Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус Ўзбекистонга кириб келганига 1 ой бўлди: ҳаётимиз қанчалик ўзгарди?

Коронавирус Ўзбекистонга кириб келганига 1 ой бўлди: ҳаётимиз қанчалик ўзгарди?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 15 апрель куни мамлакатга коронавирус расман кириб келганига бир ой бўлди. Айни дамда касалланганлар 1275 нафар, соғайганлар 107 нафар, вафот этганлар 4 нафарни ташкил этмоқда. Шу муносабат билан «Xabar.uz» бир ой давомида Ўзбекистонда юз берган асосий ўзгаришларни эслади.

Илк бемор ва илк чоралар

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан илк касалланиш ҳолати қайд этилди

Барча ОТМ, мактаб ва боғчаларга таътил берилиши эълон қилинди. ОТМлар талабалари ўз яшаш ҳудудларига жўнатилди. Фарзанди мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчи ота-оналар таътилга чиқарилди ёки масофадан ишлаш тизимига ўтди. Шунингдек, ўқитувчилар ҳам масофадан ишлай бошлади. Телеканаллар орқали видеодарслар (мактаб ўқувчилари учун) ҳамда Zoom каби дастурлар орқали онлайн дарслар йўлга қўйилди.

Касалликка чалинганлар билан алоқада бўлган одамлар карантинга олинди. Карантин ва чеклов тадбирларини бузганлик ва касаллик ўчоғига борганлик ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлганлик ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Хориж билан авто ва авиайўналишлар ёпилди. Бошқа давлатда бўлган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар йўлга қўйилди. Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар турли вилоятлардаги карантин ҳудудларига жойлаштирилди. Бир ой мобайнида хориждан қайтиб, карантин муддатини ўтаган, вирус аниқланмаган минглаб фуқаролар уйларига жўнатилди.

Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар 30 мартдан ёпилди. Ўзбекистондан чиқиб кетишга улгурмаган хорижликларнинг виза муддати узайтирилди. Шунингдек, қатор давлатлар ўз ҳудудларида қолиб кетган хорижий фуқаролар (шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам) виза муддатларини узайтиришди.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида коронавирусда гумон қилинганлар карантинда сақланадиган контейнерлардан иборат шифохона қурилди.

Бозордаги озорлар

Аҳоли ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш (ўта) фаоллашгани сабаб деҳқон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши кузатилди (айниқса исириқ ва саримсоқ нархлари осмонга учди). Давлат солиқ қўмитаси томонидан нархлар назоратга олинди.

Шунингдек, вилоятлараро таксилар йўл ҳақининг ҳам кескин ошиши кузатилди. Ушбу вазият фонида бир қанча инсонлар талабаларни уйларига бепул етказиш ташаббуси билан чиқишди.

Чекловлар ва тақиқлар

Мессенжер ва ижтимоий тармоқларда турли фейк хабарлар кўпая бошлади. Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган хабарлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

16 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг коронавирус инфекцияси бўйича фатвоси эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намози ўқилиши, шунингдек, беш вақт намозлар ҳам уйда адо этилиши белгиланди.

19 мартдан бошлаб атвобуслар ҳаракати оралиқ интерваллари узайтирилди, 22 мартдан эса Тошкентдаги барча жамоат транспортлари ҳаракати тўлиқ тўхтатилди.

21 мартдан эътиборан барча кўнгил очар объектлар фаолияти тўхтатилди. Барча ноозиқ-овқат бозорлари ёпилди. Тошкентдаги маҳаллаларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этила бошланди.

23 мартдан бошлаб тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинди.

23 март куни соат 00:01 дан бошлаб Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилди.

23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди.

25 март куни соат 6:00 дан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жарима белгиланди.

Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилди.

1 апрелдан эса 65 ёшдан катталарнинг заруриятсиз кўчага чиқишлари тақиқланди. Пенсиялар банк ходимлари томонидан уйларга бориб тарқатилди. Жорий йилнинг май ойидан бошлаб эса, барча пенсия ва ойлик маошлар пластик карталар орқали берилиши белгиланди.

24 мартдан бошлаб, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш йўллари ёпилди. Шундан сўнг қатор вилоятларда ҳам жамоат транспорти ҳаракати, шунингдек, вилоят ҳудудига кириш-чиқиш тақиқланди.

30 мартдан шахсий автомобилда ҳаракатланиш тақиқланди. Етказиб бериш хизматларини амалга ошириш учун автомобилларга махсус рухсатнома берила бошланди. ИИББ ва Миллий гвардия рухсатсиз автомобилларни ушлаш учун рейдлар ўтказа бошлади. 9 апрелдан эса стикер бериш бекор қилинди.

6 апрелдан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди, мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш чекланди, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланди.

Айни дамда МДҲ давлатлари орасида ўз-ўзини изоляциялаш индексининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида кузатилмоқда (4.2 балл). Пойтахт кўчаларининг (деярли) «ҳувиллаб» қолганини ушбу фоторепортажимизда кўриш мумкин.

Инқирозга қарши ҳаракатлар

Тиббий ниқобни ишлаб чиқаришда лицензия талаб қилиш бекор қилинди.

Ўзбекистонда Инқирозга қарши жамғарма тузилди ва унда 10 триллион сўм шакллантирилиши белгиланди.

«Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик» жамоат фондига қатор ташкилотлар ходимлари бир кунлик иш ҳақларини хайрия тарзида ўтказишди. Шу кунгача унга тушган маблағлар нималарга сарф қилинганини ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин.

Карантин даврида тўловлар учун жарималар ва пениялар жорий этилмаслиги ҳамда қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмаслиги белгиланди.

Тадбиркорларга солиқларни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Қолаверса, кредитлар учун 6 ойлик таътил эълон қилинди.

Икки ой давомида телефон ҳамда интернет хизматлари ҳам ўчириб қўйилмаслиги маълум қилинди.

Божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё, материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона божлари ундирилмаслиги белгиланди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил қилинди ва улар орқали муҳтож аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатила бошланди.

«Xavfsiz Yordam» лойиҳаси доирасида мингта муҳтож оилага бир миллион сўмдан берилиши белгиланди.

Юртимизга касаллик кириб келганига бор йўғи бир ой бўлганига қарамай, ҳаётимизда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Уларнинг орасида ижобийлари ҳам, афсуски, салбийлари ҳам бор. Карантин қоидаларига бўйсунмаслик, бепарволик сабаб касалликни бошқаларга юқтириш ҳолатлари, кўчага заруриятсиз чиқиш чекловига қарамай, кўчаларда гуруҳ бўлиб юриш, бошқаларни ҳам шунга ундаш каби ҳаракатлар кўнглимизни хира қилди. Аммо масофавий таълимга мажбурий бўлсада тезкор ўтилгани, онлайн ишлаш тизими йўлга қўйилгани, тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайиши ҳар нарсанинг ҳам яхши томони борлигини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, юртдошларимизда яқинлари билан кўпроқ вақт ўтказиш, фарзанд тарбиясига кўпроқ эътибор бериш имкони пайдо бўлди. Шифокорларга, ўқитувчиларга бўлган ҳурматимиз ошди. Табиатни тинимсиз автомобил қатновлари билан қанчалик бўғиб қўйганимизни тушуниб етдик. Буларнинг барчасидан тўғри хулоса чиқарамиз, деб умид қиламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг