Amnesty International халқаро ташкилоти Россияда «қора рўйхат»га киритилди

Россия Бош прокуратураси Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотини «номақбул» деб топди.
РФ Бош прокуратурасининг иддао қилинишича, инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Лондондаги штаб-квартираси «Киев режими иттифоқчилари томонидан молиявий қўллаб-қувватланадиган глобал русофобик лойиҳаларни тайёрлаш марказ» бўлиб, унинг аъзолари «минтақадаги ҳарбий қарама-қаршиликни кучайтириш учун барча имкониятларни, жумладан, Украина неонацистлари жиноятларини оқлаш, уларни молиялаштириш, Россияни сиёсий ва иқтисодий иҳоталашга уриниш кабиларни ишга солмоқдалар».
Идора ахборотида, шунингдек, ташкилот аъзоларига «экстремистик ташкилотларни қўллаб-қувватлаганлик» ва «хорижий агентлар фаолиятини молиялаштирганлик» айбловлари ҳам қўйилади.
Euronews’нинг ёзишича, бу 2022 йилдаги Украинага кенг миқёсли босқиндан кейинги мамлакат ичкарисида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан кучайган репрессияларнинг навбатдаги босқичидир.
Amnesty International ташкилотининг «қора рўйхат»га киритилиши бу мамлакатда унинг фаолияти чекланишини ва у билан ҳамкорлик қилган ёки уни қўллаб-қувватлаганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини англатади.
Маълумот учун, Amnesty International ташкилоти 1961 йилда ташкил топган. Ўшандан бери унинг аъзолари бутун дунёда инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиб келади. Фаоллар қонунбузарликларни ҳисоботларга тўплайди.
Ташкилот, жумладан, Украинадаги уруш давридаги ҳарбий жиноятларни кузатиб боради ва Ғазо секторидаги вазият ҳақида ҳисоботлар чиқаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter