Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ матбуоти Трампни ёлғончига чиқарди

АҚШ матбуоти Трампни ёлғончига чиқарди

АҚШнинг ҳарбий ҳужуми Эрон ядро дастурини йўқ қила олмади. Бу ҳақда АҚШ матбуоти мамлакат хавфсизлик идораларига таяниб хабар берди. Ушбу хабар президент Доналд Трампни дарғазаб қилди. Чунки у сўнгги кунларда Эрон ядро дастури бутунлай йўқ қилинганини таъкидлаб келмоқда.

CNN Пентагон разведка бошқармаси ҳисоботига таяниб ёзишича, Қўшма Штатлар ҳарбийларининг Эрон ядро объектларига ҳужуми  оқибатида ядро дастури бўйича ишлар бир неча ойга ортга сурилган, холос.

Суҳбатдошлар фикрича, бойитилган уран захираси ҳужумлардан аввал хавфсиз жойга кўчирилган. Уранни бойитишни давом эттириш учун зарур бўлган центрифугалар ҳам жиддий зиён кўрмаган. 

Ҳужум оқибатида асосан ер устидаги иншоотлар йўқ қилинган. 

The New York Times газетаси ҳам CNN илгари сурган тахминни тасдиқлаган. Нашр, шу билан бирга, Эрондаги уранни бойитишга ихтисослашган кичик махфий объектлар ҳам дахлсиз қолгани ҳақида ёзган.

Теҳрон яширин объектларни Фордо, Исфаҳон ва Натанздаги иншоотлар йўқ қилинган тақдирда ядро дастурини давом эттириш мақсадида бунёд қилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Bloomberg ҳам Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликдаги манбаларга таяниб шунга яқин хулосани тақдим этганди. Агентликка кўра, АҚШ атайин Исфаҳондаги учта реакторга ҳужум қилмаган.  

Ҳудудда авиазарбалардан кейин радиация миқдори ошиб кетмагани ҳам ядро объектлари жиддий шикастланмагани ҳақидаги тахминни тасдиқлайди. 

Аввал хабар берганимиздек, Қўшма Штатлар 22 июнга ўтар кечаси Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларига зарба берди.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетга кўра,  Фордо объектига ҳар бирининг оғирлиги 13 тоннадан ортиқ бўлган 12-14 та GBU 57 русумли бункер тешувчи бомбалар ташланган. Натанз ва Исфаҳонга эса сувости кемасидан 30 га яқин Tomahawk ракетаси учирилган.

Президент Трамп ҳаво ҳужумидан сўнг Эрон ядро дастури буткул йўқ қилингани ҳақида баёнот берганди. Сўнгги суриштирувлар эса президентнинг даъволарини рад этади.

Ушбу мақолалар чоп этилиши ортидан Трамп СNN ва The New York Times нашрини кескин танқид қилиб, журналистларни “тарихдаги энг муваффақиятли ҳарбий ҳужумлар” ҳақида сохта янгиликлар тарқатишда айблади.  

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ҳам “президентнинг ютуқларини камситаётган” ОАВни қоралади.

“30 футлик 14 та бомбани нишонга ташласангиз, нима рўй беришини ҳамма билади: у буткул вайрон бўлади”, – деган К.Ливитт.

Маълумот ўрнида: АҚШ ҳужуми ортидан Эрон расмийлари ҳам мамлакат ядро дастури жиддий шикастланмагани ҳақида баёнот берганди. 

Ҳозирда аксар таҳлилчилар АҚШ ҳужуми Эрон ядро дастурини йўқ қилган тақдирда ҳам, расмий Теҳрон бундан кейин албатта ядро қуролига эга бўлиш йўлида бор куч-имкониятини ишга солади деган тахминни илгари сурмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг