Ҳарна-да, ҳарна... ёхуд «ишнинг кўзини биладиган одам»
Халқимизда «Ишнинг кўзини биладиган одам» деган гап бор. Менимча, сўнги пайтларда шу ибора ўз ўрнида эмас, балки халқнинг ичида юрган, бировнинг қайғуси ёки ташвиши эвазига манфаат топадиганларга нисбатан қўлланиб келинмоқда.
Дейлик, Эшмат катта бир идорада амалдор, Тошмат эса унга иши тушиб турган тадбиркор. Лекин у Эшмат билан таниш-билишчилиги йўқ. Мана шу ерда катта саҳнага Абдусамад чиқади. У Эшмат билан «ака-укачилиги» бор одам. Ўртада воситачилик қилиб, тадбикорнинг ишини битириб беради, бундан амалдор ҳам манфаатдор бўлади. Хўш, бу ерда Абдусамад ким? Ҳа, ўлманг, у «ишнинг кўзини биладиган одам»!
Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида барча ҳаракат ва ҳатто ҳаракатсизликлар моддий манфаат топиш йўлида амалга оширилмоқда. Жамиятда яна шундай инсонлар борки, улар ўз бизнесига эга, топиш-тутиши яхши. Лекин фарзанд кўрса, боласи икки ёшга тўлгунича давлат томонидан кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа пулидан умидвор. Маҳалла фуқаролар йиғинларига керакли «испрапка»ларни олиб келиб беради-да, «Абдусамад»га «муомала»сини қилади. Қарабсизки, ҳар ой 300 минг сўм қўшимча даромадга эга бўлиб турибди-да. Чунки у лаънати, ишнинг кўзини билади-да!
Бир танишимга: «Нега шундай қиласан? Ҳақиқатда моддий аҳволи танг бўлганлар олсин шу нафақани, қўй!» десам, «Ҳеч бўлмаса памперсининг пули чиқиб туради-да, ака, ҳарна-да ҳарна», дея «Малибу»сига ўтириб кетди...
Маҳалладаги ҳақиқий кам таъминланган оила бекаси Махфират опа эса шунча югур-югур билан ўша пулни ола олмайди. Чунки у ишнинг кўзини билмайди. Опанинг Абдусамадга ўхшаган ишнинг кўзини биладиган таниши ҳам йўқ.
Балки эшитганингиз бордир: бола пулининг «Бир ойлиги тушиб қолади» деб номланган схемаси бўлади. Ажойиб-а? Масалан, нафақани август ойидан бошлаб олишингиз керак бўлса, аслида сентябрдан бошлаб оласиз. Чунки «бир ойлиги тушиб қолади» Қаерга тушиб қолади? Кимнинг жиғилдонига? Буниси энди Яратганга аён...
Шу гўдакларни ризқини уялмасдан ейдиган одамлар ҳам борми деб ўйлаб қоласиз. Ҳа, бор экан-да...
Бу каслар шу пулни олишса, гўёки янада бойиб кетаман деб ўйлашса керак-да. Лекин кимларгадир шу пул ҳақиқатда асқотишини хаёлларига ҳам келтиришмайди.
Пули кўп бўлса-да, ўзи «майда» инсон (пасткаш)ларни кўрдик. Ўзи камбағал бўлса-да, фарзандни, оиласини таъминлашни ҳақиқий эрлик бурчи деб билган, мардикорчилик қилиб бўлса ҳам бурчини бажариб, давлатдан ёрдам пули олишни ор билиб: «Биздан муҳтожроқлар олсин ака...» деган мардларни кўрдик. Улар билмайдики, ундан 10 баробар яхши яшаётган «ишнинг кўзини билувчи» пасткаш «Ҳарна-да, ака, ҳарна», деб олади ўша пулларни...
«Юқори ташкилотдан комиссия келяпти!» деган гапни эшитган чиқарсиз. Қулоққа қўрқинчли эшитилади-я? Йўқ! Қўрқинчли эмас! Ўзининг функционал вазифасини сидқидилдан бажариб қўйган, камчилиги йўқ, халқи ва виждони олдида тоза бўлган одам учун ҳеч ҳам қўрқинчли эмас. Аммо бу гап «ишнинг кўзини биладиган» уддабуронлар учун ҳам қўрқинчли эмас. Улар фаолиятида камчиликлари кўп бўлса-да, сувдан қуруқ чиқиб кетаверишади. Чунки улар комиссияни кутиб олиш, улар учун зиёфат ташкиллаштириш, совға-саломлар билан сийлашнинг ҳадисини олишган. Мана, ишнинг кўзи қаерда?!
Еган оғиз уялар, дейишганидай комиссия «жонивор» ҳам, камчиликларга кўз юмиб, конвертда «улуш»ини олиб ортига хурсанд бўлиб қайтади. «Ишнинг кўзини билувчи» эса мағрур. У уддабурон, у ғолиб! Бунинг учун ҳамма уни олқишлайди, мақтайди, камчиликлар шу билан унут бўлади, уларни тузатиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Янаги йилги комиссиягача Худо пошшо? Қолаверса, бизда ишнинг кўзини билувчи бор!
Ҳайит ёки янги йил байрами яқинлашмоқда, талабалар эса Тошкентдан байрам учун уйларига қайтмоқда. Одатда, 30 мингга қатнайдиган таксиларнинг йўлкираси бундай пайтларда 70 мингга кўтарилиб кетади. Ёки довонга қор тушди, дейлик. Бу вазиятда кеча 50 минг бўлган йўлкира бугун 100 мингга чиқиб турибди-да! Чунки у таксичилар «ишнинг кўзини билади»!
Шундай қилиб, кўпчиликнинг онгида шаклланган стериотипга кўра, мен юқорида тилга олган Абдусамад, «Малибу»си бор одам, бола пулининг бир ойлигини уриб қолувчи, комиссияшунос ҳамда олғир таксичилар «ишнинг кўзини билувчи»лар! Аслида-чи?! Аслида «Whatsapp» мессенжерини яратган ва уни «Facebook» компаниясига 22 миллиард (!) долларга сотган Ян Кун ишнинг кўзини биладиган одам. Биз 22 йил давомида пахта етиштириб топган пулни битта мессенжерни сотиб топган одам ҳақиқатда ишни кўзини билувчидир. Сингапурни «Учинчи дунё мамлакати»дан дунёнинг энг қудратли иқтисодиётга эга давлатлардан бирига алантирган Ли Куан Ю хақиқий ишнинг кўзини биладиган одам. Кўпчилигимизнинг наздимиздаги «ишнинг кўзини билувчилар» шунчаки фирибгар ва юлғичлардир. Уларнинг бизга кераги йўқ.
Яна шундай инсонлар бор, умри давомида юқори лавозимларда ишлаган. Аммо ҳалоллиги ортидан ҳеч нарса орттирмаган. Шундай одамлар мансабдан кетганидан сўнг баъзи бир эшакмиялар «Хеҳ, шунча йил амалдор бўлиб тузукроқ нарсалиям бўлмади шу одам, номи улуғ, супраси қуруқ!» деб масхаралашганини эшитиб оғринаман. Ўйлаб қоламан: балки бизга фақат юқорида айтганим сингари «ишнинг кўзини билувчилар» керакдир?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter