Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Алвасти» осма кўприкни «жин чалган»ми? (видео)

Ёки 63 йилдан буён янгиланмаган кўприкнинг бугунги аҳволи

Бухоронинг Вобкент тумани ҳудудидан энг йирик Аму Бухоро канали оқиб ўтади. Узунлиги 33 километрдан ортиқ масофани ташкил этувчи ушбу каналнинг эни 30 метр ва чуқурлиги салкам 10 метрга яқин.

Айни пайтдаги мурожаатни тумандаги «Ўзбакон» маҳалласидаги Бодомча қишлоғи аҳолиси йўллашган. Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бўлган «Ўзбакон»ни кесиб ўтувчи канал устидаги осма кўприк 60-йилларда, яъни 63 йилча илгари ҳашар йўли билан тикланган.  Бугун инсон ҳаёти учун хавфли, таъмирталаб ва ўта қўрқинчли ҳолатга келиб қолган осма кўприк маҳаллий тилда «Алвасти кўприк» деб аталар экан.

Айтишларича, 80-йиллар бошида осма кўприк атрофини тикану жинғил, қамиш ва юлғунлар босиб кетган. Одамлар орасида «чакалакзорга айланиб кетган осма кўприкдан ҳар хил қўрқинчли товушлар чиқади, сув юзида алвасти кампир акси кўринади», деган миш-мишлар тарқалган. Шундан чўчиб қочиб, каналга йиқилиб, чўкиб кетганлар ҳам кўп бўлган, деган гаплар юрган. Ва шу билан одамлар бу ер жин-ажиналар макони, дея қарийб, 15 йилча вақт давомида ушбу кўприкдан ўтмай қўйишган экан. Бу, албатта, одамларни эҳтиёткорликка чақириш учун ўйлаб топилган тўқима ҳикоя бўлса, эҳтимол. Бироқ, ушбу осма кўприкнинг бугунги кўриниши «алвасти кампир ёхуд жин» чалиб кетишидан ҳам қўрқинчлироқ қиёфага келиб қолган.

«Осма кўприкдан ёшу-қари ўтади. Симтўрлари узилиб, темир ушлагичлари синиб кетган. Тахталари кўчиб, катта-катта ёриқлар ҳосил қилган. Ёши каттароқлар-ку, хавфли ҳодиса юз берса, ўзини ўнглаб олиши ёхуд йиқилса, каналдан сузиб чиқиши мумкиндир, аммо ўқувчи-болаларнинг тушиб кетиши ва у ерда чиқиб кета олмаслиги эҳтимоли катта. Йўлларимиз ҳам таъмирга муҳтож, абгор аҳволда. Қишда лой, ёзда чанг бўлса ҳам йўллардан юриб, манзилга ета оламиз. Бироқ, ушбу оғриқли муаммонинг олди олинмаса, кўплаб кўнгилсиз ҳодисалар юз бермаслигига кафолат йўқ», – дейди қишлоқ фуқароси Ислом Илҳомов.

Маълум бўлишича, бундан бир неча ой илгари кўприкни тутиб турувчи бетон устунларнинг бири ўпирилиб тушган. Одамлар тобора бир томонга оғиб бораётган осма кўприкдан ўтишга чўчиб қолишган. Симтўрлари аллақачон узилиб, оёқ остидаги темирлари емирилган, ёғочлари чириб тушиб кетган кўприкдан ўтишгина эмас, балки йирик сув каналига кўз қири тушишининг ўзи ҳам киши юрагини ваҳимага солади. Тўлиқ қайта таъмирга муҳтож кўприкдан мактаб ўқувчиларининг ҳам ўтишаётганини кўриб туриб, шу пайтгача ҳеч бўлмаса, созлаб, хавфсизлантириб олишга ҳам бош-қош бўлинмагани жуда ачинарли.

«Кўприкни таъмирлаб беришса, хурсанд бўлардик», «Оёқларимиз доим чанг ёки лойга беланиб борамиз. Тиканли, қумлоқ йўлларимиз. Мактабга эса шу уст-бошда кириб бораверишдан уяламиз», – дейишди кўплаб мактаб ўқувчилари.

«Қишлоғимиз бир қисми йирик каналнинг бир томонида, бир қисми иккинчи томонида жойлашган. Демак, ҳар икки томондан ҳам болалар қатнашади. Қачон таъмирланишини сўраб, бормаган жойимиз қолмади. Кўприкдан ўтадиган қишлоқ болалари кўп эмас-ку деган жавобни ҳам олдик. Битта бола ҳам бола, юзта бола ҳам бола», – деди қишлоқ фуқароларидан бири. 

Маълум бўлишича, ўзбаконликлар бундан илгари ҳам турли идора, ташкилотларга, таҳририятларга мурожаат қилишган. Бироқ, мурожаатчиларнинг сўзига кўра, улар маҳалла раиси томонидан қайта мурожаат этмаслик юзасидан сиқувга олинишган. Осма кўприкни таъмирлаш ва созлаш юзасидан шу пайтгача ҳеч қандай ҳаракат кузатилмаган.

«Яширмайман, мен ўтган гал мурожаат қилгандим. Ҳолатни телевидениега ҳам олиб чиқишди. Фойда бермади. Нафақат, мени, балки у ёшми-кексами, интервью берганларни қайта мурожаат қилмасликка чақиришди. Етмаганига, онамдан ҳам ҳеч қаерда муаммоларни ёритмаслик ҳақида ёзма тилхат ҳам олишди. Келажакда журналист бўлмоқчиман. Нега муаммони бартараф этиш чораларини эмас, муаммони кўтарган одамни сиқувга олиб, унга чора кўриш йўлларини излашади. Мен-ку, ўзимни таништирмайман, лекин катталар, барибир, менлигимни билишади» – деди кулиб мактаб ўқувчиси.

83 ёшли онахонлардан бири ҳам осма кўприкнинг носозлиги, инсон ҳаёти учун жуда хавфлилиги, бундан ташқари, одамларнинг канал сувини тиндириб истеъмол қилишаётгани каби қатор муаммолар ҳақида сўзлаган. «Xabar.uz» мухбири билан бўлган суҳбатда эса кекса онахон Муборак Ҳомидова кулиб: «Бўлди энди, бир марта чиқдим, иккинчи маротаба чиқмайман. Ҳаммаси яхши. Сув ҳам кўп. Тиниғи ҳам бор. Икки-уч ой илгари бетони ағанган кўприкни ҳам тахлаймиз, дейишди-ку, созлашар...» – дейди.

«Маҳалланинг 35 километрча ички, ташқи йўлларини жамоатчилик билан бирга шағал тўкдик. Болалар мактабга эски осма кўприкдан ўтиб эмас, янги кўприкдан ўтиб боришса, бор-йўғи, оралиқ масофа 200 метрдан иборат», – деди маҳалла раиси Тўхта Сафаров.

Бироқ, маълум бўлишича, маҳалла раиси айтаётган янги ва эски кўприклар оралиқ масофаси салкам 600 метрни ташкил этар экан.

«Кўприкдан ўтишга қўрқамиз. Аммо, мажбурмиз. Тўғри, 600 метрча нарида янги кўприк тиклашган. Уйимиздан мактабгача бўлган манзил салкам 5 километрни ташкил этади. 600 метргача бориб, янги каналдан ўтиш эса бизнинг узоғимизни янаям узоқ қилади», – дейди мактаб ўқувчиси Диёрбек Истамов.

«Ўзбакон» маҳалласидаги 34-умумий ўрта таълим мактаби Бодомча қишлоғидан салкам 5 километр масофада жойлашган. Мактаб директори ўринбосари Азиз Анваровнинг сўзига кўра, ушбу қишлоқдан қатнайдиган ўқувчи-ёшлар сони 31 нафарни ташкил этади.

«2020 йил мактабни тугатганман. Бу осма кўприкдан фақатгина мактаб учун эмас, қўшни қишлоққа бориш учун ҳам ўтиб-қайтишади. Таъмирталаб осма кўприк ниҳоятда ачинарли аҳволда. Ўтган гал синглим кўплаб қишлоқ аҳолисининг идора, ташкилотларга мурожаати бефарқ қолдирилгач, бир нечта оммавий ахборот воситалари ходимлари билан боғланишганди. Аммо, масъуллар томонидан ҳолат яна ўзгаришсиз қолдирилди. Ҳар гал «келгуси йил таъмирлаб берамиз», деган ваъдаларни оламиз. Ўйлаймизки, бу гал масъулиятли масъулларга етиб боради. Эски осма кўприк таъмирланиб, аҳоли фойдаланиши учун хавфсиз ҳолга келтирилади, деб умид қиламиз», – деди Камола Искандарова.

Вобкент туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Раҳматилло Азаматов ўз сўзида йил якунига қадар муаммо ҳал этилишига ишора қилган.

«Ҳолатдан туман ҳокимлигининг хабари бор. Бу борада вилоятнинг ҳам тегишли ташкилотларига мурожаат қилганмиз. Сарф қилинадиган маблағлар аниқланган. Ҳисоб-китобимиз бўйича 280-300 миллион сўм маблағ талаб қилинади. Жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган бўлса, шунга қараб иш олиб борилади. Чуқур ўрганилиб, лойиҳалаш ишлари якунлангач, кўприкни тўлиқ қайта қуриш ёки жорий таъмирлаш ишлари бажарилади», – деган Раҳматилло Азаматов.

Афсуски, огоҳлантиришларга қарамай, мутлақо хавфсизлантирилмаган, ирригация тизими сув ўлчагичига мослаштирилган қурилма-қувурлар устидан одамлар ўз ҳаётини хавфга қўйиб ўтишаётгани ачинарли.

Ҳар икки томонидан ҳам тўсилмаган, на темир ва ёки на сим ушлагичлари бор, қолаверса қувурдан 7-8 метрча пастдан оқаётган каналга ағанаб тушишдан қўрқмайсизми? – сўраймиз фуқародан.

«Бир бошга бир ўлим» – дейишади-ку! Нимасидан қўрқаман, нариги осма абгор кўприкдан ўтдим нимаю, катта қувур устидан ўтдим нима, – дея қулоғидаги телефонни ҳам қўймай, биздан узоқлашган аёлнинг ортидан ачиниш билан қараб қолдик.

Туман ҳокими Фарҳод Бақоевнинг билдиришича, 2021 йилда Аму-Бухоро канали устидан оқиб ўтувчи автомобил кўприги ҳам таъмирталаб ҳолга келиб қолган бўлган. Ҳокимлик ташаббуси билан у янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган.

Қайта таъмирланган йирик янги кўприк билан танишар эканмиз, Бодомча қишлоғи туманнинг энг чекка ҳудуди эканига яна бир карра гувоҳ бўлдик. Навоий вилояти, Бухоро тумани ҳамда Когон тумани чегара-туташув қисмида жойлашган кичиккина қишлоқда етарлича муаммолар борлиги бизни ҳайрон қолдирмади. Чунки, ҳар доим ҳам жуда чекка ҳудудлар эътибордан четда бўлиб келган.

Аҳолининг сўзига кўра, уларни тоза ичимлик суви масаласи ҳам анча вақтгача қийнаб келган. Улар канал сувини тиндириб ҳам хўжалик ишларида, ҳам истеъмол сифатида ишлатиб келишган. Бу масала анча мурожаатлардан сўнг ижобий ҳал этилиб, тоза истеъмол суви аҳолига ўз вақтида етказилиши йўлга қўйилган. Айни пайтда «Водовоз» (сув ташийдиган машина) ҳар икки куннинг бирида қумлоқ, ўнқир-чўнқир ва шағал йўллар оралаб, қишлоққа тоза ичимлик суви ташийди. Маҳалла раисининг сўзига кўра, қишлоққа 17 километрли сув қувурини ўтказиш вилоят раҳбарияти режасига киритилган.

«Ўзбакон» аҳолисини, нафақат, таъмирга муҳтож осма кўприклар, балки таъмирталаб ички ва ташқи йўллар масаласи ҳам қийнаб келмоқда. Эгри-бугри, ўнқир-чўнқир, қумлоқ ва шағаллари ҳам кўчиб кетаётган йўллардан машинада юришнинг ўзи ҳам анча қийинчилик туғдирди.

Маҳалла раиси Тўхта Сафаров ҳам қишлоқнинг 18 километрли йўллари асфальтланишга муҳтожлигини билдирди.

«Келгуси йил давомида бу оғриқли масалани ҳам бартараф этиш чораларини кўрамиз. Худо хоҳласа, маҳалла ҳар томонлама обод манзилга айланади. Фақат ҳаммаси аста-секин. Шунча ишлар бажарилди-ку, буёғиям бўлади. Шу ўринда қишлоғимиз аҳолиси яхши яшашаётгани, ер масаласида умуман муаммо йўқлигини ҳам билдириб ўтмоқчиман. Бундан ташқари, айни пайтда қишлоқда биттаям ишсиз йўқ. Кўпчилиги пахта мавсуми бошлангани муносабати билан теримга жалб этилишган. Шу мавсумда рўзғорларини анча кўтариб олишади», – деди маҳалла раиси.

Қишлоқ фуқароси Илҳом Бўронов эса қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида сўзлади:

«Бизни йўл масаласи жуда қийнаяпти. Ўта абгор аҳволда. Ҳеч ким эътибор қаратмайди. Мактаб ва қишлоқ йўли ораси салкам 5 километр. Пиёда бориб, пиёда келишади. Уст-боши чанг, лой бўлиб, кунига камида ўн километр юришади. Энди болаларнинг чарчоғини тасаввур қилаверинг», – деди у.

Илҳом Бўронов қишлоқда ишсизлик масаласи бор эканлигига тўхталди. Шунингдек, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фуқароларга кўмак масаласи ҳар доим пайсалга солиб келишини билдирди.

«Қишлоқда ер кўп, дейишади-ю, аммо, сўраб борсанг, турли баҳоналарни важ қилишади. Қишлоқда ишсизлик йўқ, дейишган пайтлари ҳам кўп бўлган. Ҳар икки хонадоннинг бирида ишсиз тиқилиб ётибди. Бир оиладан 2-3 кишилаб ишламайдиганлар топилади. Тирикчилигини ҳамма ўрни келганда, мардикорликчилик билан кун кўришяпти. Яъни, бировларнинг томорқасини чопиб бериш, арпаю ўтини ўриб, ўтинини ёриб бериш ва ҳоказо ишларни қилиб юришибди»,– деди яна бир фуқаро.

«Ўзбакон»дан таъмирга муҳтож йўллар оралаб, қатор носоз осма кўприклар аҳволини назардан қочирмай қайтар эканмиз, ортда қолаётган ва йирик сув йўли атрофида болалари тақдиридан юрак ҳовучлаб яшаётган аҳоли дардини ҳис қилдик.

Туман ҳокими Фарҳод Бақоев икки йилча илгари одамлар ва автомобил қатнови учун катта кўприк қурилгани, «Бодомча» таъмирга муҳтож ушбу осма кўприкни ҳам фақат аҳоли қатновига мослаштирган ҳолда таъмирлаш ва созлаш ишлари бошлаб юборилишини маълум қилди.

Мавзуга қайтамиз.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг