Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2030 йилга бориб Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор — Президент

2030 йилга бориб Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти жамиятнинг энг қуйи бўғинигача тушиб, «маҳаллабай» ишлаш тизими йўлга қўйилгани ўзини ҳар томонлама оқлаганини таъкидлади.

Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаш, даромадини ошириш учун етарли ресурс ажратилди. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 2,5-3 миллиард доллар йўналтирилмоқда.

Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун 235 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий қилинди. Бу ишлар 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди.

Лидер тадбиркорлар кўмагида томорқада сердаромад экинларни экиш ва кафолатли сотиб олиш тизими йўлга қўйилди.

«Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик кириб борганини одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қиляпти.

2030 йилга бориб, халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистонда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам беришга барча имкониятимиз бор», — деди Президент.

Ҳозирда мамлакатимизда еттита устувор йўналишни ўз ичига олган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалга оширилмоқда.

Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.

«Эътиборлиси, давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда.

Мана шундай самарали ҳамкорлик туфайли шу йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлди», — деди Президент.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва нуфузли молия институтлари билан фаол ишланмоқда. Бу борада Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича 5 миллиард долларлик лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг