Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Америкада яшаётган атлас кўйлакли журналист

Америкада яшаётган атлас кўйлакли журналист

Фото: «Xabar.uz»

«Маконим» газета-журналининг бош муҳаррир ўринбосари Ҳалима Жуманиязова билан интернет орқали танишганмиз. Америкада яшаётган журналист эгнида доимо миллий кийимлар билан суратга тушиши завқимни келтирарди.

Гоҳида Америка ҳаёти, гоҳида қўшниси Ася хоним ҳақида ёзганларини мароқ билан ўқирдим. Аммо битикларининг орасида Ватанини соғиниб ёзганлари бир бошқача эди. Доимо «келинг, сиздан интервью олай» десам «чап» берарди, ўзи ҳақида гапиргиси келмасмиди, камтарлик қиларди. Аммо бу гал «журналистика ҳақида суҳбатлашамиз», деганимдан сўнг рози бўлди.

Мен бу суҳбатни Ҳалима опанинг барча ҳамкасбларимизга байрам совғаси деб тушундим. Айнан мана шу мақолани эълон қилиш арафасида Ҳалима опани «Дўстлик» ордени билан мукофотланганини, хурсандлиги чексизлигини эшитиб осмон қадар суюндик.

Ҳалима опа деярли барча ёзганларингизда ватан соғинчи бор....

Йиқилсам, онамдай кўтарадиган,

Умиддай ҳар лаҳза уфурадиган.

Товонимни ўпиб гуркирайдиган

Сен ишқсан ,меҳрсан, эй она замин.

Ватанда илоҳий бир сеҳр бўлади. Бу сеҳр шоҳни ҳам, гадони ҳам баравар ўзига тортади. Юрагингда ҳамиша устувор бир ишқ яшайди. Ватан деган буюк бир қудратдан таскин оласан. Туғилган жойинг, тупроғингнинг оташин ишқи юрагингда доимо атиргулдек яшнаб тураверади. Бу ишқ одамзодни улуғлайди. Илдизлари бақувват чинор – Ватанинг сени миноралардек фалакка юксалтиради. Мен бағри кенг, меҳмондўст Қорақалпоғистон фарзандиман. Тўрткўл – менинг жоним туташган диёр. Хоразмнинг суюкли келиниман. Беш нафар қоракўзларимнинг отаси, ўн битта неварамнинг суюкли бобоси туғилиб ўсган юрт – менинг ҳам Ватаним. Тошкентда суюкли невараларим истиқомат қилишади. Олис болалигим ўтган, бағрида ота-онамнинг қабрини эъзозлаган тупроқдан айтар каломим, саждагоҳимдан қарзим бор. Қишлоғимнинг бўйларини эслаб-эслаб, хотиралар ёзиб яшайман.

Журналистсиз, Америкада гарчи бошқа соҳада ишлаётган бўлсангизда журналистикани ҳам бирга олиб бораётирсиз...

– 1982 йилда ТашДУнинг журналистика факультетини тугатганман. Бир неча йил журналистика соҳасида ишлаганман. Бешта фарзандимнинг таълим-тарбияси, оиланинг масъулияти бироз бу соҳадан узоқлаштирган бўлса ҳам мен доимо содиқ эдим.

Педагогик иш фаолиятимда бир мунча муваффақиятга эришдим. Тонггача китоблар титкилаб, туркий, мумтоз, ҳозирги давр адабиётидан тестлар туздим, минглаб ўқувчи ёшларга устозлик қилдим. Достонлар, тест тўпламлари, илмий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги мақолалар муаллифи сифатида педагогикага ҳам озми-кўпми ҳиссам қўшилди.

Лекин шу билан бирга, газеталарга долзарб мақолалар, ижодларимдан намуналар бериб бордим. «Ишонч» ва «Гулчеҳралар» газеталарида, «Саодат» журналида мақолаларим, шеърлар ва бадиаларим мунтазам равишда чоп этилган. Дафтарларда қолган дил мулким, шеърлар ва хотираларимни китоб ҳолатида чоп этилаётгани мени қувонтиради…

Журналистикага ҳавас саккизинчи синфдалигимда уйғонган. Туманимиздаги «Коммунизм ғалабаси» газетасида илк хабарларим босилган. Тўққизинчи синфда ишчи-гуруҳ мухбирлар деган ўқув машғулотларига қатнашардим. Ҳозир эсласам жазирама иссиқдаям, қишнинг совуғидаям далада эдик ,кечалари эса ярим тунгача китобларни яшириниб ўқирдим. Эҳ-ҳе, мен журналистика сўзини шу қадар севардимки, тасаввур ҳам қилолмайсиз, худдики мен Тошкентга келиб таҳсил олмасам, дунё тўхтагудек… Аллоҳга шукрки, ниятлар вожиб бўлиб, мана икки йилдирки, АҚШдай сеҳрли диёрда ўз матбуотимизга эгамиз!

Уммон ортига қандай бориб қолдингиз?

– Иқтисодий шароит ёки ўзингни ўйламаслик ҳам, қўйинг шу мавзуда гапирмай, асосан ҳеч қачон ўзим ҳақимда ўйлашга вақт бўлмаган, бу аниқ…

Америкада Ватанимни кўнглимда кўтариб яшаётганимга ҳам ўн бир йил тўлаяпти. Умр оқар дарё десалар ҳайрон қолардим. Йиллар, баҳорлар мени алдаб, ваъдалар бериб, кузга элтиб ташлаб кетаётганидан ҳайратдаман.

Кўнгил жуда ёш, яшашга иштиёқ баланд, йиллар ортидан қўлимни силтаб хайрлашиб қолар эканман, ўтган умримга, босиб ўтган йўлларимга ҳеч ачинмайман. Юксак маънавият чашмаларининг бошида яшаган ота-онамдан олган исломий-диний ва дунёвий тарбия, устозлар ўгити, кўплаб китоб мутолааси, ҳаётга зийрак ва оқилона ёндашув, барчаси иродали бўлишимга сабабдир, деб биламан.

Эшитаётгандирсиз, ўқиётгандирсиз интернет замонида матбуот керак эмас, деган иддаоларни, аммо сиз шунга қарамай Америкада «Маконим» нашрининг асосчиларидан бирисиз...

– Озодлик, ҳуррият йўлларида маърифат машъалини баланд кўтариб бораётган – ўзбек халқининг фарзандларига, албатта, матбуот керак. Ҳеч иккиланмасдан айта оламанки, матбуот ўлмайди, яшайверади. Қонун устувор бўлган Америка Қўшма Штатларида бу ўз тасдиғини топган. Нью-Йоркда чоп этилаётган нашрлар бунга мисол бўла олади. Юз эллик йилдан бери қўлдан тушмай келаетган «New-York Times» газетасининг мухлислари эрта тонгдаёқ, қавҳа ичмасданоқ газета мутолаа қилишади. Айтмоқчиманки, газета — маърифат, илм ва маънавиятга бошловчи йўл. «Маконим» маънавий-маьрифий, адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий газетамизнинг ҳозирги кунда 60 саҳифадан иборат нашримизнинг мухлислари жуда кўп. АҚШнинг кўплаб штатларида ўз мухлисларига эга бўлган газетамизнинг чоп этилишини интизорлик билан кутадиганлар бор. Матбуотга, газетага бўлган эҳтиёж йиллар давомида ўз тасдиғини топган. Нью-Йоркда минглаб ўзбекистонликлар яшашади ва ўз тилимизда газета-журналнинг чоп этилиши, албатта, барчани қувонтиради. Шу туфайли биз журналистларни ҳам.

АҚШда кун газета мутолааси билан бошланади. Маълумки, дунёдаги барча машҳур компаниялар ўз маҳсулотини телевидение, газеталар орқали реклама қилишади. Айнан биз ҳам бу борада рекламалардан унумли фойдаланиб, тушадиган даромадлар орқали ҳам уддалаяпмиз, десак бўлади. Биласиз, ҳозир техника асри. Интернетга қизиқиш кун сайин ортмоқда. Телевидение, театр, интернетга бўлган қизиқиш катта, аммо матбуот ҳам улардан қолишмаслигини инкор қилмаймиз. Мана икки йилдирки, биз жамоамиз билан ҳаракатдамиз. Пандемия шароитида бу ишга қўл урилди. Бош муҳаррир Дилдора Салоҳиддин ва Бош маркетолог директор Севара Халилларнинг ташаббуси, ғайрат-шижоати эвазига биз ютуқларга эришяпмиз. Дизайнер, мухбирлар, дливер-манзилларга тарқатувчилар ҳам ўз ишларини билиб қилишади.

АҚШдаги кўпгина штатларга почталар орқали етказилади. Ташкилотларга эса босмахонадан юборилишига эришдик. Қувончлиси шундаки, манзилларимиз аниқ, одамлар гавжум бўладиган ўзбек супермаркетларда, кафе ва кичик дўконларда ҳам. Масжидларга ҳам берилади. Филадельфия, Огоя штатларидан келиб олиб кетишади. Бизга жуда катта ёрдам бераётган Нью-Йорк Бош Консуллигига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг Нью-Йоркдаги консуллиги билан доимий мулоқотдамиз. У ердан ҳам кўплаб мухлислар штатлардан келган ўз манзилларига олиб кетишади. Янги лойиҳалар асосида иш бошладик.

Америкада фарзандларингизни ўзбекча либосларда ўзбекча тўй қилганингиздан хабарим бор.

– Фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш, ибрат кўрсатиш учун ҳам ўзинг тарбияли, оғир мулоҳазали, оқни қорадан ажратадиган, маърифатли, ички интизоминг гўзал бўлиши шарт! Фарзандлар тарбиясида оналар муҳим ўрин эгаллайди. Эркин фикрли, дунёқараши кенг фарзандни тарбиялаш учун йиллар керак. Бир кун кечиктирилган тарбия учун йиллаб азият чекиш мумкин. Шукрки, фарзандларимизнинг ҳаммаси олий маьлумотли.

Ўғлимиз Дилшодбек молия-иқтисод йўналиши бўйича иш фаолиятининг бир қисмини Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйди ва 60га яқин ёшларни иш билан таъминлаган. Бугунги кунда юздан ортиқ мамлакатларда фаол аъзолари бор. «Америка-Мусаффо» компаниясининг асосчиси ва бош директори. У иқтисод бўйича бутунжаҳон молия-иқтисод дипломига эга. Тинимсиз ўз устида ишлайди. Минглаб китоблар мутолаа қилган десам, муболаға эмас. Мутахассислиги бўйича ўз тилимизда айтсам ,ҳақиқий профессор. Институт, магистратура, бошқарув тизими барчасини Америкада имтиёзли тугатган.

Дилафрузхон эса илмий изланишда. Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманида, маънавият йўналишида раҳбар. Фарзандлари ҳам ўзимиздаги чет эл университетларида таълим олишмоқда. Албатта, бу борада невараларим Малика ва Жалолиддинлар билан фахрланамиз.

Беҳзод ўғлимиз тадбиркор. Блогер келинимиз Зуҳрахон билан ҳам ўз иш фаолиятини йўлга қўйишган.

Дилнозахон ҳам Буюк Британияда таҳсил олган. Магистратура ва бошқарув йўналишини ҳам тугаллаган. Тўртта тилда тренинглар ўтади.

Кичкина қизим ҳозирги кунда туризм соҳаси бўйича блогерликни бошлаган. «Маконим» газета-журналимизнинг Ўзбекистондаги мухбири.Турк тилидан таржима билан ҳам шуғулланаяпти.

Албатта, кўплаб меъморий лойиҳалар муаллифи, архитектор Озод Жуманиязовнинг қаттиққўллиги туфайли ҳам болаларимиз шу даражага эришганини эьтироф этаман.

Доимо атлас кўйлакда кўраман сизни...

– Атлас кўйлак – бизнинг миллий либосимиз. Биласизми? Майли энди, айтақолай. Ёшлигимиз пахта далаларида ўтган. Энг кўп терган теримчига атлас бериларди. Жуда ҳавас қилганман. Афсус, гарчи бригада бўйича энг кўп пахта терадиган ўқувчи бўлсам ҳам мукофот – атласни ололмаганман. Ноёб эди атласлар, қиммат эди атласлар. Гарчи атлас берилган аёл мендан кўп пахта теролмасди. Ҳақиқат ёки ҳақиқатсизликка ана шунда дуч келганман. Ҳайрон қолганман. Ниҳоят талабалигимда энг қиммат жуҳут атлас олиб беришган. Ўшанда унинг нархи 170 сўм турарди. Илк кийган куним 20 ёшимда фарзандларимнинг отаси билан учрашганман. Баҳор эди чоғи, севишга севилишга муҳтож бўлган кўнгил билан атлас кўйлакда қимтиниб, уялиб турардим. У ваъда берди: «Сизга атлас ярашаркан, мен сизга бир умр атлас совға қиламан».

Шароитимиз кўтармаган пайтлар бўлди, уй-жой, бола-чақа ташвишида вақтлар ўтди. Аммо, қирқ йилдирки, атлас кияман. Атласлар жону-дилим, кўпинча уй юмушларида ҳам уларни севиб киявераман.

Тенниси штатининг Нашвил шаҳрида яшаганимизда ён қўшнимиз қоражон, исми Пўлат, у ушлаб кўрарди.

Жуда гўзалку! – деб ҳайратланиб қараган.

Унга миллий кийимларимиз эканлигини айтсам, «қуёшнинг акси бор», дея таърифлаган. Чет элда бизнинг либосларга қизиқиб қарашади. Тарихини сўрашади, асосан неча ёшдагилар кийса бўлади дея қизиқишади… Туғилгандан то кексайганда ҳам кийсанг бўлаверади, дейман. Ипакнинг организм учун танага фойдали эканлигини эътироф этишади.

Бугунги кунда атласларга бўлган иштиёқ ёшларимиз орасида ҳам урф бўлмоқда. Хилма-хил жилоланувчи атласлар, уларнинг муаллифлари – дизайнларига ҳам ташаккурлар бўлсин!

Менимча, фақат фестивалларда, байрамларда эмас, балки кундалик иш фаолиятида ҳам атласлар кийса бўлаверади. Атласларда қуёшнинг, юлдузнинг акси, ойнинг ёғдуси, Момо Ҳавонинг нигоҳлари бор. Атласларда момоларимизнинг ушалмаган орзулари, умидларининг сояси – келажакка бўлган ишончларининг рамзи – гуллар акси бор. Мен атласни жуда яхши кўраман. Қирқ уч йиллик жуфтим, умр йўлдошимнинг ваъдасини эслатиб тургувчи атласларим билан табассумла хушмуомалалик билан чой узатавераман. Чунки, мен ўзбекистонлик, ўз қадримни ва ҳаддимни биладиган оддийгина аёлман, онаман…

Атлас кўйлак кийган аёлларга, кийишга ийманаётган хонимларимизга ҳам фақат саломатлик, оилавий бахт тилайман.

Матбуот соҳасида ишловчи барча ҳамкасбларимизни улуғ кун – байрам билан қутлайман! Оилавий бахт, ишларида омад, оилавий бахт тилайман!

Сўз – қиличдир! Сўзлари ҳақиқат йўлида ўткир бўлсин!

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг