Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

10 йиллик танаффусдан кейин Эронга қарши санкциялар тикланди

10 йиллик танаффусдан кейин Эронга қарши санкциялар тикланди

Фото: Reuters

28 сентябрдан эътиборан БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга қарши 10 йил аввал тўхтатилган санкцияларни қайтадан амалга киритди. Reuters агентлиги хабар беришича, халқаро тузилма Теҳрон санкцияларни тўхтатиш эвазига ядро дастурини чеклаш бўйича 2015 йилги битим шартларини бажармаётир деган хулосага келган.

Аслида БМТ Хавфсизлик кенгаши жорий йил 19 сентябрь куни санкцияларни тиклаш ҳақида қарор қабул қилганди. Аммо бу орада Россия ва Хитой ташаббуси билан санкцияларни амалга киритишни 6 ойга кечиктириш ҳақида резолюция лойиҳаси овозга қўйилди. шбу ҳужжатни Хавфсизлик кенгашининг 4 аъзоси (Россия, Хитой, Покистон, Жазоир) қўллаб-қувватлади, холос. Кенгашнинг 9 аъзоси қарши овоз берди, икки давлат бетараф қолди. Шу тариқа Эронга қарши санкцияларни тиклаш қарори кучга кирди.

БМТ қайта тиклаган санкциялар Эронга қурол-аслаҳа етказишга эмбарго, бир қатор жисмоний ва юридик шахслар активларини музлатиш каби чораларни ўз ичига олади. Шунингдек, Эрон уранни бойитиш ва қайта ишлаш, ядро қуроли ташувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқариш билан шуғулланиши ман этилади.

2015 йилда Эрон ҳамда дунёнинг 6 йирик давлати (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия, Хитой) ўртасида тузилган битимга мувофиқ, Эрон ядро дастури бўйича чекловлар кўзда тутилган эди.

2018 йилда АҚШ Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида ушбу битимдан чиқди. Эрон ҳам бунга жавобан 2019 йилда мазкур битимдан чиққанини эълон қилди.

Ғарб давлатлари Эрон сўнгги йилларда ядро дастурини кенгайтирган, уранни бойитиш кўрсаткичи ядро каллаклари яратишга яқинлашиб қолган деб ҳисоблайди.

Расмий Теҳрон эса ядро дастури фақат тинч мақсадга қаратилганини айтиб келади. Мамлакат президенти Масъуд Пезешкиён куни кеча БМТ минбарида ҳам Эрон ядро қуролини яратишни мақсад қилмаганини яна бир карра таъкидлади.

Эрон АҚШ билан жорий йил апрелдан бошлаб ядро келишуви бўйича музокараларни қайта бошлаган эди. Аммо Исроил июнь ойида Эронга қарши кенг қамровли авиаҳужумлар уюштирди.

Исроилнинг БМТ низомлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда уюштирган ҳужуми оқибатида бир қатор юқори мартабали ҳарбий мулозимлар ҳамда ядро соҳаси олимлари ўлдирилган.

Июнь охирларида эса АҚШ ҳаво кучлари Эрондаги учта ядровий объектга (Фордо, Натанз ва Исфаҳон) бомба ташлади.

Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушдан кейин евроучлик, яъни Буюк Британия, Франция ва Германия Теҳрон билан музокаралар ўтказди. Европа давлатлари музокара якунида Эрон ядро дастури бўйича мажбуриятларни бажариш борасида қатъият кўрсатмади деган хулосага келган ва санкцияларни қайта тиклаш жараёни бошланган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги санкциялар қайта тикланганини ҳуқуқий жиҳатдан асоссиз ва ноҳақ чора деб баҳолаган. Расмий Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг июнь ойидаги Эрон ядро объектларига ҳарбий ҳужумлари халқаро ҳуқуқ ва ўзаро келишувларга зид эканини яна бир карра таъкидлаган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг ушбу қарорини қоралаган. Вазир Сергей Лавровга кўра, “Ғарб давлатлари халқаро тузилмаларидан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда”.

“The Guardian” газетаси санкциялар юқори инфляция, валюта тақчиллиги каби муаммолардан азият чекаётган Эрон иқтисодиётини янада оғир аҳволга солиши ҳақида ёзди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг