11 йилдан буён аравачага михланган бола: «Мен Ватанни онам каби севаман!» (видео)
Нозимжоннинг синглиси лой билчиган, ўнқир-чўнқир ҳовлидан акаси ўтирган аравачани айвон тагигача зўрға судраб борди. Совуқдан қўлчалари музлаган, юзлари қип-қизарган. Шунга қарамасдан, шоша-пиша акасининг эгнидан тушиб кетаётган тўшак билан унинг очиқ қолган қўл ва бўйинларини эҳтиёткорлик билан ўраб қўйди.
– Совқотибсан-а, сингилжон?!
– Йўғ-е, акажон, мен совқотмадим.
– Сени ҳам қийнаб қўйдим...
– Ҳечам қийналмадим. Сизга шеър айтиб, рақсга тушиб берайми? — изиллаб қолаётганини акасига сездирмаслик учун сўзлади Наргиза.
Акасидан жавоб кутмай, Наргиза қўшиқ хиргойи қилиб, рақсга туша кетди. Нозимжон синглисининг ҳаракатларини кўриб қувонса-да, қарсак чалолмасди. Билинар-билинмас кўзлари намланди. Шу топда эндигина тандирдан узган нонларини қўйнига тўлдирганча, уларнинг олдига онаси келиб қолди. Бир қўлда нон, бир қўлда ўғли ўтирган аравачани судраб уйга олиб кириш учун қизига ёрдамлашган бўлди. Кутилмаганда аравачанинг бир оёғи «қарсиллаб» синди. Нозимжон «воҳ»лаб юборди. Ўғлининг бу «воҳ»идан онасининг жони қирқ бўлак бўлди. Аксига олиб, отаси ҳам ишда. Бу совуқда ҳамма уй-уйида. Она куймаланди. Сингил йиғлаб-сиқтади. Нозимжоннинг бутун танаси қақшаса-да, иродасини тетик тутди: «Мен яхшиман, она!».
Онаизор 16 ёшли боласини даст кўтариб, уйга олиб кирди. Кўчадаги совуқ шамол қўлбола печ карнайидан чиқадиган тутунни ичкарига қайтаргани боис, уй бурқсиб кетганди...
Нилуфар ўғлини тўшакка ўраб-чирмаб, печ ёнига оҳиста қўйди. Қизига эҳтиёт бўлиб туришни тайинлади. Сўнг телевизор мурватини буради-да, яна мол-ҳолига қараш учун чиқиб кетди. Шу пайт телевизор экранида «Нуқта» деган ёзув гавдаланди. Унда бир неча дақиқа шифт тасвири намоён бўлиб турди. Бу орада Нозимжоннинг синглиси «бошқа каналга олайлик»лаб, акасига эркалик қилди. Аммо Нозимжон экрандан кўз узмас, синглисига: «Жим, кут. Жим, кут», — дея такрорлади. У худди бир нимани сезди, шекилли, лавҳага «кириб кетгудек» бўлиб термулди, кўзларидан беихтиёр ёш сизиб чиқди. Бир неча дақиқалардан сўнг кадрда тўшакда михланиб ётган бола тасвири намоён бўлди: кадрдаги бола кўзларини шифтга боққанча, маъюс ётарди... Кадр ортидан бир қизнинг: «Ушбу филм дунёни титратган ва Нобел мукофотига сазовор бўлган», деган овози эшитилди. Акасининг «Жим, кут. Жим, кут», дейиши сабабини тушунган Наргиза йиғлаб юборди. Печка ёнида тўшакда ўраб қўйилган акаси фильмнинг охири қандай якунланишини сезганини ҳис қилди, уни келиб оҳиста қучди: «Менинг акам, ўзимнинг акажоним!»...
Нозимжон электрон аравачали бўлди
«Шу бу йил қиш изғиринли, совуқ келди-да. Совуқдан омон-эсон чиқиш учун кўп жонҳалак бўлдик. Аксига, Нозимжонимнинг ногиронлик аравачаси синган, йиртиқ-ямоғини «ямаб-суяб», зўрға судрардик. Ўғлим ўн йилдан ортиқроқ вақт таъмирга муҳтож аравачада «кун кўрди». Мен оддий ўқитувчиман. Турмуш ўртоғим ҳарбий хизматчи. 4 нафар фарзандимиз бор. Аммо, топган-тутганимизнинг кўп қисмини Нозимжоннинг саломатлигини тиклаш учун сарфлаб келяпмиз. Шу боис, ўз кучимиз билан сотиб ололмаганмиз-да», — деди Нозимжоннинг онаси биз билан суҳбатда.
Нозимжон Рўзимаматов — Ромитан туманининг Қоқиштувон маҳалласида туғилган. Оилада 4 нафар фарзанднинг тўнғичи. Болалигида чалинган дард туфайли ногиронлиги бор. Шундай бўлса-да, у тенгдошларига ўрнак бўла оладиган даражада ақлли, фаол, интилувчан, энг муҳими, жуда иродали.
Робототехника, бино макетлари ясаш билан шуғулланадиган Нозимжоннинг буюртмалари ҳам анчагина. Унга ён-атрофдаги мактаблар, ҳаттоки, олий таълим муассасаларидан ҳам фанга, қурилишга оид макетлар ясаш учун буюртмалар келиб тушади. Шунингдек, у ҳозир компютерда дастурлашни ўрганмоқда. Қолаверса, уяли алоқа телефонларини тузатиш, турли базмлар, туғилган кунлар учун видеолавҳалар тайёрлашга ҳам қизиқади.
Нозимжон узоқ йиллар оддий ногиронлар аравачасидан фойдаланиб келишга мажбур бўлган. Яқинда унга туман «Инсон» ижтимоий хизматлари маркази томонидан электрон аравача берилди. Шундан сўнг, у мустақил равишда ўзи кўчага чиқиш, ука-сингиллари билан айланиш, ўртоқлари билан кўришиб туриш имкониятига эга бўлди.
«Ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида оиламдагиларга оғирлигим тушмасдан, мустақил «юриш»ни орзу қилиб яшадим. Бошқа тенгдошларим қатори ўз оёқларимда истаган жойимга бориб келолмасман, аммо бу электрон аравача менга дўстдек қадрдон бўлиб қолди. Энди ташқарида, кўчаларда ўзим ҳам бемалол ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдим. Хурсанд бўлганим, мени ўйлайдиганлар бор экан. Бунга жавобан энди мақсадларим учун ҳаракатдан тўхтамайман. Агар Аллоҳ тақдиримга ёзган бўлса, архитектор бўлишни мақсад қилганман», — дейди Нозимжон.
Онасининг айтишича, Нозимжон болалигида ҳамма тенгдошлари қатори соғлом ва тетик бола бўлган. Тумандаги 19-умумий ўрта таълим мактабига 1-синфга борган. Бироқ, унда мактаб борганининг илк йилидаёқ оёғини ўзига бўйсундиролмай, йиқилиб тушиш одати пайдо бўла бошлаган.
«Бу хасталик — туғма, деб баҳоланди. Унга Дюшенн миодистрофияси, яъни зўрайиб борувчи мушаклар дистропияси ташхиси қўйилган. Хасталик болагинамнинг организмида яширин кезган экан, хабарсиз қолганмиз. 2013 йилдан буён Тошкентнинг турли даволаниш масканларига қатнаймиз. Шу йил аҳволи жудаям оғирлашди. Суяклар емирилиши ва букрилик аломатлари тезлашиб, оғриқлари кучайди. Боламни ҳар кўрганда, юрак-бағрим изиллайди. Наилож, Аллоҳ берган хасталик экан. Шунисигаям шукр, кўз олдимизда тирик ва бор бўлсин, илоҳим. Иродаси жуда кучли. Энг оғриқли ва оғир жараёнларни босиб ўтди. Келгусида архитектура ва компютер технологиялари соҳасини эгалламоқчи. Робототехникагаям қизиқиши жуда баланд. Расмлар чизиш, пластлиндан табиатнинг гўзал ва бетакрор манзараларини яратишниям яхшигина эгаллаган. Ўзи уйда ёлғиз қолган пайтлари токи биз ишдан қайтгунча, турли қўл меҳнатлари билан бизга «сюрприз»лар тайёрлаб, хурсанд қилади», — деди Нилуфар Саидова ўғлининг қизиқишлари ҳақида сўзлар экан.
Кераксиз буюм ва матолардан сайқалланган «мўъжиза»лар
Иккинчи синфдан уйда таълим олишни бошлаган Нозимжоннинг робототехника йўналишига қизиқиб қолишида электрон ўйинчоқ машинасининг синиб қолиши сабаб бўлган. Илк ишни шу машинани тузатишдан бошлаган. Бора-бора синган елим ўйинчоқлар, пластилин, гугурт доналари, дарахт шохларию жалюзи парда қолдиқлари ва бошқа кераксиз буюмлардан фойдаланиб, ўз ижодкорлигини сайқаллай бошлаган.
Нозимжон Париж минорасидан тортиб, Буюк Британиянинг машҳур қўприкларигача ясаган. Айниқса, тошлардан ясаган кўл ва бетакрор табиати бор макетлари кўпчиликка манзур бўлган.
Эътиборимизни тортгани, Нозимжон робототехник воситалар ҳамда турли бино макетларини кераксиз буюм ва матолардан тайёрлаб, уларни сайқаллаб, даромадга ҳам эга бўлмоқда. Чунки Нозимжонда турли буюмлар ясаши учун махсус робототехник буюмлар бўлмаган. Оилада эса ундай буюм ва восита тўпламларини харид қилиш имкони туғилмаган.
«Аллоҳга шукур, тўрт нафар фарзандимиз бор. Дадамиз давлат хизматчиси. Мен ҳам мактабда ўқитувчиман, фақат ўғлимнинг қаровсиз қолмаслиги учун кам дарс соатлари олганман. Тўғриси, топган даромадимизнинг қарийб, 50-60 фоизидан кўпроғини Нозимжоннинг саломатлигини тиклашга сарфлаймиз. Дори-дармон воситаларини Москвадан буюртма орқали жуда қиммат нархда харид қилиб оламиз. Озгина имконимиз кенгайиши билан, албатта, ўғлимизга работотехник воситалар ясаши учун барча керакли тўпламларни олиб берамиз», — дейди она вазминлик билан.
Шу ҳолатдаям ҳаётга интилиш ва яшашдек истакларидан тўхтамайдиган ўғлининг қизиқаётган соҳаси учун зарур воситаларини харид қилишга имкони йўқлигини ийманиб сўзлаган она муаммо ва ташвишлари ҳақида ҳеч қачон ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Болаларини бировдан кам қилмаслик учун томорқада тиришиб меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи билан ҳам давлат ишида, ҳам томорқа-ўчарда совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай тер тўккан, меҳнат қилган. Томорқада етиштирилган ҳосиллар харидидан топилган озми-кўпми даромадни ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Нозимжоннинг саломатлигини тиклашга сарфлаб келишган. Маошлар эса оила ва бошқа болалари харажатига ишлатилади.
«Ота-онамнинг мен учун қайғуриб, кеча-кундуз ишлашини биламан. Уларга ёрдам бўлсин учун рўзғорга озми-кўпми даромад келтиришга ҳаракат қиламан. Гоҳида телевизорда ёхуд интернетларда ота-онасига озор етказиб, уларни мушкул аҳволга солиб қўяётган тенгдошларимни кузатаман. Уларга «ота-онангизни асранг-авайланг, чунки ҳеч ким улар каби сиз учун қайғуришмайди», дегим келади. Ўзим эса, саломатлигимдаги муаммо боис, ота-онамга кўп-кўп ёрдам бера олмаётганим учун гоҳида ёлғиз қолсам, йиғлайман. Аммо, кўз ёшларимни уларга кўрсатмасликка ҳаракат қиламан. Улар менинг яшашим учун бор дунёларини сочишяптими, демак, мен ҳам шунга жавобан ирода ва қатъиятимни мустаҳкам тутишим керак», — дейди Нозимжон.
Нозимжон кўпинча эртак китоблар ўқийди. Эртак қаҳрамонлари билан ўзини бахтиёр ҳис қилади. Жуда секин ва паст товушда сўзлайди. Беозор, табиатан вазмин бола. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, қараш ва фикрлашлари соғлом, орзу-ўйлари осмон қадар.
«Отам ҳарбий соҳада ишлайди. Мен ҳам унингдек бўламан, унингдек Ватанга хизмат қиламан. Тўғри, бунга жисмонан имкониятим етмас, аммо, ўзим ясаган ва келгусида архитектура соҳасида яратувчанликларим билан Ватанга хизмат қиламан», — дейди умид билан боғдаги ўйинқароқ капалакларга термулганча Нозимжон.
«Обод маҳалла»дан чала «қолган» сув ва йўл таъмири
Нозимжон билан суҳбатни уларнинг ҳовлиси, ям-яшил томорқалару кўчаларини сайр қилиб, давом эттирдик. Электрон аравачада сайр қилар экан, у бундан мамнунлигини яна бир карра эслатади. Ушбу аравача яқиндагина берилган бўлишига қарамай, ғилдираклари бироз емирилган.
Маълумот ўрнида: Қоқиштувон маҳалласи 2021 йилда «Обод маҳалла» дастурига кирган. Бироқ, йирик халқаро аҳамиятга йўл ёқасидан уларнинг дарвозасигача бўлган, анча баландликдан пастга қараб йўналтирилган йўлак шағал билан тўлдирилган. У ҳам «Обод маҳалла» томонидан эмас, хонадон эгаси томонидан шағаллаштирилган. Тоза ичимлик суви эса маҳалланинг саноқли хонадонларига кириб келган. Қувур тортиб, етказиб берилмаган. Маҳалла гўёки тоза ичимлик сувига мослаштирилган бўлса-да, кўпчилик аҳоли сувни сотиб олади.
«Вой, бу муаммоларни қаердан кўрдингиз. Ахир, биз ҳеч қачон ҳеч кимга мурожаат қилмаганмиз. Фақат умрбўйи ўғлимизга шифо сўраб, Аллоҳга илтижо қилиб келдик. Бизга «гап» келмасин», — дейди аёл сигир-бузоғига қараб келиб, бошига танғиб олган рўмолини тўғрилаб қўяр экан.
Соддадил қишлоқ аёли ҳатто ўзини қийнаб келаётган муаммоларни айтишгаям ийманади. «Йўқ, сув бор!», — деб қўяди. Аслида «Обод маҳалла»нинг бизга маълум бўлмаган қайсидир ҳужжатидагина балки оёқ чўзиб ётгандир: «ҳар бир хонадонга кириб борган тоза сув қувури». Мутасаддилар бу масалаларга эътиборни ошириши зарур!
Маҳаллада «Аёллар дафтари»га киритилган Нилуфар Саидова бир марталик моддий ёрдамга эга бўлган. Бу оилага узоқ йил «хизмат кўрсатган», ишлаб-ишламайдиган музлатгични очиб, ундан уютилган қатиқни олаётган Нилуфарга разм соламиз:
– Ҳеч ўзингиз учун яшаганмисиз?
– Болаларим учун ҳаракат қилаётганимизнинг ўзини ўзимиз учун яшаш, деб биламан, — дейди у. Қўли қадоқ, сабрлари тош аёлнинг иродасига таҳсин айтамиз.
Нозимжоннинг онаси томорқада етиштирган мева-чеваларни ювиб келиб, бизга ҳам тортиқ қилар экан, тандирга ўт ёқиши кераклигини айтди. Биз ҳам меваларни татиб кўрган кўйи аёлга эргашдик. Мол-ҳоли, қўй-эчкиси бойланган молхона олдида атрофи супуриб тозалаб қўйилган чиқиндихонага кўзимиз тушди. «Ия, хандак (яма) молхонадами?», — сўрадик беихтиёр.
Маълум бўлишича, қишлоқда чиқиндихона йўқ. Чиқинди ташиш машинасининг эса бу хонадонга келмаганига анча бўлган.
«Бир гал чиқинди ташув манишинасида нотаниш, тўғрироғи, бизнинг вазиятимизни билмаган ҳайдовчи келганди. «Уйда ўғлинг борга ўхшайди, овози эшитилди. Айт, чиқсин, ёрдамлашсин!», – деди. Унинг бу гапи юрагимни тешиб ўтганини ўзим биламан – жоним, опа. Ўғлим бу кўйда бўлмаса, бошимдан тиллолар сочарди», — ўксиб сўзлади Нилуфар.
Умр бўйи қийинчиликлар жонидан ўтса-да, ҳеч кимга «чурқ» этмай келган Нилуфар шундан кейин чиқинди ташиш машинасига хабар бермаганини жимгина сўзлади.
Кун иссиқ. Ҳарорат 40 даражадан ошган. Қуёш жазирамасида тандир олови тафтида нон ёпишнинг ҳам ўзи бўлмас. Нон ёпишга тайёрлангунга қадар супра бошида суҳбатни давом эттирдик. 11 ёшли қизи Наргиза ҳам онасига қарашди. Шеърлар айтиб, қўшиқ хиргойи қилди. Акасини яхши кўришини, акасининг энг яқин дастёри эканини сўзлади.
Суратга тушиш учун келган маҳалла фаоли
Шу топда биз съёмка жараёнларини ўтказаётган бу ҳовлига сипо кийинган бир аёл кириб келди. Ўзини Қоқиштувон маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Шаҳноза Ҳасанова, деб таништирди.
Ҳали танишиб, саломлашиб улгурмаган ҳам эдик, у: «Тез-тез мени расмга туширинг. Вақтим йўқ. Ишим кўп. Вояга етмаган бир қизнинг чиқарган «ишкали» масаласида маҳаллага туман прокурори келяпти», — деб қолди буйруқнамо. Биз ҳам ҳайрат, ҳам ўй билан унга тикилдик. «Нега ўйланяпсиз, тезлаштирайлик!» — деди аёл яна аллақандай асабийлик билан. «Сиз ўз ишингизни қилиб, бемалол суратга тушиб кетишингиз мумкин. Аммо, биз сизни буйруғингиз билан суратга олишга мажбур эмасмиз!», — дедик кесатиб.
Фаол аёл ҳовуридан тушиб, Нозимжоннинг қаерда экани, унинг ҳақида айтадиган сўзлари борлигини билдирди. Унинг «айтадиган гаплари»га қизиқиб, уй ичкарисида сурат чизиб, турли буюмлар ясаб турган Нозимжоннинг ёнига кирдик.
Шаҳноза Ҳасанованинг айтишича, Нозимжон ҳалигача «Ёшлар дафтари»га киритилмаган.
– Қонун талаби бўйича ўзи ёки онаси бориб ариза топшириши керак эди, шу пайтгача. Лекин булар томонидан «Ёшлар дафтари»га кириш учун мурожаат келиб тушмаган, — деди у.
– Сиз айтаётган қонунда ёзилмаган инсонийлик тушунчалари ҳам бор! Сиз Нозимжоннинг аҳволидан хабардорсиз. Ўша аризани ўзингиз ёки ёшлар етакчиси биргаликда ўз ташаббусингиз билан келиб ёздириб олсангиз малол бўлармиди? — дедик.
Шаҳноза Ҳасанованинг айтишича, «Ёшлар дафтари»га киргач, Нозимжонга бир марталик ёрдам пули ажратилади ҳамда у давлат томонидан ўн кунлик ётиб даволаниш имконига эга бўлади.
Ёшлар етакчиси хизмат сафари билан пойтахтга кетгани боис, бу вазиятда у билан боғланишнинг имкони бўлмади.
Шаҳноза Ҳасанова бизга яна бир карра суратга тушишини эслатди.
«Нозимжоннинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турамиз. У иқтидорли, ақлли бола. Онаси «Аёллар дафтари»га киритилиб, бир миллион икки юз минг сўм миқдорида бир марталик ёрдам пули олган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам келтириб берганмиз», — деди у суратга олиниши жараёнида.
Жисмоний нуқсони бор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатликларини таъминлаш, ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоялаш, ёрдамга муҳтожларга кўмаклашиш азалий қадриятларимиздан саналади. Бироқ, маҳалла фаоллари томонидан «кўринган» бўлиб, суратга тушиб кетишлару, саноқли марта берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг такрор-такрор айтилавериши уни қабул қилган фуқароларнинг инсоний қадриятларига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Нима ҳам дердик, маҳалла фаолларининг бундай «сурат»ларга тушиб, бир хил тартибда берган интервюларига кўникканмиз.
– Опа, Нозимжон иссиқ нонни тандирбошида сувга бўктириб ейишни ёқтиради, — дея шу топда хона эшигидан бош суқди бизни ҳам тандир бошига чорлаган бўлиб Нилуфар.
Олов ҳароратда оловда чўғланган тандирбошига бордик. Нозимжонга ва болаларга қўшилишиб, биз ҳам иссиқ кулчаларни сувга бўктириб-бўктириб едик. Болалигимиз онлари ёдга тушди. Болаларга иссиқ нон билан помидор ейиш ҳам болаликнинг завқи эканини кулишиб айтдик.
– Менга ёқди. Иссиқ кулчани сувга бўктириб, помидорга қўшиб ейиш жуда мазали экан, — кулди Нозимжон.
Ҳазил-мутойибали латифалар айтилди, болаликнинг ширин хотиралари ёдга олинди.
– Борларингизга шукр. Боламнинг юзига қон югурди. Анчадан бери мириқиб кулмаган, дилдан яйрамаган эди, — қўлидаги тандирпўшакни ечар экан сўзлади Нилуфар.
Қуёшга ҳамоҳанг офтобдек тобланган она арава судраб кетаётган ўғли ортидан умидланиб, жовдираб қарайди. Онанинг нигоҳлари 11 йил давомида аравачада бораётган шу дилбанди билан изма-из юрган. Бу нигоҳларини бошқа ёққа қаратишдан чўчиб, япроқдек титраб яшаган. Ўзи ёш бўлишига қарамай, ўзини унутган, эрта кексайган: сочларига оқ тушиб, кўзлари маъюсланган онаизор армонларга берилиб-берилиб сўзлайди:
– Кўксимни эзиб, куйдириб келаётган боламнинг дарди-тиғи олдида қуёш тиғи нима бўлибди, опа. Ҳали ўғлимнинг Ўзбекистонга бел боғлаб хизмат қиладиган архитектор бўлиб етишишига, ўзи истаган олийгоҳларда таҳсил олишига ишонаман.
Армонлари юрагида оташланиб, оловланиб бораётган Нозимжонга юзланамиз.
«Мен учун онам-отам дунёдаги энг азиз неъмат. Айниқса, онажонимни жуда-жуда яхши кўраман. Худди шунингдек, мен Ватанни ҳам онам каби севаман. Укам, сингилларим менинг энг яқин дўстларим. Бугун улар аслида, менинг ҳимоямда бўлиши керак. Аммо... уларнинг менга ғамхўрликлари эвазига ўзим ўзлаштираётган робототехника, расм чизиш, веб-дизайнерлик соҳаси, макетлар ясашни уларга ҳам ўргатаман. Ота-онамнинг камини тўлдирадиган шахслар бўлиб етишишсин. Мен яқинларимни улар мени севгандек севаман», — кўзларида нур чақнаса-да, нигоҳида дард чайқалган Нозимжоннинг сўзларини тинглар эканмиз, кўзларимиз беихтиёр ёшланди.
Оғриса дардини, ғам чекса «оҳ»ини яқинларига сездирмай умргузаронлик қилиб келаётган, Яшаш ва Ҳаёт мезонини шиор, деб билган Нозимжонни метиндек ирода, саботнинг ўзи қўлласин, деймиз.
Юртимизда имконияти чекланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларига имкониятлар яратиш мақсади устувор. Токи, улар Янги Ўзбекистонда эътибордан четда эмасликларини, шу жамиятга, давлатга керак эканликларини ҳис этишсин.
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter