Ҳарбийлик сири (фоторепортаж)
Тўқсон йиллик тарихга эга Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежининг файзли ҳовлиси бугун ўзгача қиёфа касб этган. Дарвозадан киришингиз билан кўзингиз қатор саф тортиб турган ҳарбий техникаларга тушади. Ичкарида эса чап томонда столларга қўйилган замонавий қурол-яроғлар, ўнг томонда ҳарбий либослар кўргазмаси ҳамда аскарлар ошхонасида тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари. Коллеж ўқувчилари аскарлар кийим-кечаклари, қурол-яроғлар қўйилган столларни ўраб олишиб, қизиқиш билан томоша қилишяпти. Уларнинг кетма-кет берган саволларига Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети 4-босқич курсантлари ҳамда факултет кийим-кечак омбори бошлиғи, сержант Абдуқодир Қўзиевлар батафсил жавоб беришаётир. Саволлар эса жуда кўп ва хилма-хил.
Дарвоқе, бу қадимий билим масканида бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш асносида ТАТУ Махсус факультети билан ҳамкорликда «Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир» деб номланган тадбир ташкил этилган.
Тадбирнинг асосий тантаналари коллежнинг мажлислар залида бошланди. Залнинг бир томонида коллежда ташкил этилган ҳарбий гуруҳнинг аскарлик либослари ўзларига ярашиб турган бўлажак Ватан ҳимоячилари ҳамда ҳарбийликка қизиқувчи ўқувчилар иштирокида тузилган тўгарак аъзолари, бошқа томонида меҳмонлар – Махсус авария-тиклаш бошқарамаси (15361-ҳарбий қисм) ҳамда аскар ва офицерлари, шунингдек, ТАТУ Махсус факультети курсантлари ўтиришибди.
Тадбирда биринчи бўлиб сўз олган ТАТУ проректори, Махсус факультет бошлиғи майор Ҳаким Муҳитдинов аввало барчани яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди ҳамда Махсус факультет ҳақида тўлиқ маълумот берди.
— Бугунги тадбирни ўтказишимиздан мақсад, — деди нотиқ. — Сиз, азиз ўқувчиларни факультетимиз ҳаёти билан қисман бўлса-да таништириш, шунингдек, ҳарбийликка бўлган қизиқишингизни янада оширишдан иборат. Зеро, ҳарбий алоқачилик ўта масъулиятли касб, уни севиб-ардоқлабгина муайян натижаларга эришиш мумкин. Яқинда факултетимизда Очиқ эшиклар куни ўтказишни режалаштиряпмиз. Ўша куни барча қизиқувчилар биздаги шароитларни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Факултетга кириш имтиҳонлари олий ўқув юртларига бўладиган умумий имтиҳонлардан олдинроқ бошланишини ҳисобга олсак, бемалол бизда имтиҳон топишириш имконига эгасиз.
Факултет бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Йўлдош Холиқов республикамиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан армиямизни дунёдаги энг кучли армиялар сафига қўшиш борасида олиб бораётган ишлар ҳақида сўзлади.
Коллеж директори, иқтисод фанлари доктори Шерзод Турсунов ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, ота-боболаримиз анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш борасида коллежда амалга оширилаётган ҳаракатлар, бўлажак Ватан ҳимоячилари онгига Алпомиш юртининг мард ўғлонлари бўлиш юксак бурч эканлигини сингдиришдек катта мақсад йўлида жорий йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январигача бўлган муддат давомида эълон қилинган Ватанпарварлик ойлигининг аҳамияти ҳақида гапириб, тадбир ташкилотчиларига, хусусан, Махсус факультет ҳарбийларига миннатдорлик билдирди.
Иштирокчилар Махсус факультетнинг байроқдор, қўл жанги гуруҳлари чиқишларини томоша қилишди.
Тадбир сўнгида бошловчи жарангдор қилиб ўқиган ҳассос ўзбек шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрлари зал узра баралла янгради:
Қалқонинг бор ким қасд қилса гар жонингга,
Алпомишлар руҳи ёр ҳар ўғлонингга.
Асрагаймиз гиёҳинг ҳам гулдай ўпиб,
Ёвлар яқин йўлолмагай қўрғонингга.
Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,
Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!
Муборак Миркамолова, «Xabar» мухбири
Иброҳим Душанов олган суратлар
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter