Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Шоҳсупада турган қиз (видео)

Ватан ҳақида қўшиқ ёки Диёрага мактуб...

Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради...

Шоҳсупада туриб сен йиғлардинг. Пастдарғомда онанг кўзлари ёшланди. Даданг намланган кўзларини қаерга яширишни билмасди. Бувинг ўрнидан туриб кетди. Бобонг шукрона келтирди. Хоразмда қайнона-қайнотанг елкасидан тоғ қулагандек бўлди. Тошкентда турмуш ўртоғинг қийқирарди: «Чемпион! Чемпион!»

Бу кайфият бирин-бирин Ўзбекистоннинг барча хонадонларига улашиб бораверар эди. Ярим тунда, бутун мамлакатга байрам улашдинг, қизгина. Президентнинг ўзи сени шахсан табриклагани эса мухлисларинг кўнглини ҳам тоғдек ўстирди...

Эрталабдан Паст дарғомга йўл олдим.

Пўлатчи маҳалласида кириб борар эканман, сен туғилиб ўсган ҳовлининг дарвозаси ланг очиқ. Ичкари тўла меҳмон. Аёллар ўтирган пешайвонга таклиф қилишди. Бувинг 67 ёшли Мукаррам ая, оддий қишлоқ аёли, спортни унча-бунча мутахассисдан кам тушунмаслигини англадим.

«Бу кеча ухламадим десам ҳам бўлади. Ўзи бир ойдан бери дуруст ухламайман. Тикан устида тургандай-да. Сўнги нима бўларкан деб. Чунки, қишда Анқарада курашганда 1000 очко билан ғолиб бўлди-да, Олимпиадага йўлланма олди. Олимпиада июль ойида бўлади, дуо қилинглар деди. Катта ота иккимиз дуо қиламиз».

Дуолари ижобат топган бувижон-а, «Мотивация бериб турдик» дейди ҳеч бир хатосиз талаффуз билан. Кейин туғилганингда 2 кило ҳам чиқмаганингни, нимжон қизалоқ қувват олиши учун раҳматли Гулсара бувинг сени спортга олиб борганини, залдан қўлинг синиб қайтганингда, оилада «энди бормайди-боради» баҳсини, Токиодаги мағлубиятдан кейинги тушкунликни, сени турмушга узатганларига икки йил бўлаётса ҳам ҳамон совчи келаётганини, ҳаммасини шунақанги чиройли қилиб гапириб бердики... Сен нега эртароқ чемпион бўлмадинг-а, мен бу аёл билан нега аввалроқ суҳбатдош бўлмадим-а, деб афсусландим шу жойида.

Бу ерда, сенинг Париж олимпиадаси дюздо бўйича чемпиони Диёра Келдиёрова бўлишингда ҳиссаси энг катта бўлган Гулсара бувингни кўп эслашди. «Генерал» дейишаркан қишлоқда. Боғча ёшидаги икки набирасига қўшиб қишлоқдаги яна 5 нафар қизалоқни спорт залига етаклаб олиб борган экан.

«У пайтлари машғулот қиладиган жой паркда эди, паталоклари эгилган, поллари тешилиб, чўкиб ётарди. Биринчи устози Хуршида Холиқова бўлган. Раҳматлик «генерал» қудам «Насиб бўлса неварамни чемпион қилиб берасан, эй Хуршида» дер эди».

Биринчи устозинг Париж Олимпиадаси майдонидан тўғридан-тўғри трансляция вақтида ота-онанг ёнида бўлибди. Туман ҳокими, бошқа мухлисларинг ҳам.

Бувингни ҳикоясини мазза қилиб эшитдиму, фақат онангни олдимизга келиб бирпас ўтиришга вақти йўқ эди. Айвоннинг узун стол қўйилган қисмида дастурхонни янгитдан тузатишяпти. «Опа, анави қаерда?», «Дилором, бу ёққа қара?», «Ичкарига ҳам жой қиламизми?»

Охири, ўзингнинг хос музейчангни кўриш баҳонасида ичкарига киргиздим. Дилором мени ҳайрон қолдириб, спорт шарҳловчиси каби терминлар билан тушунтира кетди: «2015 йилда биринчи марта жаҳон чемпиони бўлди. Босния ва Герцеговинада. Олтин медаль олди, шунда ҳам тарихда рекорд қўйганди. Пандемия даврида Токиодаги Олимпиадада ютқазиб қўйди. Мана шу кечаги Абэга ютқазди. Абэ Юта япониялик. Япония эса дюздо ватани. Абэ 4 йилдан буён биринчиликда келаётган эди. Келиб-келиб бу гал ҳам қуръада шу рақиб чиқди. Нима бўлар экан деб юрагимизни ҳовучлаб турган эдик. Бошида Абэ вазари олди, энди нима бўларкан деб тургандик. Худо қўллаб-қувватлади, Диёра шундай иппон билан йиқитди-да...».

Микрофонлардан ўзини олиб қочадиган камгап, камтар даданг эса оддий суҳбатда зўр гапларни гапирди: «Асли қашқадарёликмиз. Отам раҳматлик футболга, чавандозликка қизиқарди. Бутун қишлоқ «генерал» деб айтадиган онам эса курашни яхши кўрарди. 6 ёшли Диёра ва 4 ёшли Гулнисани спорт залига олиб борганларида уларни соғломлаштиришдан бошқасини ўйламагандик бошида. Ўзи қизиқиб кетиб, ҳаммани йиқитаверганда онам Диёрага «Сен чемпион бўласан» деб миясига қўяверди. Мен олтинни, мукофотларни ўйламадиму, фақат Олимпиадада юртимиз мадҳияси янграсин. Ўзбекистоннинг байроғи кўтарилсин, дедим».

Мадҳия янгради! Бир неча лаҳза кўзингни юмганингда, сўнг кўзларингдан ёш тирқираб оққанда, лабингни маҳкам тишлаб олганингда нималарни ўйладинг, Диёра? Йиғлаётган битта сен эмас эдинг, кўпларни йиғлатдинг, Ватан қўшиғи янграётганда миллионлар қалбидаги Она юрт туйғуларини жунбушга келтирганинг рост. Ижтимоий тармоқларда ёйилган лавҳалар остидаги минглаб изоҳларни ҳаммасини ўқишга улгурмаган бўлсанг керак.

Сардор Усмонов: «Мен ҳам йиғладим. Ўзимизни байроғимизни ким юқорига кўтарса ичимда нимадир жимирлаб кетади, кўнглим бўшаб кўзимга ёш келади, қувонч кўз ёшлари...». Бобо исмли кузатувчи: «Мен Канададаман. Диёрани курашини шу ерда туриб кўрдим. Гапнинг очиғи, у шоҳсупага кўтарилганда, мадҳиямиз янграганда йиғлаб юбордим. Диёра, сингилжоним ғалаба муборак!». Исми кодларда ифодаланган фойдаланувчи: «Табриклайман. Менинг фарзандларим ҳам Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтариб, халқниннг дуосини олиб юришсин».

 ***

2021 йил, 26 август. Ҳайратон кўприги. Афғонистонга Толибон ҳукумати қудратга келганига ҳали кўп бўлмаган. Чегарага ижодий гуруҳ билан репортаж тайёрлаш мақсадида келганмиз. Афғонистонни гурра-гурра одам тарк этаяпти. Бурқада келиб, Ўзбекистон остонасидаёқ бурқасини ечиб ташлаган аёллар, узун кўйлакдаги эркаклар, бироз юриб, бироз дам олиб йўлида давом этаётган қариялар, божхона итларига ишқибоз болажонлар...

Уч қизалоқни эргаштирган оила, яқин кунларда бошқа бир мамлакатга учиб кетиш учун парвоз чипталари тайёр эканини айтди. «Мана шу қизларим келажагини ўйлаб чиқиб кетаяпмиз» деди она. Дадалари қайсидир ҳужжатни расмийлаштириш учун бориб навбатда турар экан, 8 ёшли эгизак қизлар, улардан кичикроқ сингиллари оналари олдидан узоқлашмайди. Фотима спортга, Заҳро санъатга қизиқаркан. Шу пайтгача улар махсус тўгарагакларга қатнашиб келган. «Буёғи энди қаттиқ таъқиқ!» тушунтирган бўлади аёл.

«Ўзбекистондаги аёлларга ҳавасим келади, Мана шу гапимни уларга етказинг, илтимос».

Мен бу гапларни нега ёзаяпман? Шукур, бизда аёллар спорти ёки санъати, ҳоказолар ҳеч қачон расман таъқиқланмайди. Лекин, яшириб нима қилдик, хотин-қизларимиз руҳий босимлардан ҳамон қутулгани йўқ. Камига, гоҳида шахсий чегара ҳудуди унутиб қўйилган жойларимиз бўлади. Маҳалланинг нариги бурчагида туриб, фалончининг қизи қайси спорт тури билан шуғулланаётгани, нима кияётгани, мусобақага қаерга бораётганига хўжайинлик қилишга ўзларини ҳақли дейдиганлар бор.

Диёра, сен бугун Олимпиада чемпиони бўлолмас эдинг, агар... Даданг кўчада эшитган «насиҳатлар»ига амал қилиб йўлингни тўсганда. Онанг фалончихоннинг «спортчи қизингни кимга берасан?» деган кесатиқига эътибор берганида. «Кўча-куйда гап-сўз кам бўлмади. Қиз бола курашга трикода чиқса шу яхши эмас, уят бўлади, деган гапларни ўзигаям айтди, бизларга ҳам айтди. Тушунмаган одамлар ҳам бор-да», деди Мукаррам бувинг.

Онанг қизлари учун гап эшитган кунларини шундай эслади: «Э-э-э, қиз бола спортчи бўлганда нима бўларди, қишлоқ жойи бўлса, чиқариб ол...» дейишган. Энди эса Диёра уларнинг болаларига мураббийлик қилишини сўрашмоқда...»

Қизи ҳақида кимдандир дакки эшитиш, айниқса отага осон эмас. Дадангга ҳам гапиришган экан... «Қиз бола чевар, ҳамшира бўлса, пишириқлар пиширса ярашади», дейишган экан эркаклар. Аммо, ҳозирда уларнинг фикри мултақ ўзгарган, дейишди. «Олимпиадага борганида улар ҳам бизга қўшилиб дуода бўлдилар, бор бўлишсин!».

Гапирганлар оғзига урган, ота-онангга қизининг йўли тўғри эканини уқтириб билган Гулсара бувингни, «генерал» бувингни Аллоҳ раҳмат қилсин!

***

Диёра, хабаринг бор, ҳамма гап қолиб ғалаба сенга олиб келадиган даромад билан қизиққанлар ҳам топилди. Нимага эришсанг, ҳалолинг бўлсин! Янада тўкин ҳаётинг бошланаётган бир пайтда, сени шу даражага келтиргунча оилангдаги ҳаёт ҳақида ёзсам оғринмайсанми? Зеро, бу хатни минглар ўқийди. Қайсидир маълумот кимгадир далда бўлса, кимгадир сабоқ бўлса, не ажаб.

Матбуотда, ижтимоий тармоқларда оддий оила қизи эканинг кўп бора такрорланди. Оддий оила фарзанди бўлишнинг ўзига яраша жиҳатлари бор. 7 ёшда Тошкентда мусобақада ғолиб бўлганингдаги суратни бошқа суратларинг қатори авайлашар экан. Унда сен шоҳсупада, оёғингда каттагина резина шиппак. Мукаррам бувинг «кейин-кейин шу суратга қараб йиғлайдиган бўлдим», дейди.

Даданг болаликда фақат залда ва мактабда эмас, буғдойзорда, бозорда ҳам ўз ўрнинг бўлганини эслатади: «Эрталабдан, азон айтилмасдан соат 4 да ҳаммамиз турардик. Молни етаклаб кетарди. 6-7 гача шу ишни қиларди. Кейин дарс, кейин яна спорт. Келади яна уйқу йўқ. Бозор. Бозорда елим пакет сотади. Бу томонда синглиси ҳам сотарди. Буғдой ўриб бўлинганда, ҳаммамиз биргаликда сомонни тўдалаб сотардик».

Ота-онанггга минг раҳмат! Сизларни меҳнатга солган бўлса ҳам биргаликда топилган даромад ўзларингизни ривожлантиришга сарфланди. Ҳозир таътил вақтида қатор корхоналарда мактаб болалари ишлаяпти. Уларнинг орасидан, шу билан мактабга бормай, корхонада қолиб кетадиганлари чиқиши бор. 15 ёшли қизининг маошига олтин тақинчоқ, латта-путта олдириб сеп қилдираётганлар ҳақида эшитдим...

Сенинг катта спортга киришинг олдидан хонадоннинг молиявий аҳволи ҳақида Мукаррам бувинг: «Очиғини айтсам, қарздан қарзга юрардик, жуда катта қарз бўлиб қолардик. Пул керак. Мана матга чиқиш учун ҳам доллар, кейин мана кийиш учун ҳам доллар керак. Улар бундай сўмга киймайди-да. Қўчқор, ҳўкиз боқардик... Тошкентда 4 йил ўқиди, кейин 2 йил магистратурада ўқиди. Аста-аста гран-прилар билан харажатларни қоплаб борадиган бўлди». 17 ёшда сен, жаҳон чемпиони ва Ўзбекистон дюздо терма жамоаси аъзоси бўлгансан. Болаликда бирга машғулот залига борган синглинг самбони танлаган эди. Тошкент жисмоний тарбия университетини иккаланг олдинма-кейин битирган экансизлар. «... лекин, синглиси терма жамоагача боролмади. У ерда машғулот ўтишига маблағ етмади. Шу биттасини йўналтирайлик, дедик, кейин бунисига ҳаракат қиламиз дедик».

Ана шундай кечинмалар билан Тошкентда ўқитилган икки спортчи қиз мана, иккалангиз-да олдин-кейин ҳавас қилгулик хонадонларга узатилдингиз ҳам. 2024 йил бирингизни Олимпия чемпионлиги билан, бошқангизни фарзанд билан сийлади.

***

Куёвни Азаматжон деб алқайди онанг. Даданг ўғлимиз деганмиз, дейди. Қудалар ҳақида тилларидан бол томиб гапиришади, уларга қайта-қайта раҳмат дейишади. Тўйингга икки йил бўлибди. Ота-онанг сенинг камолинг учун қанчалар меҳнатлари сингган бўлса, шу икки йилдаги фаолиятингда келин бўлиб тушган хонадонинг аъзолари, куёвнинг ҳиссаси бундан кам эмас десам хато бўлмас. Менталитет деганининг темир қафасларини синдириб, улар сени яна спорт залга йўллашди, руҳлантиришди, ота-онанг қаторида дуо қилишди.

Диёра, сен ғалабанг билан нафақат Ўзбекистон спортида бурилиш ясадинг. Одамлармиз дунёқарашларида ҳам эврилишлар олиб келдинг.

Париждан ғалабанг эълон қилинган видеолавҳа тезкорлик билан ижтимоий тармоқларни «забт» этган пайтда, бошқа ёқдан Азаматнинг Тошкентда телевизор олдида туриб «чемпион, чемпион» деб қувончини ичига сиғдиролмагани тасвири ёйилди. Шунда кўпчилик энг нуфузли мусобақада нега у Диёранинг олдида эмас деган саволни ташлашибди. 

«Ман Ўзбекистонда бўлсам ҳам гаплашиб турдик. Барибир оила, босим бўлмасин, чалғитмаслик учун бормадим» деганини эшитиб унга янада ҳурматим ошди. Азаматнинг ўзи ҳам дюздочи бўлса-да, карьерасини орқага суриб қўйиб, сен учун биргаликда ишлабди, баракалла!

«Машғулотларда Диёранинг ёнида бўлиб камчиликлари, хатоларини тўғрилаб, ёнида қўллаб-қувватлаб турардим. Унинг машғулотларидан кейин, режани бажаргандан кейин ўзим учун машқ қилиб турдим». Чемпион! Мақсадга эришилди. Ютубда турмуш ўртоғинг билан интервью остидаги изоҳларда қатор раҳматлару, миннатдорликлар қаторида жамиятимиздаги оилавий муносабатлардаги оғриқли нуқталарга ҳам ишора қилинганлари бор... «Турмуш ўртоғини поддержкаси ғолибликни берди Диёрага», «Келинни қандай қўллаб- қувватлашни, аёлини ёнида туришни шу оиладан ўрганишимиз керак», «Менинг куёвим қизимни поддержка қилмайди», «Азамат, сенга раҳмат! Бизга ўхшаб «хотин уйда ўтир» деганингда бугун ўзбекистонликлар хурсанд бўлмасдик ва бошқаларга қарсак чалиб ўтирардик. Бугун Диёра Ўзбекистон қаҳрамони бўлди. Келажакда шириндан ширин ўғил-қизлар тилаб қоламан».

Мана дунёқарашнинг ўзгариши!

Сени Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжону Доғистон, Туркия, Грузия халқи вакиллари табриклади, ҳавас қилди. Аслида ана шундай ҳолатларда миллатлар ҳамжиҳатлиги шаклланади.

Куни кеча Олимпиадада енгил атлетикачи Кимия Юсуфий дунё ҳамжамиятини Афғонистон ичидаги спортчи аёллар Олимпиадага жалб этилмаганига қаратди. У сен ва сен каби чемпион қизларнинг ғалабасига эмас, шунчаки юртинг Халқаро Олимпиадага жўнатгани учун ҳавасда. Қизиқ, қочқин сифатидаги афғон спортчи аёллари ғолиб бўлганда, мадҳия янгрармиди? Ахир, бугун бу мамлакатнинг мадҳияси ҳам йўқ-ку...

Халқаро XXXIII спорт Олимпиадасида Ўзбекистон мадҳияси саккиз марта янгради. Бу саккизта олтин медал дегани. Яна 2 та кумуш ва 3 та бронзага ҳам эга бўлдик. Тарихий натижа! Ўзбекистон спорт делегацияси 206 мамлакат орасида 13-ўринни эгаллаб, Париж билан хайрлашди. Энди 2028 йилги Лос Анжелесда ўтажак навбатдаги Олимпия майдонида яна кўп бора Ўзбекистон давлат мадҳияси янграшига, байроғимиз энг баланд жойдан ўрин олишига умид қиламиз. Зеро, ҳар бир ғалаба минглаб юртдошларимизга куч беришини қайта ва қайта ҳис қилдик.

Мустаҳкам Тангриёрова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг