Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Украинанинг 1991 йилги чегараларда ҳудудий яхлитлиги тикланишини қўллаб-қувватлайди

ЕИ Украинанинг 1991 йилги чегараларда ҳудудий яхлитлиги тикланишини қўллаб-қувватлайди

Европа Иттифоқи Россия тажовузига учраган Украинани қатъий равишда дастаклашда давом этади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан Украина босқини бошланганининг икки йиллиги муносабати билан Тошкентда ташкил этилган тадбирда таъкидлади.

«Россиянинг Украинага қарши тажовузкорона уруши дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам хавфли прецедент яратмоқда. ЕИ Россиянинг Украина ҳудудларини ноқонуний босиб олишини асло тан олмайди. Россиянинг Украинага хиёнаткорона бостириб кириши глобал озиқ-овқат ва энергетика бозорини издан чиқарди. Бу ҳол барчага таъсир ўтказиб, бутун дунёга оғриқли зарба бўлди. Бу вазиятда ЕИ Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ ҳамкорлик қилиш ниятида», – деди ЕИ элчиси.

Дипломатнинг таъкидлашича, Украинанинг 1991 йилги чегараларда ҳудудий яхлитлиги тикланиши муҳимдир.

«Кенг кўламли босқиндан икки йил ўтгандан сўнг ҳам ЕИ Украинанинг тўлиқ суверенитети ва 1991 йилги чегараларда ҳудудий яхлитлиги тикланишини қўллаб-қувватлашда давом этади. Ўшандан бери Украина ЕИга номзод мамлакат бўлди. Яқинда Украина ЕИга аъзолик борасида музокара бошлайди», – деди Адриан хоним.

Тадбирда Польша элчиси Радослав Грук ва Украина элчиси Микола Дорошенко ҳам сўз олиб, урушнинг салбий оқибатларига эътибор қаратди.

Анжуманда Украинани қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида польшалик таниқли кинорежиссёр Мачей Ҳамела суратга олган «Орқа кўзгуда» («Skąd dokąd») номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди.

«Pare Lorentz» мукофотига сазовор бўлган режиссёрнинг мазкур картинасида Россия босқини қурбони бўлган украиналикларнинг фожиавий тақдири, уруш келтирган мусибатлар ҳаётий ҳикоялар асосида очиб берилган.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИнинг юртимиздаги делегацияси Украина урушида жабр кўрган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия кимошди савдоси ўтказган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг