Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Умумий қиймати 7 млрд. сўмдан ортиқ ноқонуний товарлар аниқланди (видео)

Умумий қиймати 7 млрд. сўмдан ортиқ ноқонуний товарлар аниқланди (видео)

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Республика транспорт прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда «Кафолат Пойафзал Инвест» маъсулияти чекланган жамияти номига 2017 йилнинг ноябрь ойида Хитойдан келтирилган контейнер белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Юкка тегишли ҳужжатларга кўра, ушбу контейнерда қиймати 4,3 минг АҚШ долларидан ортиқ салкам 17 тонна полиуретан қопламали тўқимачилик матолари бўлиши лозим эди.

Божхона кўриги давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмади. Яъни контейнерда ушбу товарларнинг ўрнига ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 81 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори ва косметика воситалари ҳамда бошқа товар-моддий бойликлар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.

Орадан салкам 1 ой ўтмай, ушбу корхона номига яна Хитойдан келтирилган 3 та контейнерда ҳам шу тахлитдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди. Аввалги сценарийни такрорлаган ҳолда бу гал ҳам полиуретан қопламали тўқимачилик матолари ниқоби остида 38 турдаги халқ хўжалиги товарлари, кийим-кечаклар, маиший техника буюмлари ва бошқа товарларни олиб кирмоқчи бўлишган.

Баҳолаш бўйича экспертларнинг хулосасига кўра, 4 та контейнердаги жами 119 турдаги товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати салкам 7 млрд. 300 млн. сўмни ташкил қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига биноан ушбу товар-моддий бойликлар давлат эгалигига ўтказилди.

Айбдор шахсга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан тегишли жазо тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг