Академик Лосев кашф этган узоқ умр кўриш усули
Академик Станислав Лосев танамизнинг биологик ҳаётини бошқарадиган ДНК молекулаларига фикр ва сўзлар таъсир этиши мумкинлигига ишонтирмоқда. Лосевнинг айтишича, у касалликлардан қандай қилиб дори-дармонсиз халос бўлишни ва организмдаги умумий энергия даражасини оширишни ўрганган.
Сиз фикр кучи ёрдамида танани ёш ва соғлом бўлишга мажбурлашингиз мумкин!
У 76 ёшида ўзини 40 ёшда бўлганидан кўра яхшироқ ҳис қилади. Бунинг барчаси амалий психология туфайли!
Вужудга фикр ва сўзлар ёрдамида таъсир ўтказиш ғояси, албатта, қизиқарли. Бундан ташқари, Лосевнинг ўзи ҳали ҳам фаол ҳаёт тарзини олиб боради ва ҳатто 60 ёшида институтга кириб, фан доктори бўлди. Станислав Иванович одатда 60дан 70 ёшгача бўлган пенсия ёшини инсон ҳаётида энг самарали деб ҳисоблайди. Буни ким ҳам ўйлабди дейсиз!
Академик саломатлик ва ёшлик инсоннинг психологик ҳолатига бевосита боғлиқлигига қатъий ишонади. Бу шуни англатадики, қўрқув, ташвиш, хафагарчиликлар ва кайфиятни бузадиган муносабатлардан халос бўлиб, инсон янада қувноқ, ёшроқ бўлиши ва натижада узоқ умр кўриши мумкин.
Аввало мантиқдан воз кечиш керак
Академик Лосевнинг саломатлик ва ёшликни сақлаб қолиш усули мантиқсиз деб аталади. Яъни олим мантиқдан воз кечишни ва инсоний ҳис-туйғулар воситаларидан фойдаланишни таклиф қилади. Унинг сўзларига кўра, бизнинг миямиз ҳаётдаги муаммоларнинг атиги 30 фоизини ҳал қилиш имкониятига эга. Қолган 70 фоизининг ечими ҳис-туйғулар соҳасида ётади.
– Тасаввур қилинг, мия – жуда кўп қизиқарли дастурларни ўз ичига олган компютер, қалб – сиз истаган ҳамма нарсага эга интернет: филмлар, мусиқа, илм-фан, – изоҳлайди Лосев. – Мияни четлаб ўтиб, ҳаётда юзага келган муаммоларнинг асл сабаби қаерда ётганини кўрсатиб беришга қодир инсон қалби биз тасаввур қилганчалик эмас.
Барча муаммолар – асабданми?
Инсонларнинг аксарият муаммолари психологик хусусиятга эга: биз ўзимизда ташвишларни, жаҳл ва ғазабни йиғиб оламиз ва бир мунча вақт ўтгач касалликка йўлиқиб, таназзулга учрай бошлаймиз. Лосев шунга ишонада: агар сиз ўтмишдаги барча ёқимсиз онларни эсласангиз ва улар билан руҳан бошқача тарзда «яшасангиз», негативлик юкидан қутулишингиз ва натижада янада қувноқ ва бардам бўлишингиз мумкин.
Тикланишнинг иккинчи босқичи – қўрқувлардан халос бўлиш. Деярли ҳар бир инсон касал бўлишдан, кексайишдан, ёлғиз қолишдан қўрқади ва яқинлари ҳамда дўстларидан хавотирланади... Бу қўрқувлар ҳам саломатликка салбий таъсир кўрсатади.
– Дунё аҳолисининг 80 фоизи стрессда яшайди, – дейди Лосев. – Кўзингизни юминг ва саволга жавоб беринг: «Мен нимадан қўрқаман?». Исталган жавобни ёзинг ва ўша сўз ёки иборани бир соат давомида такрорланг. Бир соат ичида сизнинг қўрқувингиз бутунлай йўқ бўлиб кетади.
Бу машқлар ёрдамида, сиз ҳар куни ўзингизда янги қўрқув топишингиз ва ундан халос бўлишингиз мумкин. Шундай қилиб, аста-секин ғамгинлик, хорғинлик ва безовталик чекинади.
Стресс манбаини болалик онларингиздан изланг
Бу аҳамиятсиздек туюлиши мумкин, лекин аслида шундай бўлади. Баъзан гўдаклик чоғимизда бизни айнан нима қўрқитгани ёки хафа қилганини эслолмаймиз, лекин руҳият ҳаммасини ўзида сақлаб қолган бўлади. Лосев унутилган болалик жароҳатининг натижаси турли касалликлар ва қалб яраларида намоён бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Кўнгилсиз вазиятларни эслаш ва унга бўлган муносабатингизни ўзгартириш орқали қалб жароҳатидан қутулишингиз мумкин.
Одамларда тез-тез ўз ота-оналаридан аразлашлар йиғилиб қолади. Оддий муносабатларни ўрната олмаган киши муносиб пул ҳам топа олмайдилар... Аммо ота-онангизни чин дилдан кечиришингиз кифоя, кейин улардан кечирим сўранг, соғлиғингиз ва фаровонлигингиз дарҳол яхшиланади.
Салбий паразит сўзлардан халос бўлинг
Одатда биз ҳаётимизни ва соғлиғимизни бир зумда ўзгартириб юбора оладиган сўзларни ичимизда тез-тез такрорлаймиз. Масалан, ҳар куни ўзимизча ҳазиллашамиз: «Мен қари ва касал одамман» ёки «Мен ўламан!», «Ҳамма жойим оғрийди, ҳеч нарса ёрдам бермайди», «Ҳаёт – бу азоб!»... Ва биз бундай сўзлар организмда тиклаб бўлмас жараёнларни ишга туширувчи дастурларга айланишини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз. Дастурлар ҳужайра даражасида ишлайди, ҳаттоки бизнинг ДНК ҳам оғзаки сўзлар билан реакцияга киришади. Ахир, сўз нафақат оддий ҳарфлар тўплами, балки атроф-муҳитдаги тебранишларни келтириб чиқарадиган тўлқиндир.
Станислав Лосев бундай паразит сўзлардан халос бўлишни ва уларни ижобий сўзлар билан алмаштиришни тавсия қилади: «Жудаям яхшиман – ҳам жисмонан, ҳам руҳан!», «Ҳаётда ҳамма нарса нақадар ажойиб!», «Отдек соғломман!», «Ҳаёт эмас, балки эртак!»... ўзингиз учун ижобий сўзларни ўйлаб топинг ва чиройли, ёш, бахтли, бой, соғлом эканлигингизни такрорланг...
– Ўзининг ўтмишдаги муаммоларини топиш ва ҳал қилиш усулини ўрганган инсон ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаши ва ёшлигини узайтириши мумкин, – дейди академик Лосев. – Энг асосийси, ҳақиқатни ён-атрофдан ахтариш эмас, балки уни ўз ботинингизда кашф этишдир. Зеро, соғлиқ ва ёшлик, аввало, руҳий ҳолатдир!
Усмонжон Йўлдошев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter