Амир Олимхоннинг нодир сурат ва видеолари эълон қилинди
ЎзАда Амир Олимхоннинг нодир сурат ва видеотасвирлари эълон қилинди.
Хабарда айтилишича, ЎзА мухбири манба қидириб, Ўзбекистон Республикаси кинофотоҳужжатлари марказий давлат архивига мурожаат қилган.
— Бизда Ўзбекистоннинг, тўғрироғи Туркистон ўлкасининг 1860-йилларга тегишли ҳужжатлари мавжуд, – дейди архив фондларини бош сақловчиси Умида Акромова. – Жумладан, Амир Олимхонга тегишли суратлар ва унинг Петербургда Николай подшо билан учрашуви олинган қисқа видео тасвир сақланмоқда.
«Юртимиз тарихини ҳикоя қилувчи нодир ҳужжатлар сақланаётган бу масканда Амир Олимхон туширилган тасвирни, унинг суратларини кўрдик.
Эҳтиёт қилиб сақланганига қарамай бу тасвирлар ҳозирда жуда хиралашиб қолган. Шундай бўлса-да,
уларни кўриб, ҳайратланасиз. Ахир, 1900-йилларда шу тасвирнинг олиниши ва уни архивда сақлаб қолинганини ўзи мўъжиза эмасми? Уларга қараб, ўтмишга қайтгандек, даврнинг нафасини бир дам ҳис қилгандек бўлдик.
Кичик форматда, сарғайиб кетган суратларга боқиб, «Ватансиз амир — ночору абгор, Ватанида ўлган гадой–ҳақиқий амир», сўзлари қулоқларимиз остида жаранглагандай бўлди. Ҳа, бу сўзлар Бухоронинг сўнгги ҳукмдорига тегишли бўлиб, у ўлими олдидан қабрига ана шу жумлани ёзиб қолдиришни васият қилган экан», — деб ёзади журналист Сайёра Шоева.
ЎзА маълумотига кўра, 1893-1896-йилларда Петербургда таълим олган Саййид Мир Олимхон 1911 йилнинг январида Бухоро амири бўлди. 1911-1920-йилларда Бухоро тахтини бошқарди.
У ўзининг «Бухоро халқининг ҳасрати тарихи» ҳақидаги китобида шундай ёзади: «... Вақт келиб Бухоройи шариф давлати бувам, раҳматлик Саййид Амир Музаффархон даври салатанатидан то раҳматлик Саййид Амир Абдулаҳадхон мағфуру марҳум падари бузрукворим замонига ва ундан то бу бандайи ожиз салтанати муддатигача мана шу Бухорода ўтди. Бу орада ва муаззам рус давлати салтанати барқарорлигининг олтмиш уч йиллиги давомида бу томонларда дўстлик ва ошначалик юз бериб, икки давлат орасида дўстлик барқарор ва бардавом бўлди. Шу сабабдан рус давлати ходимлари билан Бухоро давлати ходимлари ўртасида келишув ҳам бўлиб ўтган эди...»
Шундай келишув бўлишига қарамай, амир Олимхон Бухорода совет ҳукумати ўрнатилгач, Афғонистонга чиқиб кетди. 1944 йилда 64 ёшида Қобул атрофидаги Фатуҳ қалъасида вафот этгани манбаларда келтирилади.
Ҳа, мустақилликка эришгунимизгача бўлган даврда ҳар қандай ҳукмдор, жумладан, Амир Олимхон хотираси ҳам қораланган эди. У даврга тегишли тарихий фактлар бузиб кўрсатилган ёки бутунлай йўқ қилинган. Шундай бўлсада, ўзбек халқи ўз ўтмишини, фарзандларини ҳеч қачон унутмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter