Аҳоли учун электр нархи қачон табақалаштирилган тарифларга ўтиши айтилди
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳоли учун электр энергия нархларининг қачон ошиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
Вазирнинг айтишича, ҳозирча лойиҳа сифатида муҳокамага қўйилган ҳужжатда фақат юридик шахслар учун тарифлар белгиланган, аҳоли учун нархлар ўзгартирилмаяпти.
«Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз энг аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз.
Агар узлуксиз электр етказиб беришни таъминлай олсакгина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани Ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа, холос», – дейиди Мирзамаҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, табақалаштирилган тариф деганда белгиланган «ижтимоий норма»дан кўп электр истеъмол қилаётган хонадонлар учун нарх ошиши кўзда тутилади.
Вазирликка кўра, ҳозир 85 фоиз аҳоли бир ойда 300 kW•соатгача электр истеъмол қиляпти. Лекин қолган 15 фоиз аҳоли ишлатаётган электр энергияси ҳажми мана шу 85 фоиз аҳолиникидан кўпроқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter