Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Шпакнинг магнитофони, элчининг медальони...

Шпакнинг магнитофони, элчининг медальони...

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тик-токка хотиржам муносабатда эдим, токи фейсбукда ушбу тармоқ фаол реклама қилиниб бошламагунча. Тасодиф дедим.

Кейин ўғлим «Тошкент сити»га айланишга бориб, бир тиктокер қиммат смартфонни совринга қўйиб тадбир ўтказаётгани, тадбирда минглаб ёшлар зич тўпланиб, бир-иккитасининг ҳатто мазаси қочгани ҳақида хабар олиб келди (1 ойлар аввал).

Пандемия даврида одамлар 100 кишидан ортиқ тўй қила олмаётган, ҳамма ижтимоий масофа сақла деб бонг ураётган, катта-катта тадбирлар, ҳатто Bookfest халқаро китоблар кўргазмаси ҳам онлайн ўтказилаётган пайтда бу тиктокерга шунақа йиғини учун ким рухсат бердийкан?

Энди бўлса, тиктокерлар ижтимоий фаол инсонлар, ёшларнинг кумири сифатида тақдирланяпти. Йўқ, тушунаман, улар ҳам бор қатлам ва улар ҳам шу форум пиари учун катта хизмат қилишгандир, яъни тақдирланишга ҳаққи бор. Лекин бу тақдирлов маросимининг кўлами ва унга қаратилаётган, менинг назаримда, бошқалардан кўра анча ортиқ эътибор барибир турли фикрларни туғдиряпти.

Ўша гап: Шпакнинг магнитофони, элчининг медальони...

Тушунамиз, фейсбукда негатив кўпайиб кетди. Одноклассники ва Твиттер ҳам «падаркамас». «Жаннатдан хабарлар»ни кўрадиганлар бирдан ўзлари учун Ютубни кашф қилишди. Бизга эса ижтимоий-сиёсий йўналиши заиф, вақтни қуруқ ўтказадиган, негатив кам жой керак.

Аммо тиктокнинг қулф-калити ўзимизда эмаслигини, у ердаги ўша бошқариш осон, ўртача ёши 13 ни ташкил қиладиган массани, аҳолининг катта қисмини кимларнинг қўлига топшириб қўяётганимизни ўйлаб кўрдингларми?

Ўша гап: идеология керак, бирлаштирувчи умумий ғоя. У ғоя эзгуликка хизмат қилувчи, ўстирувчи бўлиши ва ҳамма учун мақбул ва умумий мақсадга мувофиқ бўлиши лозим. Одамлар қилаётган ишлари, бераётган қурбонлари ва шунча йиллик сабри маъносини шу ғоядан топишлари керак.

Тик-ток ундай ғоя бўла олмайди!

Ҳатто чалғитувчи шақилдоқ сифатида ҳам жуда заиф инструмент.

Мен Тик-токка қарши эмасман, фақат бошқа турдошлари қатори шунчаки ижтимоий тармоқ бўлиб қолса.

Майли, хайрлиси бўлсин!

P.s. Булар шахсий қарашларим. Адашаётган бўлсам узр. (Адашаётган бўлай).

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг