Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

«Чиқ, чета чиқ, арвачи...» – рулда энди қўшиқчи

«Чиқ, чета чиқ, арвачи...» – рулда энди қўшиқчи

Ўзининг антиқа қилиқлари ва «қайноқ ижоди» билан доим барчанинг эътиборини тортувчи хонанда Жаҳонгир Отажонов энди янги йўналишга қўл урган кўринади. У яқинда ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавфга қўйиб, Тошкент-Самарқанд йўлининг 100 км/соат тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган қисмида Zeekr автомобилини 195 км/соат тезликда бошқариб, йўл ҳаракати қоидаларини намойишкорона бузиб, ўша видеони Instagram’га жойлади.

Кўпчиликнинг «оғзига тушган» ўша видеода у шундай дейди: «Кеча Zeekr тезлиги нечага чиқар экан, деб сўрашганди. Қани, кўрамиз… Мен 195 км/соатга чиқардим. Тўғриси, яна тезроқ ҳайдашга қўрқдим. Балки 200 км/соат тезликка ҳам чиқар, билмадим». У тезлик билан боғлиқ қоидабузарлиги учун 3 млн 375 минг сўм, йўлда телефондан фойдалангани учун эса 1 млн 125 минг сўм жаримага тортилди. Аммо бу каби чиқишлар орқали интернетда «порлаб» турадиган юлдузлар учун бу жарималар қўрқитиш ўрнини босармикин?

Шу муҳокамалар фонида, Отажоновнинг бу «муваффақияти»дан илҳомланган ёш хонанда Осман Наврўзов ҳам кўп куттирмай, ижтимоий тармоқларда 197 км/соат тезликда ҳаракатланган видеосини жойлади. ЙҲХ ходимлари унинг ҳуқуқбузарлигига ҳам чора кўриб, жаримага тортди. Шу тарзда санъаткорларнинг бу «жасоратли» юришлари ўзаро «пойга»га айланиб кетмасмикин? Тўхтатилмаса, Жаҳонгир Отажонов бошлаб берган бу «қайноқ ижод» ёмон флешмобга айланиши мумкин.

Албатта, бу каби «хавфли шоу»лар орқали эътибор қозониш, ўзини пиар қилиш қўшиқ ёзиш, бастакор билан ҳамкорлик қилиш, студияда овоз ёзиш, клип тасвирга олиш каби сарфлар олдида анча арзон тушади. Аммо шундай видеолар ортида одамлар ҳаёти хавф остида қолади. Тадқиқотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг 34 фоизидан кўпроғи рухсат этилган тезликни ошириш натижасида содир бўлади.

Қонун барча учун баробар, лекин жарималар-чи?

Жаҳон амалиётида бу масалада чоралар қатъий. Масалан, Финляндия ва Данияда тезликни оширганлик учун жарима ҳайдовчининг йиллик даромадига боғлиқ бўлади. Баъзи мамлакатларда эса қоидабузарлик учун жариманинг максимал миқдори чексиз. Мисол учун, Финляндияда 27 ёшли Юсси Салонойа белгиланган тезликни оширгани учун 200 минг доллар жарима тўлади, чунки унинг йиллик даромади 11,5 млн долларни ташкил қилган.

Буюк Британияда ҳам, биздаги каби, тезлик қанча оширилганига қараб жарима миқдори ошиб боради. Қоидабузарлик камералар орқали қайд этилади ва одатда инглизлар 100 долларлик жарима билан қутулиб қоладилар. Аммо, агар тезлик белгиланган меъёрдан анча юқори бўлса, жарима анча катта бўлиши мумкин. Бир сафар Porsche 911 ҳайдовчиси қишлоқ йўлида 275 км/соат тезликда ҳаракатланганда, Британия ҳокимияти уни 8000 доллар жаримага тортган.

АҚШнинг Виржиния штатида ҳам тезлик қоидалари қатъий белгиланган: меъёридан бор-йўғи 15 км/соатга тезликни оширганлик учун 2500 доллар жарима тўлашга тўғри келади. Дарвоқе, баъзи штатларда тезликни жуда ошириб юборса, қамоққа тушиш ҳам мумкин.

Германияда, ҳатто Шумахер ватанида ҳам, тезлик чекланган жойларда қоидабузарлар 623 долларлик жаримага тортилиб, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлишлари мумкин.

Нидерландияда тезликни оширганлик учун 800 доллар жарима тўланади. Бу ерда жарима полициячига воқеа жойида тўланади. Агар қоидабузарлик иккинчи марта содир этилса, ҳайдовчи қамоққа олинади, автомобили эса мусодара этилади. Балки шунинг учун бу мамлакатда кўпроқ велосипедда юриш урф бўлгандир.

Ўзбекистонда тезлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жарималар оддий одамлар учун катта чиқим, аммо Жаҳонгир Отажонов каби сердаромад шахслар учун бу «бирров»лик нарса бўлиб қолмоқда. Шунинг учун бундай қонунбузарликлар олдини олиш учун жиддийроқ чоралар кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Акс ҳолда, йўлларда бундай «юлдуз»лар кўпайса кўпаядики, камаймайди.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг