90 минг доллар пора билан қўлга тушган Когоннинг собиқ прокурори 15 йилга «кесилди»
Жорий йилнинг 13 феврал куни Бухоро вилояти Когон туманининг ўша пайтдаги прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга олингани хабар қилинган эди.
16 февраль куни эса Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Когон тумани собиқ прокурори ҳақида тўхталиб, Бош прокурорга махсус топшириқ берганди.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидовнинг «xabar.uz»га маълум қилишича, собиқ прокурор устидан ЖИБ Самарқанд шаҳар судида кўрилган жиноят ишида унинг Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги исботланган.
Суд терговида аниқланишича, Ғуломов туман прокурори лавозимида ишлаб келиб, 2024 йил январь ойи бошларида ўзига аввалдан таниш бўлган «New imperial oil» МЧЖ экспедитори Н.Нўъмонов ва хавфли рецидивист бўлган З.Адилов билан жиноий тил бириктирган. Яъни улар Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган «Когон ёғ - экстракция заводи» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бири М.И.нинг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилишган.
Шундан сўнг Б.Ғуломов 2024 йил 15 январь куни Бухоро шаҳридаги «Турон» меҳмонхонаси олдида М.И. 2 нафар таниши орқали юборган 100 минг АҚШ долларини жиноий шериги Н.Нўъмонов орқали олган.
Бундан ташқари, Б.Ғуломов, Н.Нўъмонов ва З.Адиловлар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Бухоро вилоят прокуратураси тергов олиб борилаётган «Когон ёғ - экстракция заводи» АЖга алоқадор ҳамда жамият таъсисчиси М.И.га таниш бўлган тўрт нафар шахсни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилиб, фирибгарлик йўли билан 44 минг АҚШ долларини 2024 йил январь ойида қўлга киритган. Шундан 10 минг АҚШ долларини З.Адилов олиб, қолган 34 минг АҚШ долларини Н.Нўъмонов келгусида Б.Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган.
Жорий йилнинг 13 февралида эса М.И.нинг аризасига кўра Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Б.Ғуломов ариза муаллифи М.Исмаджановдан таниши Н.Нўъмонов орқали кимёвий ишлов берилган 56 минг АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Юқоридагиларга кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди Б.Ғуломовга нисбатан 15 йил муддатга, Н.Нўъмоновга нисбатан 10 йил 9 ой муддатга ҳамда З.Адиловга нисбатан 11 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter