Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арманистонда ҳокимиятни эгаллашга уринган гуруҳ ушланди

Арманистонда ҳокимиятни эгаллашга уринган гуруҳ ушланди

Арманистонда ҳокимиятни эгаллашга интилган “Муқаддас кураш” ҳаракати аъзоларига нисбатан жиноий иш очилди.

Тергов маълумотларига кўра, улар террорчилик хуружларини амалга ошириш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўришган.

Жиноий иш доирасида мамлакат полицияси ва Тергов қўмитаси 90 дан ортиқ тинтув ўтказди ва 14 кишини қўлга олди, дея хабар берди Арманистон Тергов қўмитаси матбуот хизмати. 

Тинтувлар давомида ўқотар қуроллар, операция режалари, чақирилувчилар рўйхати, портловчи моддалар, тутунли гранаталар, гуруҳнинг ноқонуний фаолияти батафсил тавсифланган ҳужжатлар ва бошқа “инкор этиб бўлмайдиган далиллар” топилди. 

Тергов қўмитасининг қўшимча қилишича, 16 кишига нисбатан жиноий иш очилган. Ҳибсга олинганлар орасида “Муқаддас кураш” мухолифат ҳаракати етакчиси, архиепископ Баграт Галстанян ҳам бор. Тинтувлар унинг уйида, тарафдорлари ва бошқа мухолифатчиларнинг уйларида ўтказилган. Улар орасида Арманистон, Дашнактцутюн, Эчмиадзин фракциялари депутатлари ва “Муқаддас кураш” тарафдорлари бор. 

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳуқуқ-тартибот идоралари “жиноий олигархик руҳонийлар”нинг мамлакатни беқарорлаштиришга қаратилган “кенг кўламли ва машъум” режасини барбод қилганини айтди.

Ўтган баҳорда Баграт Галстанян ҳукуматга қарши кенг кўламли норозилик намойишларига бошчилик қилган ва бош вазир лавозимини эгаллашга тайёрлигини билдирган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг