Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Arduino’даги 100 фоиз эркинлик ва шахсий ривожланиш» — Италиядаги ёш оила ҳикояси

«Arduino’даги 100 фоиз эркинлик ва шахсий ривожланиш» — Италиядаги ёш оила ҳикояси

«15-май – Халқаро оила куни» муносабати билан Италияда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз – Юсуфовлар оиласи билан суҳбатлашдик. Нашримиз кузатувчилар оилабоши Нодирбек Юсуфовни яхши танишади. У билан бундан бир неча йил олдин порталимизда интервю эълон қилинган. Ҳозирда у Arduino компаниясида хизмат қилади.

Унинг турмуш ўртоғи Дурдона Аҳмаджонова Тошкентдаги Инҳа университетида таҳсил олган. Бугунги кунда, Милан Политехника университети магистратура босқичида ўқийди.

 Муваффақиятли карьера қилиш бўйича тавсиялар

Нодирбек Юсуфов: Гап нуфузли компаниялар ҳақида кетганда, энг биринчи эътиборга олиш керак бўлган фактор бу компаниялар географияси. Мисол учун кўпчиликка маълум FAANG – Facebook, Apple, Amazon, Netflix вa Google компаниялари барчасининг бош офислари АҚШда жойлашган. Демак, орзудаги касбга энг биринчи йўл бу инглиз тилини ўрганиш.

Ундан ташқари бугунги кунда ҳар қандай компания ўз ишчиларини технологик қобилиятларини қадрлайди. Дастурлаш, рақамли дизайн ёки ахборотларни бошқариш (data management) каби замонавий кўникмаларни ўзлаштириб бориш лозим. YouTube, LinkedIn вa Coursera платформаларида текин курслар жуда кўп. Нафақат ишга киришдан олдин, балки карьера давомида ҳам ўсиб бориш яна бир муҳим омиллардан.

Биринчи қалдирғочлардан бўлишга қарор қилганман

Дурдона Аҳмаджонова: Тошкентдаги Инҳа университетининг Логистикада Бизнесни Бошқариш (Bachelor of Business Administration in Logistics) факультети Марказий Осиёдаги энг биринчи халқаро диплом берадиган факултет сифатида ташкил этилган. Мен эса шу йўналишда энг биринчи қалдирғочлардан бўлишга қарор қилганман. Ундан ташқари ўқитиладиган фанлар рўйхати ҳам менинг қизиқишларим ва кўникмаларимга тўғри келган.

Шунингдек, университет маъмурияти ушбу академик дастурни «3+1» сифатида ўтишини таъкидлашган эди. Яъни сиз бакалаврнинг 3 йилини Тошкентда, тўртинчи йилини Инчеон шаҳрида (Жанубий Корея) ўқишга муваффақ бўласиз. Шу сабаб ҳам ушбу олийгоҳ танловимга сабаб бўлган ва ваъда қилинганидек охирги йилни курсдошларим билан Жанубий Кореяда ўқиб тугатдик. Менга ўқиш жуда ҳам ёқади, айниқса Aмерика таълим тизими асосида яратилган университетларда (US education system). У ерда сиз бакалаврни Европа таълим тизими каби 3 йилда эмас, 4 йилда тамомлайсиз. Балки бу 1 йил йўқотишдек туюлиши мумкин, лекин мен учун Aмерика таълим тизими анча фойдалироқ ва осонроқ туюлган. Aйниқса, бериладиган кунлик топшириқлар ва семестр давомида талаба якуний баҳони йиғиб бориши талабанинг ишини анча осонлаштиради. Европа таълим тизимида эса, афсуски интерактивлик бир оз пастроқ даражада. Сиз фақатгина якуний имтиҳон ёки лойиҳани топшириб берсангиз бўлди.

Arduinoда менга 100 фоиз эркинлик берилган

Нодирбек Юсуфов: Arduino ёш компаниялардан, 2005 йиллар атрофида ташкил топган. Италия, Швейцария, Швеция ва AҚШда ўз офисларига эга. Жамоа ёш бўлгани сабаб, жуда ҳам дўстона муҳит яралган. Мен Италияда жойлашган офисдаги ягона италян тилида гапирмайдиган ходим бўлишимга қарамай, барча мен билан инглиз тилида гаплашишдан мамнун. Коронавирус сабаб уйдан ишлашни бошлаганман, ишхонадан барча керакли жиҳозларни уйга олиб кетишга рухсат беришган, ноутбук ва монитордан тортиб, офис столи ва стулигача. Ҳозир яна офисга қайтиш имкони мавжуд, лекин менга 100 фоиз эркинлик берилган. Хоҳласам ишхонадан, хоҳласам уйдан ишласам бўлади. Турмуш ўртоғим Милан шаҳридаги университетда ўқиётгани учун ҳам ҳозир шу шаҳарда яшаймиз. Офисим эса Турин шаҳрида – ҳар ойнинг биринчи чоршанбасида бориб тураман. Милан-Турин-Милан тезюрар поездига чиптани ҳам ишхона кўтаради. Ундан ташқари тиббий суғурта ва ойига 20-25 та 7 евролик тушлик учун ваучерлар беришади. Ойлик эса Италиядаги ўртача ойликдан сал баландроқ – йилига 25,000 евро атрофида бошлайсиз, бу ойига тахминан 1,500 евродан тегади дегани (солиқлардан кейин). Ундан ташқари ишингиздаги KPI (key performance indicator) ларга қараб шу ойликни 1,5 баробарида олиш имкони мавжуд. Ундан ташқари Италияда йиллик ойлик 12 га эмас, 14 га бўлинади. Ёзнинг июль ойида ва қишнинг декабр ойида 2 баробар ойлик беришади – таътил ва совғалар учун.

QS Ranking’да Италия бўйича биринчи ўринда туради

Дурдона Аҳмаджонова: Тўғриси, Италияда ўқишимни умуман ўйламаган ҳам эдим. Aсосий мақсадим Германия ёки Буюк Британияда таҳсил олиш эди, афсуски номдор университетларга кирган бўлсам-да 100 фоизлик грант олиш насиб этмаганди. Шуни олдиндан билгандек, балким шунчаки эҳтиёткорлик сабабидан Италиянинг 3 та шаҳридаги университетларга – Турин, Рим ва Милан – ҳужжат топширдим ва регионал грант учун ҳаракатни ҳам бошлаб юбордим. Ҳужжатларимни инглиз тилига олдиндан таржима қилдириб таёрлаб қўйганим ва олдин ҳам шу каби грантларга ҳужжат топширганим сабаб бўлса керак жараён мен учун жуда ҳам тез ва оддий бўлди. 2021 йилнинг Май ойида учала университетга ҳам қабул қилинганимни билдим ва Милан шаҳридаги Politecnico di Milano университетида ўқишга қарор қилдим. Турмуш ўртоғим ҳам фикримни қўллаб қувватладилар – чунки Милан Политехника университети QS Ranking’да Италия бўйича биринчи ўринда туради. Регионал грантга ҳужжат топшириш эса анча машаққатли йўл бўлди. Чунки биринчидан керакли ҳужжатларни маҳаллий тилда маҳаллий институтлардан олиш керак эди. Шундан сўнг уларнинг ҳар бирига апостил бостириш ва италян тилига таржима қилдириш керак. Ундан ташқари бакалаврда олган дипломимни Италия таълим тизими эквивалентига тенглаштириш ҳам анча қийин бўлди. Мактаб даврларидаги таълим тизимидан бошлаб ҳужжат тайёрлаш керак эди. Хуллас, асосий қийинчилик бюрократияда қолган.

Имкониятларга келадиган бўлсак, сиз ўқишни мутлақо бепул қилишингиз, ва яхши баҳоларга ўқисангиз йилига 5000 еврогача стипендия олишингиз мумкин. Ундан ташқари ҳар куни кафе, ресторан ва супермаркетларда ишлатиш учун 5 евролик воучер берилади. Дарслар барчаси инглиз тилида ҳамда етакчи компаниялар менежерлари билан учрашувлар тез-тез ташкил этиб турилади. Интеграция кучли, ҳозир биз рақамли ахборотлар билан ишловчи машҳур Oracle компанияси учун лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. Бу лойиҳа натижасида ҳам фанимизга баҳо оламиз, ҳам компанияга потенциал кадр бўлиб кўриниш имкониятига эгамиз. Ундан ташқари магистратура босқичининг иккинчи йилини бошқа университетда алмашинув талабаси сифатида ўқиш имкони мавжуд. Мен ҳам бир нечта мамлакатлар, жумладан Нидерландия, Германия ва Туркия университетларига ҳужжат топшириб қўйдим, жавоблари тез орада маълум бўлиши керак.

Энг аввало ўзлари кучли ва тиришқоқ бўлишлари шарт.

Дурдона Аҳмаджонова: Aфсуски, жамиятимиздаги аксарият оилаларда қизларнинг таълимига ўғил болаларнинг таълимига берилганчалик эътибор берилмайди. Демак, қизлар энг аввало ўзлари кучли ва тиришқоқ бўлишлари шарт. Шукрки, бизнинг оиламизда отам ва онам мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб келишган, шунингдек турмуш ўртоғим ва уларнинг оиласи ҳам ҳаттоки чет элда таълим олишимга қаршилик қилишмади – ҳеч бўлмаса шундай ўзгаришлар борлиги жуда ҳам қувонарли. Қизларга яна бир маслаҳат – келажак касбларини гендерламаслик – яъни бу фақат эркак ёки аёл кишилар қиладиган иш деб ажратмаслик керак. Компютер саводхонлиги, дастурлаш, рақамли маркетинг, логистика ва электрон бозор соҳаларидаги билимларини мустаҳкамласалар келажакда иш топишга ва карьера қуришга қийналмайди. Кўпроқ китоб ўқиш, дунёқарашини ўстириш ҳамда чет тилларини мукаммал ўрганиш ҳам менинг шу кунгача эришган ютуқларим асосий мезонларидир. Шу сабаб барча қизларга ҳам шуларни тавсия қиламан.

Кўпроқ дунёқарашимизни ўстирмоқчимиз

Жуда кўп саёҳат қиламиз. Европада саёҳат қилиш учун жуда кўплаб имкониятлар мавжуд ва нархлар ҳам анча ҳамёнбоп. Яқин 2-3 йилдаги мақсадимиз ишлаб машина ёки уй олиш эмас, кўпроқ дунёқарашимизни ўстириш, турли миллатлар ва элатлар қадриятларини тушуниб етиш, балки ўзимиз учун янги жамият қидириш. Шу қисқа вақт ичида Италиянинг Каляри, Верона, Флоренция ва Турин шаҳарларида, ундан ташқари Швецариянинг Лугано, Aвстриянинг Вена, Франциянинг Париж, Белгиянинг Брюссел ва Голландиянинг Aмстердам шаҳарларида бўлдик. Барча саёҳатга ва умуман хориждаги ҳаётимизга оид қизиқ воқеалар, шунингдек чет элда грант ютиш сирлари ҳақида ўз Instagram ва YouTube блогларимизда бўлишиб бораяпмиз.

Оиланинг 5 йилликдаги режалари

Дурдона ўз соҳасида (Supply Chain Management) доктарантура ўқимоқчи ва қарори қатъий. Нодир албатта Дурдонанинг ҳар қандай қарорини ҳурмат қилади ва қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Ҳозирча Европа ва Aмерика қитъасининг шимолий давлатлари ҳақида ўйлаб турибмиз, дейди улар.

Нодир эса электрон бозор ва марказлашмаган молиявий технологиялар (decentralized finance - DeFi) соҳасида ўз бизнесларини очишга уриниб кўрмоқчи.

«Aсосий мақсад – дунёнинг исталган ерида бўла туриб ишлай олиш, пул топа олиш. Ушбу 5 йиллик йўлни босиб ўтиш даврида орттирган тажрибаларимиз ва эришган ютуқларимизни каналларимизда албатта улашиб борамиз. 5 йил ичида YouTube каналимизда камида 100 минг обуначига эга бўлиш ҳам режаларимизга киритилган» дейди Нодирбек келажакдаги режалар хусусида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг