳатда ҳамфикр чиқмаслиги табиий ҳолат. Бироқ, қизлар ўқиши керак деган гапни барча қувватлади...

Ўша куни Тошкентдан қайтишда таксида яна бир ҳамроҳим гўзал лавҳанинг қаҳрамони бўлгулик чиқди. «10 кундан буён Тошкентдаман. Қариганда бир ўқиб қолай дедим-да», шарақлаб кулади кўнгли очиқ аёл. «Аниқроғи, дадаси «ўқи, ўқи» дедилар. Болаларим келгуси йилларда мактабни битиришади» дея қўшиб қўяди аёл. Ҳазиллашиб ўзини «қариганга» чиқарган Дилором бор-йўғи 42 ёшда, Тайлоқдаги марказий шифохона реанимация бўлимида ҳамшира экан. Лекин, болаликдаги орзуси ўқитувчилик бўлган, шароит туфайли ҳамшираликни танлаган. «5 йилдан бери Тошкентнинг йўлини ўрганиб қолганмиз. Тошкентда онкология рўйхатидаман. Кимё ҳам олдим. Бу йил ҳам таҳлил натижалари яхши чиқса, насиб бўлса рўйхатдан чиқариламан». Ҳозирда у хусусий университетнинг 2-босқичини битирди.

Тадбирдан бир неча кун ўтиб банкка ишим тушди. Уйимизга энг яқин банкнинг тўлов кассасида нега бунча узун навбат десам, олий таълим даргоҳларига шартнома тўловлари ўтказиладиган кунлар экан. Қўлида бир даста пул тутганлар орасида 30-40 ёшдаги хотин-қизлар кам эмас. Мана, новча жувон 32 ёшда, 3 та боласи бор, 2-босқични битираяпти. «Қайнонам ўқишимга рағбатлантириб келдилар. Ўзлари бир умр мактабда дарс берганлар. Ўқувчилари ҳамон уларни йўқлаб келганда яшнаб кетадилар. 2 млн 800 минг сўм пенсия оладилар. Лекин, турмуш ўртоғим ҳар сессия вақтида «шу зарурмиди?» деб қўядилар» дейди аёл. 60 ёшларга яқинлашиб қолгандек кўринадиган жуссаси кичикроқ оддий бир қишлоқ аёли эса қўлидаги рақамли қоғоз таблода кўрсатилганига қарамай навбатини ўтказиб юборибди. У ҳам олий таълим билан боғлиқ тўловни тўларкан. Соддагина аёл аввал нариги кассада долларини сўмга айирбошлаши кераклигини ҳам билмайди. Қўлидагини маҳкам ушлаганда пилдираб у ёқдан бу ёққа боради, бу ёқдан залнинг бошқа четга ўтади. «Келиним ўзи келолмади-да. Шу йил биринчи босқичга кираяпти» дейди мақтангандек. Кассага яқинлашиб қолган қизгина шу гапни эшитганда орқага ўгириб, унга тикилиб қараб қолди ва деди: «Мен ўқишга кираман деган куним қайнонам уйдан ҳайдаб солди. Келинингиз бахтли экан». Анави қайнона Оқдарёдан, ҳайдалган келин Ургутдан экан...

Куни кеча бир даврада ёнимда ўтирган, август ойида келин туширмоқчи аёл айтиб қолди: «Мен келинимни ўқитаман деган ваъда билан фотиҳа қилганман. Ўғлим эса ўқимайди, деяпти. Уйда ўтириши керак, деяпти. Нима қилай?».

Аёлга жавоб тополмадим. Лекин, тушундимки, мавзу ҳамон оғриқли.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг